Ўзбекистон | 21:42 / 19.06.2021
6816
3 дақиқада ўқилади

Иншоот мулкдори ва автомобил тарихи тўғрисидаги маълумотларни олиш интерактив хизматларини жорий этиш бўйича изоҳ берилди

Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш тўғрисидаги президент фармони бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев фармон лойиҳасида Ўзбекистондаги исталган бино манзилини киритиш орқали иншоотнинг мулкдори тўғрисидаги, шунингдек, автомобил тарихи тўғрисидаги маълумотларни олиш интерактив хизматларини жорий этиш ҳам белгилангани, лекин қабул қилинган фармон матнида бу тушиб қолгани бўйича изоҳ берди.

«Адлия вазирлиги Давлат бошқарув самарадорлигини таҳлил қилиш бошқармаси бир ярим йилдан буён очиқлик масалаларини ўрганади. Ва бу ўрганиш натижаси бўйича ўтган йили дастлабки фармон ишлаб чиқилган эди. Шундан кейин бу бошқа вазирлик ва идораларга тақдим қилинди.

Бу жараёнда 300та таклиф келиб тушган. Маълумки, бирор лойиҳа киритилаётган бўлса барча манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган бўлиши керак. Агар бирор вазирлик ёки идора инфраструктураси ўша лойиҳага тайёр бўлмаса ёхуд ўз важларини асослаб берса, уларнинг эътирозлари қабул қилинади. Натижада ўша таклиф фармондан тушиб қолади. Бошқа томондан бу масалалар ҳали бутунлай ёпилди дегани эмас. Вазирликка агентлик билан бирга очиқ маълумотлар рўйхатини тўлдириб бориш вазифаси юклатилган, шу маънода бу масала келгусида яна кўтарилади», дея фармонга киритилмаган таклиф ҳақида айтиб ўтди адлия вазири ўринбосари.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходими Қаҳрамон Низомхўжаевга кўра, фойдаланувчиларга қулай бўлиши учун иккала масала бўйича алоҳида платформа ишга туширилиб, техник имкониятлари яратилиб кейин қабул қилинади.

«Агентлик мутахассислари фармон устида ишлаётганимизда экспертлар томонидан шундай бир тўхтамга келиндики, фойдаланувчиларга қулай бўлиши учун автомобил тарихини билиш ҳақидаги маълумотларни алоҳида платформа қилсак, қулайроқ бўлади.

Худди шунингдек, Солиқ қўмитасининг Кадастр агентлиги билан ишлаганимизда бинонинг манзилини киритиш орқали унинг эгаси ҳақидаги маълумотларни олиш учун техник имкониятларни яратиш керак деган хулосага келинди. Лекин бу иккала лойиҳа кун тартибидан тушгани йўқ ва қайта ишланади. Мукаммал даражага етганда ишга туширилади», деди Аксилкоррупция агентлиги ходими Қаҳрамон Низомхўжаев.

Тайёрлаган:  Аббос Салайдинов

Мавзуга оид