Ўзбекистон | 15:14 / 10.06.2021
20391
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Тожикистон шаҳарлари ўртасидаги ҳаво қатновларини кенгайтириб, автобус қатновларини тиклашни таклиф этди

Душанбедаги «Қасри Миллат» қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттиришди. 

Музокараларда расмий делегациялар аъзолари, икки мамлакат вазирликлари ва йирик компаниялари, чегарадош вилоятлар раҳбарлари иштирок этди.

Президент Шавкат Мирзиёев товар айирбошлашдаги ижобий суръатга қарамай, келгуси йилда уни икки баробарга кўпайтириш муҳим эканини таъкидлади.

«Шу мақсадда эркин савдо режимидан истисноларни бекор қилиш ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш масалаларини келишишни тез фурсатда якунлаш муҳим», дея таъкидлади Ўзбекистон президенти.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон томони икки мамлакат ҳудудлари ва етакчи корхоналарининг саноат кооперациясини кенгайтиришдан манфаатдорлигини қайд этди.

«Муваффақиятли ҳамкорликнинг реал мисоллари ва истиқболга мўлжалланган аниқ режалар мавжуд. Бу ҳақда сўз юритганда, Ўзбекистон автомобилларини йиғишни ташкил этиш, замонавий трансформаторлар ва қишлоқ хўжалиги ускуналарини ишлаб чиқариш, маиший техника ва қурилиш материаллари, калава ип ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, мамлакатларимиздаги бошқа қўшма лойиҳаларни тилга олиш лозим», деди Шавкат Мирзиёев.

Шу муносабат билан ташкил этилган қўшма инвестиция компанияси фаолиятини илғор хорижий тажриба асосида самарали йўлга қўйиш ҳамда унинг имкониятларидан лойиҳаларни илгари суришда максимал даражада фойдаланиш зарурлиги қайд этилган.

Kun.uz мухбири хабар беришича, учрашувда транспорт ва транзит ташишлар соҳасидаги ҳамкорлик ҳам стратегик йўналиш эканига эътибор қаратилган, Ўзбекистон президенти икки мамлакат транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шаҳарлар ўртасидаги ҳаво қатновларини кенгайтириш ва автобус қатновларини тиклашни таклиф этган.

Шавкат Мирзиёев икки мамлакат вилоятлари ва туманлари кесимида тўғридан тўғри тизимли мулоқотни йўлга қўйиш муҳим эканини таъкидлаган.

Хатлон вилоятининг Бохтар шаҳрида ўтган биринчи Ҳудудлараро форум бундай шаклдаги ҳамкорликнинг самарадорлигини исботлагани айтиб ўтилган.

«Масалаларни тезкор ҳал қилиш учун ҳудудлар раҳбарлари изчил “ҳаракатлар режалари”ни келишиб олишлари ва ҳар ой камида бир марта жойларда учрашувлар ўтказиб боришлари лозим», дея қайд этган Ўзбекистон раҳбари.

Икки мамлакатнинг улкан гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва сувдан фойдаланиш масалалари бўйича конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни давом эттириш масалалари муҳокама қилинган.

Мавзуга оид