Ўзбекистон Тожикистонга замонавий шифохона қуриб берди. Тожикистон Ургутда мактаб очди
Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи давомида Хатлон вилоятининг Қубодиён туманида Ўзбекистон томонидан қурилган 250 ўринли кўп тармоқли шифохона тантанали очилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Тожикистон президентининг таклифига биноан Душанбеда бўлиб турибди. Ташриф давомида давлат раҳбарига кўплаб вазирлар ва марказий идоралар ҳамда икки вилоят ҳокимидан иборат делегация ҳамроҳлик қилмоқда.
Душанбеда ўтаётган тадбирлар орасида Kun.uz мухбири Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев билан суҳбатлашди.
«Бугун Хатлон вилоятининг Қубодиён туманидаги тиббиёт мажмуаси тантанали тарзда очиб берилди. Бу мажмуа Ўзбекистон томонидан қурилган. 250 ўринли замонавий кўп тармоқли шифохона йилига 75 мингдан ортиқ беморга хизмат кўрсатиш имкониятига эга.
Шунингдек, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида Тожикистон ҳукумати томонидан мактаб қуриб битказилди ва бугун фойдаланишга топширилди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу лойиҳалар ўзаро муносабатлардаги ривожланиш реал ҳаракатлар, ҳаётга татбиқ этилган ижтимоий объектларда ўз аксини топяпти», – дейди вазир.
Абдуҳаким Ҳожибоев Ўзбекистон ва Тожикистоннинг тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлиги ҳақида ҳам тўхталди.
«Икки давлат соғлиқни сақлаш тизимлари орасидаги ҳамкорликнинг аҳамияти шундаки, афсуски, кўплаб касалликлар чегара танламайди. Буни айниқса коронавирус пандемияси яққол кўрсатиб қўйди. Биз эса Тожикистон билан бевосита қўшнимиз. Ҳудудий умумий касалликлар бор ва уларга қарши курашда ҳамжиҳатлик зарур. Ҳамкасбим Жамолиддин Абдуллозода жаноблари билан бу масалаларни атрофлича муҳокама қилдик.
Муҳими, ҳали пандемия чекингани йўқ ва икки томонлама саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириб туриш жуда муҳим масала», – таъкидлади ССВ раҳбари.
Мавзуга оид
16:34 / 17.11.2024
Болалар омбудсмани ёш болалар хивчин билан савалангани акс этган видеога муносабат билдирди
12:26 / 15.11.2024
Роғун ГЭСдаги авария оқибатида 3 киши ҳалок бўлди
19:32 / 31.10.2024
Тожикистон президенти ижтимоий тармоқлардаги «лайк» учун одамларни таъқиб қилмасликни талаб этди
14:16 / 31.10.2024