Ўзбекистон | 15:46 / 15.06.2021
9069
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда аёллар ҳуқуқлари бўйича халқаро форум бошланди

Бугун, 15 июнь куни Тошкентда хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтиришга бағишланган халқаро бизнес-форум бўлиб ўтмоқда.

Унда 6та мамлакатдан юздан ортиқ аёллар иштирок этяпти.

Расмий релизга кўра, форум иштирокчилари – гендер тенглигини таъминлаш мақсадида сифатли ўзгаришларни тарғиб қилаётган лидер аёллардир.

Республика гендер комиссияси аъзоси Саида Мирзиёеванинг қайд этишича, аёллар иқтисодий ривожланишда нафақат иштирок этиши мумкин, балки иштирок этиши шарт. Шундагина мамлакатда бойлик ва фаровонлик сари ҳаракат бўлади, дейди у.

«Форумнинг вазифаси – эркаклар билан тенг ҳуқуқларга эга бўлиш учун биргаликда ишлашга ва курашишга тайёрлигимизни яна бир бор намойиш этишдан иборат. Энг асосийси, кўплаб муаммоларни кўтариб, уларнинг ечимлари борасида таклифларимизни беришдир.

Форумда таълим, бизнес, сиёсат, болалар тарбияси, молиявий мустақиллик, самарали минтақалараро савдо ва халқаро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилмоқда.

Бизнинг муштарак муаммоларимиз жуда кўп, шу боис бу йўлдан ёлғиз юра олмаймиз», – деди Саида Мирзиёева.

Мавзуга оид