Ўзбекистон | 09:20 / 11.06.2021
2293
2 дақиқада ўқилади

5 000 доллар пулларни ўзлаштирган фирибгарлар қўлга тушди

Марғилон шаҳрида табиий газ тармоғи ўтказиб бериш мақсадида аҳолидан йиғилган пулларни ўзлаштириб юборган фирибгарлар қўлга тушди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Марғилон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро Р.Х. «Марғилоншаҳаргаз» филиали ходимлари А.В. ва Ш.А. билан олдиндан тил бириктириб, 2020 йил ноябрь ойида шаҳардаги «Ипак йўли» МФЙда янги газ тармоғига улатиб беришни ваъда қилишади.
 
Улар аҳолидан жами 5000 АҚШ доллари миқдорида пулларни йиғиб олиб, газ тармоғига уламасдан, пулларни қайтармай келаётгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Ёзёвон тумани ҳокимлиги захирасига қайтарилган 133,5 гектар ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали фермер хўжалигига қайтариб олиб бериш эвазига хўжалик раҳбаридан 500 АҚШ долларини олган фуқаро қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид