Жаҳон | 22:59 / 14.06.2021
8937
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко уруш ҳолатига беларусларни қурол қўллай олишга ўргатиш лозимлигини айтди

Фото: belta.by

Беларусь президенти Александр Лукашенко аҳолини ўқотар қурол қўллаш малакаларига ўргатиш лозим деб ҳисобламоқда. У буни «шу каби малакаларни оғир даврларда жанг майдонида ўрганишга тўғри келмаслиги учун» талабалардан бошлашга чақирган. Лукашенко бу ташаббусини «дунё ақлдан озаётгани ва уруш дунёнинг исталган бурчагида бошланиши мумкинлиги» билан тушунтирган.

Беларусь раҳбари бу ҳақда «Устье» ишлаб чиқариш-техник кластерига ташрифи вақтида айтган. У бу ерда ракеталар ва ўқотар қуроллар учун ўқ-дорилар ишлаб чиқарилиши билан танишган.  

«Ким эртага жанг қилмаслигимизни кафолатлай олади? Ҳеч ким, мен ҳам ёки бошқа биров ҳам. Дунё умуман ақлдан озган. Уруш дунёнинг исталган бурчагида исталган вақт бошланиши мумкин. Тангри сақласин, бизда бўлмасин», деб айтган Лукашенко.

У беларусларни ўқотар қурол қўллаш малакаларига ўргатиш муҳимлигини таъкидлаб ўтган. Лукашенко қуролли кучларда тайёргарликдан ўтадиганларда бундай малакалар борлигини, бироқ кўпчилик ҳарбий хизматга чақирилмаслигини айтган. «Талабалар ва бошқаларни ўқотар қурол қўллаш – автоматни сочиб-йиғишга, ундан отишга ўргатсак қандай бўларкин? Уни қўллашни билишлари ва оғир даврларда жанг майдонида буни ўрганишларига тўғри келмаслиги учун», деб изоҳлаган ўз ташаббусини Беларусь етакчиси.

Июнь бошида Лукашенко Беларусь ўз ўқотар қуролини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши зарурлигини айтган. У Россияни бунга мисол қилиб кўрсатган.

Мавзуга оид