Жамият | 21:04 / 14.06.2021
2588
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда ўғирланган қорамолларни «Нексия-3»га ортиб кетадиган шахслар ушланди

Фото: Видеодан кадр

Самарқанд вилоятида икки нафар шахс эгалари томонидан ўтлатиш учун йўл четига боғлаб қўйилган бир нечта қорамолни ўғирлаб «Нексия-3»га ортиб кетган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 20 май куни икки нафар шахс Оқдарё тумани «Янгиобод» МФЙга қарашли Ўртақишлоқ қишлоғида эгаси томонидан ўтлатиш учун йўл четига боғлаб қўйилган қорамолни ўғирлаб «Нексия-3»га ортиб кетган. Орадан 4 кун ўтиб, 24 май куни улар Оқдарё туманига яна қайтиб келиб, «Янгиравот» МФЙга қарашли Уклон қишлоғида йўл четига боғлаб қўйилган қорамолни «Нексия-3»га ортиб олиб кетмоқчи бўлишган. Қишлоқ йигитлари уларни кўриб қолгач, буқани ташлаб қочишган.

Қайд этилишича, 25 май куни улар Оқдарё тумани «Оқдарё» МФЙга қарашли Довлон қишлоғидан навбатдаги қорамолни «Нексия-3»га ортиб кетган. Шундан сўнг ички ишлар ходимлари томонидан олиб борилган тезкор қидирувда улар ушланган.

Таъкидланишича, 2021 йил 26 май куни фуқаролар Д.А. ва Д.С.га нисбатан Оқдарё тумани ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноий иш қўзғатилиб, улар эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид