Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Битта тикув машинаси ёки дурадгорлик ускунаси билан камбағалликдан чиқиш мумкинми? Ҳокимлар жавоб берди
Битта тикув машинаси ёки дурадгорлик ускунаси билан камбағалликдан чиқиш мумкинми? “Темир дафтар”,“Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га кимлар ва қай тартибда киритилади? Улар қай ҳолатда дафтардан чиқарилади? Самарқанд, Жомбой ва Булунғур туманлари ҳокимлари шу каби йўналишлар бўйича маълумот бериб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
Маълум қилинишича, Самарқанд туманида даставвал 2454 нафар оила “Темир дафтар”га киритилган. Бугунгача уларнинг 2000 дан ортиғи бу дафтардан чиқарилган. Бошқа туманларда ҳам шунга ўхшаш ҳолат. Шунингдек, «Ёшлар дафтари»га киритилган 5400 дан ортиқ фуқародан 3900 га яқини бу дафтардан чиқарилган.
Бу оилаларнинг моддий имкониятини яхшилаш учун қилинган ишлар туманларда бир бирига яқин.
Юқоридаги дафтарларда қайд этилган оилаларда йил бошидан буён Жомбойда 5 млрд сўм, Булунғурда 3 млрд 368 млн сўм, моддий ёрдам ажратилган. Самарқанд туманида ҳам дафтарлардаги фуқароларга турли моддий ёрдам кўрсатиб келинган. Муаммо шундаки, аксарият ҳолларда бир ё икки марталик моддий ёрдам билан барибир оилалар камбағалликдан чиқиб қолмаяпти. Вазифа эса бу оилаларни камбағалликдан чиқариш, маълум миқдорда доимий даромадга эга қилиш.
Шу сабабдан юқоридаги туманларда юзлаб оилаларга ҳар хил ускуналар етказиб берилган. Мақсад, мана шу ускуналар орқали фуқаролар ишлаб пул топишига эришиш.
Мисол учун, юқоридаги туманларда юзлаб оилаларга дурадгорлик ускуналари, мотокультиватор, тикув машинаси, мотоарра, темир пайвандлаш ускунаси, сартарошлик ускуналари кабилар етказиб берилган.
Аммо бундай ҳолатда юқоридаги савол келиб чиқади: битта тикувчилик ускунаси билан камбағалликдан чиқиб бўладими?
Жомбой туман ҳокими бу саволга жавоб берди:
“Йўқ, битта ускуна билан камбағалликдан чиқиб бўлмайди, аммо шу орқали битта аёл касб ўрганади, агар биз уни тумандаги ўзини тутиб олган, йирик буюртмалар олиб маҳсулот сотишни йўлга қўйиб олган хусусий тикувчилик корхоналари билан боғлай олсак, биргаликдаги ишини ташкил қилиб берсак, бу наф бериши мумкин. Умуман, тўғри келган одамга тикувчилик, дурадгорлик ёки бошқа ускуналар етказиб берилмайди. Кимнинг қайси соҳага қизиқиши бўлса, аммо бу касб учун керакли ускуна ва жиҳозлари бўлмаса, ўша одамга етказишни йўлга қўйдик. Қизиқиши бўлмаган одамга бу ускуналардан наф йўқ”.
Хуллас, туманларда қадимги япон мақолига амал қилинадиганга ўхшайди: “Балиқ эмас, қармоқ бер”. Бунинг қанчалик самара келтиришини, албатта, вақт кўрсатади.
Юқоридаги туманлар нисбатан ери ҳосилдор, деҳқончиликда етарли тажрибага эга ҳудудлар ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, ғалладан бўшаган майдонларни ҳам эндиликда биринчи навбатда рўйхатдаги оилалар ва муҳтож оилаларга бериш амалиёти бошлангани маълум қилинди.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ.
Мавзуга оид
14:57 / 09.05.2025
Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйда газ портлади. 6 киши ҳалок бўлган
12:20 / 05.05.2025
10 метрлик жарлик ичидаги чангалзорга тушиб кетган икки киши қутқарилди
10:20 / 05.05.2025
Нурободда қарийб 17 минг гектар майдонда зарарли чигирткалар тарқалгани аниқланди
13:52 / 09.03.2025