Спорт | 21:35 / 09.06.2021
7505
7 дақиқада ўқилади

Евро-2020 олдидан: Бельгия турнирга қай даража тайёр?

Навбат Бельгияга етиб келди. Европа чемпионатининг энг кучли жамоаларидан бири. Улар чемпионликка даъвогарлар орасида ҳам фаворит ҳисобланади. Бельгия футболи учун «олтин давр» ҳеч қандай титулларсиз якунланиши адолатдан бўлмайди. 10 йиллар аввал бошланган дунё миллий жамоалари орасидаги гегемонлик чемпионлик кубокларига уланадиган пайт келмадими?!

Фото: Getty Images

Футболда тажриба деган аспектни баъзилар қабул қилишни ёқтирмайди. Аммо тажриба бўлганида «қизил иблислар» аллақачон ўзлари қатнашган бирорта мусобақани ютиши керак эди-ку! Мана энди ушбу жамоа олдида 3та катта турнир ғолиблиги учун реал имкониятлар мавжуд. Миллатлар лигасида яримфинал йўлланмаси нақд қилиб қўйилган. Европа чемпионатида улар энг асосий фаворитлардан. Келгуси йилда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатигача жамоа ёшлари ҳам анчагина тажриба тўплаб олади.

Биз бугун «қизил иблислар»нинг Европа биринчилигидаги имкониятларини муҳокама қиламиз. Хўш, Бельгиянинг чизиқлар аро энг яхши футболчилари кимлар?

Дарвозабон: Тибо Куртуа

«Реал»даги илк омадсиз мавсумдан сўнг, Куртуа анча ўзига келиб қолди. Азалдан яхши дарвозабон ҳисобланган Тибонинг «қаймоқранглилар» таркибида бу қадар муваффақиятсиз старт олишини ҳеч ким кутмаганди. Аммо ҳозирда барчаси ўз изига тушиб кетган. Зидан унга ишонишда давом этди, Куртуадаги потенциални кўра билди.

2018 йилда миллий жамоа билан жаҳон чемпионатида кўрсатган ўйини туфайли Куртуа йилнинг энг яхши дарвозабони унвонини қўлга киритганди. Якунига етган мавсумда 29 ёшли дарвозабон барча турнирларда 51та ўйинда майдонга тушиб, 21та «қуруқ ўйин»ни ўз ҳисобига ёздириб қўйди.

Ҳимоя чизиғи: Тоби Алдервейрелд

«Тоттенҳэм» ҳимоячиси Компани жамоани тарк этганидан сўнг, клубдаги жамоадоши Ян Вертонген билан яхши тандем ҳосил қилди. Бугунги кунда унинг шериги «Бенфика»да тўп тепмоқда, ёши ҳам анчайин ўтиб қолди. Бу Роберто Мартинесни хавотирга соладиган нарса эмас. Сабаби, Жейсон Денайер ҳам бор. Хуллас, мудофаа марказида етакчилик Тобининг қўлига ўтган.

«Шпорлар» мудофаасининг асосий вакили ҳисобланган Алдервейрелдда етакчилик хусусиятлари яхши шаклланган. Жисмоний имкониятлар ва тезлик масаласида ҳам у каби сифатли ҳимоячиларни топиш мушкул.

Яримҳимоя: Кевин Де Брюйне

«Манчестер Сити»нинг бебаҳо футболчиси Чемпионлар лигаси финалидаги аламларини Европа чемпионатида чиқариб олишига имкон бор. Унинг бурни операция қилинди. Балки, Мартинес унга ноқулайлик туғдирмаслик мақсадида, дастлабки турлар ва ҳатто гуруҳ босқичида ҳам захирада сақлаши мумкин.

Иккала оёқда ҳам бирдек кучли зарба бера олувчи ва кесувчи паслар устаси ҳисобланган Кевиндан плей-офф босқичида рақиблари эҳтиёт бўлиши талаб этилади. Уларга бу ҳақда эслатишимизнинг кераги йўқ. Бельгиянинг рақиблари қаршисида «Олтин тўп»га даъвогар футболчи турганини яхши билишади.

Сўнгги 4 йил ичида Де Брюйне 36та аниқ узун пасни ижро этди. Ҳаволатиб узатиладиган тўпларни ҳимоячилар осонлик билан қайтариб юборишларини яхши биласиз. Шунингдек, бундай тўпларни тўхтатиб олиш ҳужумчилар учун ҳам қийин. Фақат узатмани Де Брюйне амалга оширмаган бўлса... Ушбу вақт мобайнида у жами 43та ассистни ҳам ўз ҳисобига ёздириб қўйган.

Ҳужум: Ромелу Лукаку

Франция, Германия, Англия ва Испания каби Европа чемпионати фаворитларини энг кўп ўйлантираётган масала Лукакуни қандай тўхтатиб қолиш бўлса ажабмас. 28 ёшли ҳужумчи «Интер»да ўзининг янгидан-янги қирраларини намойиш этмоқда. Мавсум якунларига кўра, А Серия чемпиони ва лига тўпурари бўлган голеадор таркибда экан, Мартинес қўрқмаса ҳам бўлади.

Улкан жисмоний имконияти билан ҳар қандай «гигант» ҳимоячини доғда қолдириши мумкин бўлган Ромелуда тезлик ҳам анча яхши даражада. Бугун дунё футболида рақиб дарвозасига тескари турган ҳолда тўпни қабул қилиб, бир ўзи ҳимоячилар билан елкама-елка курашиб, голгача борадиган ҳужумчилар кам. Бир пайтлар бразилиялик Адриано айнан мана шундай ўйини орқали ном қозонганди. Лукаку Миланга бекорга келмаган кўринади. Балки бразилиялик афсона унинг кумири бўлгандир...

Мураббий ва унинг тактикаси

Роберто Мартинес клублар миқёсидаги катта натижалари билан мақтана олмайди. «Эвертон»даги ўртамиёна фаолиятидан сўнг, Бельгия миллий жамоасида ишлай бошлади. Ушбу жамоани бошқаришни бошлаганда, кўпчилик унинг фаолияти узоққа бормаслигини тахмин қилганди. Йўқ, испаниялик мураббий жамоага тўлиқ мос келди. Энг муҳими, уларга ғолиблик менталитети ва ўз кучига бўлган ишончни тақдим этди.

Инглиз футболида тажриба оширган испан мураббийи Бельгия билан Европа чемпионатини ютишга ҳаракат қилиб кўради. Дарҳақиқат, у бошчилик қилаётган «қизил иблислар» ўйинида ҳам инглиз, ҳам испан футболи унсурларини кўрамиз.

Қанотлардаги техник маҳорати юқори футболчилардан оқилона фойдаланиши Испания футболидан олинган. Марказий ҳужумчилар ва марказий ярим ҳимоячиларнинг фаоллиги ва жисмоний кучга таяниши жиҳатидан инглиз футболини ёдимизга солади.

4-5-1 тактикаси Роберто Мартинеснинг энг кўп қўллайдиган тактик схемаси. Миллатлар лигаси ўйинларида испан мураббийи 3-5-2ни ҳам синовдан ўтказиб олди. Тимоти Кастань ва Тома Менье каби ҳужумга осон қўшиладиган қанот ҳимоячилари билан ўйиннинг ўзида тактик схемаларни ўзгартириш осон кечади. Ҳужумкорлик зарур бўлиб қолган тақдирда, Карраско ва Азарни қанотларда ўйнатиш ҳам мумкин. Ҳимоя 3та марказий фулбекларга қолади. Таянч зонасида ўйновчи Дендонкер ва Тилеманс каби футболчилар мудофаада ёрдам бера олади.

Рақамлар

Саралаш босқичида Бельгияга қаршилик қиладиган куч топилмади. Жамоа ўзининг барча учрашувларини ғалаба билан якунлади ва рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмади. 10та ўйинда 40та гол ва 3та ўтказиб юборилган тўп. Гуруҳдаги рақиблар орасида Европа чемпионати иштирокчилари Россия ва Шотландия ҳам бўлганди…

Миллатлар лигасида Англия билан бир гуруҳдан жой олган Мартинес шогирдлари плей-офф йўлланмасини қўлга киритишга муваффақ бўлди. Биргина учрашувда инглизларга имконият бой берилди. Маунтнинг супер голи ёдингиздан кўтарилмаган бўлса керак?!

Қуръа Евро-2020 гуруҳ босқичида ҳам уларга Россияни рақиб қилди. Гуруҳдаги асосий рақобатчилардан яна бири Миллатлар лигасида улар билан бир гуруҳда ўйнаган Дания бўлади. Шундан келиб чиққан ҳолда, Бельгия учун ҳақиқий жанг плей-оффда бошланади, дейишимиз мумкин.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Мавзуга оид