Жамият | 13:38 / 17.06.2021
1503
2 дақиқада ўқилади

Бухорода ҳамшираликка ишга жойлаштиришни ваъда бериб 1700 доллар олган шахс ушланди

Иллюстратив фото

Бухоро шаҳрида ҳамшираликка ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилиб, фирибгарлик йўли билан 1700 АҚШ долларини олган шахс қўлга олинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бухоро вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Бухоро шаҳрида яшовчи, 1994 йилда туғилган Б.М. фирибгарлик устида қўлга олинган.

Қайд этилишича, мазкур аёл вилоят кўп тармоқли касалхонаси олдида бир фуқарони алдаб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига ҳамширалик вазифасига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда бериб, ундан 1700 долларни олаётган вақтда ушланган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «б» банди ва 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид