Спорт | 14:05 / 17.06.2021
21324
10 дақиқада ўқилади

Евро-2020. Италия янги тарих ёзмоқда, Уэльс ҳам плей-оффда

Роберто Манчини бандасининг навбатдаги қурбони Швейцария бўлди.

Евро-2020. А гуруҳи
Италия — Швейцария — 3:0 (1:0)
Голлар: Локателли, 26 (1:0). Локателли, 52 (2:0). Иммобиле, 89 (3:0).
Италия: Доннарумма, Ди Лоренцо, Бонуччи, Кьеллини (Ачерби, 24), Спинаццола, Барелла (Кристанте, 87), Жоржиньо, Локателли (Пессина, 86), Берарди (Толой, 69), Иммобиле, Инсинье (Кьеза, 69).
Швейцария: Зоммер, Аканжи, Элведи, Шер (Цубер, 57), Мбабу (Видмер, 58), Чака, Фройлер (Соу, 84), Шақири (Варгас, 76), Родригес, Эмболо, Сеферович (Гавранович, 46).
Огоҳлантиришлар: Гавранович, 49. Эмболо, 79.
Ҳакамлар: Карасев. Демешко, Гаврилин (барчаси — Россия)
ВАР: Данкерт. Гиттельманн, Фриц (барчаси — Германия), Гиль (Польша).
16 июнь. Рим. Олимпийский стадиони. 12445 томошабин.

Фаворитлар одатда ўйиндан ўйинга кучайиб, плей-оффдаги ҳал қилувчи ўйинларда ўз имкониятларини тўлиқ ишга сола бошлайди. Аммо Италия биринчи турданоқ ўз мақсадларини намойиш эта бошлади. 2018 йилги жаҳон чемпионатини ўтказиб юборган итальянлар Роберто Манчини бошқаруви даврида юқори спорт формасига чиқишди. «Скуадра адзурра» 29 ўйиндан буён мағлубият билмай келмоқда, сўнгги 10 ўйинда эса дарвозалари дахлсизлигини сақлаган ҳолда ғалабага эришди – «Сити»нинг собиқ бош мураббийи итальянлар футболи фалсафасини бутунлай ўзгартирди, унинг даврида Италия «катеначчо»ни унутди.

Манчини шогирдлари катта умидлар билан Европа чемпионатига келган Туркияни биринчи турдаёқ умидсиз ҳолатга туширишди. Биринчи бўлимда юқори прессинг билан рақибга ўйин бермаган жамоа иккинчи бўлимда қаторлаштириб гол урди - 3:0.

Янги авлоди билан бу турнирда узоққа бориши тахмин қилинган  турклар иккинчи турда ҳам мағлубият аламини тотишди - Гарет Бэйлнинг голли паслари эвазига 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган Уэльс амалда Евро-2020 плей-оффига чиқди. Нимчорак финалга йўлланма олиш учун 4 очко ҳам кифоя қилади, уэльсликлар гуруҳда учинчи бўлиб қолишса ҳам энг яхши учинчи ўрин эгалари қаторига киришади. Ўтган сафарги Европа чемпионати якунида ғолибликни қўлга киритган Португалияга гуруҳдан чиқиш учун 3 очко ҳам етарли бўлганди.

Кўп ўтмай Италия расман плей-офф масаласини ҳал қилди.

«Скуадра адзурра»нинг ажойиб стартидан кейинги ўйинини кўриш қизиқ эди. Туркия қаторасига икки мағлубиятдан кейин аслида у қадар кучли жамоа эмаслиги кўриниб қолди. Бундан ташқари, илк ўйиндаёқ улкан муваффақиятдан кейин жамоа ҳаяжонларини босиб олиши керак эди, ахир Манчини ва Ко бунга ҳали ўрганмаган — бу таркиб учун бу илк катта турнир.

Айниқса Швейцария қаршисида — улар Евро-2020га қадар уч марта жаҳон ва қитъа чемпионатларида иштирок этиб, уч сафар ҳам плей-оффга чиқишган. Бундан ташқари, «адзурри» шимоллик қўшниларини 2003 йилдан буён мағлуб этишмаганди. Аммо бу Италия янги тарих ёзмоқда — жамоа ўйини ҳайратомуз.

Стартдаги 4-3-3 схемаси тўпга эгалик қилинганда 3-2-5га трансформация бўлмоқда (70-дақиқадан бошлаб, ҳисоб керакли кўринишга келганида Манчини 3-5-2 схемасини қўллади).

Спинаццола чап қанотда истаганини қилмоқда, рақиб дарвозаси олдигача боришдан тап тортмаяпти.

Берарди афсонавий Арриго Сакки уни бежиз Италия футболидаги энг истеъдодли футболчи деб атамаганини бутун дунёга исботлашда давом этмоқда.

Инсинье, эҳтимол, олдинги чизиқда кутилганидек ёрқин кўринмаётгандир, аммо орқароқда қора ишларни қунт билан бажармоқда.

Доннарумма, клубдагидан фарқли ўлароқ терма жамоада бутунлай бошқача иштиёқ билан дарвозани қўриқламоқда.

Иммобиле яна гол уриб, фақат «Лацио» учун эмас, балки юқори даражаларда ҳам голлар қалаштиришга тайёр эканини намойиш этмоқда.

Албатта, Локателлининг ўйинини ҳам эътироф этиш керак. Беш йил муқаддам у «Милан»да порлаган, аммо ёрқин стартдан кейин тез сўнган (россонери ҳам ўша даврда ёш талантлар ўсиши учун энг яхши жой эмасди). У «Сассуоло»да, Роберто Де Дзерби қўли остида фаолиятини тиклай олди, мураббий ушбу яримҳимоячига тўла ишонч билдирди ва унга эркинлик берди. Верраттининг жароҳати Локателлига Италия термасида бошланғич таркиб учун йўл очди, у ўз имкониятидан фойдаланди. Швейцарияга қарши ўйинда майдоннинг иккинчи қисмида туриб «Сассуоло»даги жамоадоши Берардини ўнг қанотдан олдинга бошлади ва 50 метр масофани бир зумда босиб ўтиб, унинг қайтарган пасига етиб бориб, ҳисобни очди.

Айтиш мумкинки, ушбу ўйинда италияликлар орасида Евродаги ўйинлар сони бўйича рекорд қайд этиб (14 ўйин), ўйин бошида қоида бузиб бўлса ҳам гол урган Кьеллини кейинроқ жароҳатланиши Италия фойдасига хизмат қилди. Евро старти арафасида кўпчилик Манчини ҳимоя марказини туринликлар жамоасининг кексайиб қолган футболчиларига ишониб хато қилаётгани ҳақида айтишганди — энди бу позицияда янги жуфтлик ҳаракат қилиши мумкин.

Иккинчи бўлим бошида Локателли дублни расмийлаштирди, ўйин якунида Иммобиле ўйиндаги якуний ҳисобни ўрнатди. Қаторасига иккинчи бор 3:0 ҳисобидаги ғалаба, ҳолбуки Евро-2020гача «адзурри» Европа чемпионатларида бирор ўйинда уч гол урмаган, биттадан ортиқ гол урилган ғалабали ўйинларда фақат 2:0 ёки 2:1 ҳисобларида ғалаба қозонилган. Жамоа мағлубиятсиз сериясини 29 ўйинга етказди (+24=5). Охирги 10 ўйинда қуруқ серия қайд этилди - барчасида дарвоза дахлсизлиги сақланган ҳолда ғалаба қозонилган. Статистика бир вақтнинг ўзида ҳам қўрқитади, ҳам завқлантиради. Италияни плей-оффда кўриш яна ҳам қизиқроқ, уларнинг масъулияти янада ошади ва янада жон-жаҳди билан ўйнашади.

Бэйл Уэльсни плей-оффга олиб чиқди: у икки голни уюштирди, пенальтини ура олмаган бўлса-да, Туркияга қарши ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлди

Европа чемпионати. A гуруҳи
Туркия — Уэльс — 0:2 (0:1)
Голлар: Рэмси, 43 (0:1). К.Робертс, 90+5 (0:2).
Аниқ ижро этилмаган пенальти: Бэйл, 61 (хато).
Туркия: Угуржан Чақир, Каан Ойхон, Чағлар Суюнчи, Зеки Челик, Умут Мераш (Мерт Мулдур, 73), Тўфон (Мерих Демирал, 46), Ҳоқон Чалхонўғли, Окай Йокушлу (Юсуф Язижи, 46), Буроқ Йилмаз, Кенан Караман (Халил Дарвишўғли, 75), Денгиз Ундер (Ирфан Қаҳвачи, 83).
Уэльс: Уорд, Б.Дэвис, К.Робертс, Родон, Мефам, Рэмси (Уилсон, 85), Аллен (Ампаду, 73), Жеймс (Н.Уильямс, 90+4), Моррелл, Бэйл, Мур.
Огоҳлантиришлар: Б.Дэвис, 90+2. Мефам, 90+2. Буроқ Йилмаз, 90+2. Ҳоқон Чалхонўғли, 90+2.
Ҳакамлар: Соареш Диаш. Сантос Суареш, Тавареш (барчаси — Португалия).
ВАР: Пиньейру (Португалия). Приэто Лопес де Сераин (Испания), Летексье (Франция), Эрнандес-Эрнандес (Испания).
16 июнь. Боку. Олимпийский стадиони.

Уэльс гуруҳ босқичидаги муҳим ўйинда Туркияни 2:0 ҳисобида мағлуб этди ва очколари сонини 4тага етказди. Роберт Пейж шогирдлари амалда плей-оффга чиқишни кафолатлади, Туркия эса икки ўйиндан кейин бирорта очко олмаган ҳолда А гуруҳида сўнгги ўринда жойлашган.

Уэльс таркибидаги энг яхши футболчи Гарет Бэйл бўлди — жамоанинг асосий етакчиси Европа чемпионатининг ҳам асосий юлдузларидан бири бўлмоқда. 31 ёшли ҳавбек учун сўнгги мавсум мураккаб кечди: «Реал» раҳбарияти билан муносабатлар яхшиланмаган, ижара асосида «Тоттенҳэм»га қайтди ва фаолиятини тиклашга ҳаракат қилди, у АПЛда фақат мавсумнинг охирида ўзини кўрсата бошлади.

Терма жамоада эса Бэйл яққол етакчи. Туркия билан ўйинда унинг икки голли паси ғалабани таъминлади. Биринчи бўлимнинг 42-дақиқасида Гарет майдон марказидан туриб берган узатмаси билан Рэмсини жарима майдонида дарвозабон қаршисига чиқарди, ҳимоячилар ортида ажойиб очилган Аарон тўпни ўзига бўйсундириб, тўпни дарвозага жойлади.

Ўйин охирида, қўшиб берилган дақиқаларнинг бешинчисида Бэйл бурчак зарбасидан кейин рақиб жарима майдонида тўпни эгаллади ва уни ҳимоячи Коннор Робертсга қулай қилиб ташлаб берди - 2:0.

Гарет ўзи ҳам гол уриши мумкин эди. 60-дақиқада Суюнчининг фолидан кейин пенальти ишлади, унинг ўзи нуқтага яқинлашди, аммо у тепган тўп дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди.

Лекин УЕФА Бэйлни муносиб тарзда ўйиннинг энг яхши футболчиси сифатида тақдирлади.

Икки голли пас, бешта муҳим узатма, беш зарба (иккитаси — дарвоза соҳасига аниқ борди) ва уч марта рақибни алдаб ўтиш. Бэйл Whoscored талқинига кўра ҳам ўйиндаги энг фойдали футболчи деб топилди — 9.41.

Швейцарияга қарши ўйинда у қадар ўзини кўрсата олмаган Гарет Туркияга қарши ҳақиқий перформанс намойиш этди — мухлислар ундан айнан шундай ўйин кутишганди.

Мавзуга оид