Жамият | 15:56 / 19.06.2021
16902
2 дақиқада ўқилади

Сабзи нархининг қимматлашишига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги изоҳ берди

Таъкидланишича, февраль ва апрель ойларида ҳавонинг кескин совиб кетиши эртаки муддатда экилган сабзининг пишишини 20-25 кунга узайтирган. Шу боис сабзининг мавсумий тўлиқ етилиш ва йиғиштириб олиш муддати июнь ойининг охирига тўғри келмоқда.

АОКАда ўтказилган брифингда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Нигора Хўжаева охирги пайтларда нима сабабдан сабзи нархларининг кескин ошиб кетганлигига изоҳ бериб ўтди.

«Жорий йилнинг апрель-май ойларида сабзининг бозорлардаги ўртача нархи 2000-2500 сўмни ташкил этган. Аммо, ҳозирги пайтда сабзининг нархи кескин ошиши кузатилмоқда. Бунга асосий сабаб сифатида февраль ва апрель ойларида ҳавонинг кескин совиб кетишини кўрсатишимиз мумкин.

 Айнан шу сабабли эртаки муддатда экилган сабзининг пишиши 20-25 кунга узайиши қайд этилди. Шу боис сабзининг мавсумий тўлиқ етилиш ва йиғиштириб олиш муддати июнь ойининг охирига тўғри келмоқда. Бозорларда талаб кўпайиб кетиб, таклиф ҳажмининг камайиши нархларга таъсир ўтказган.

Қайд этиш керакки, айни пайтда фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан ғалладан бўшаган 40,5 минг гектар майдонларга сабзи экиш режалаштирилган. Бу орқали ички бозор эҳтиёжи қопланиши режалаштирилган», дея таъкидлади Нигора Хўжаева.

Аввалроқ, Kun.uz’га боғланган Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакили сабзи экиш туфайли бир неча йилдан буён кўрилган зарар деҳқонларни бошқа экин экишга мажбур қилгани ва оқибатда нархлар кўтарила бошлаганини маълум қилганди.

Шунингдек, сабзи нархи 11 минг сўмгача қимматлашиб кетгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид