Андорра-ла-Велла – митти давлатнинг митти пойтахтига саёҳат (фото)
Яқинда дунёнинг энг кичик давлатларидан бири бўлмиш Андорранинг пойтахти – Андорра-ла-Веллага ташриф буюрдик. Тоғлар билан қуршалган ушбу давлат аҳолиси атиги 77 минг киши атрофида. Бутун давлат ҳудуди 468 километр квадрат — Ўзбекистон ҳудудидан деярли 1000 баробарга кичик.
UzbekLife учун митти давлатнинг митти пойтахтига бўлган кичик саёҳатимизни бўлишамиз.
1. Мамлакатда хорижликлар учун интернет жуда қиммат. Масалан, Андорра-ла-Веллага келгач, меҳмонхонани топиб олиш учун испан SIM-картамиз – «Lebara»нинг роуминг хизматини ёққандик. Google харитасидан меҳмонхона манзилини кўриб олдик. Бунга 88 килобайт кетибди. Шу 88 килобайт, мегабайт эмас, КИЛОБАЙТ учун 1,5 евро (!), яъни тахминан 19 минг сўм олибди.
Кейин «Lebara»нинг роуминг хизматига қарасам, Андоррада ишлатилган 1 мегабайт учун 15 евро (тахминан 190 минг сўм) оларкан.
Роуминг бўлмас экан, ундан кўра, Андорранинг ўзидан SIM-карта олиб ишлатамиз, деб ўйладим. Лекин чучварани хом санаган эканман. Андоррадаги ягона мобил оператор Андорра Телекомдан битта SIM-карта олиш хорижлик сайёҳ учун 30 евро (тахминан 360 минг сўм)га тушаркан. Кейин 1 ҳафта учун 5 еврога 500 мегабайт сотиб олсангиз бўларкан.
Лекин пойтахт бўйлаб автобус бекатлари, турли марказий супермаркет ва паркларда бепул Wi-Fi тармоғи мавжуд деб ўқидим. Шундан сўнг SIM-картасиз, умумий Wi-Fi тармоғидан фойдаланиб шаҳар кезишга қарор қилдик.
2. Инглиз тилини билувчилар жуда кам. Андоррага бормоқчи бўлсангиз, буни олдиндан ҳисобга олинг. Аҳоли каталан, испан ва француз тилларини билади. Лекин инглиз тилини билувчиларни деярли учратмайсиз. Ташқарида юрганда айрим муҳим нарсаларни сўраш керак бўлиб қолса,луғатдан фойдаланишга тўғри келади.
3. Андорранинг табиати, тоғлари, баҳаво қирлари, чанғида учиш, тоғли ҳудудларда велосипедда сайр каби машғулотлар учун борсангиз арзийди. Табиат ва у билан боғлиқ машғулотларга қизиқмасангиз, Андорра сиз учун мақбул саёҳат манзили бўлмаслиги мумкин. Европа аҳолиси орасида ҳам Андорра ўзининг чанғи учиш шароитларига эга тоғлари билан машҳур.
Пойтахт ичидан оқиб ўтувчи Гран Валира дарёси туфайли шаҳар ҳавоси салқин. Шунингдек, ҳавонинг тозалиги ҳам эътиборимни тортди. Ҳаво тозалигига сабаб шаҳарнинг тоғлар қуршовида жойлашгани ва дарахтларга бойлиги бўлса керак.
4. Андоррага боришдан олдин Mapsme иловасини ва унда Андорра харитасини юклаб олинг. Mapsme иловаси офлайн ҳолда ишлайди, манзилларни топишда интернетсиз фойдаланаверасиз. Жуда асқатади. Пойтахт ниҳоятда кичик (12 километр квадрат) бўлгани сабабли уни айланиб чиқиш учун транспорт воситаси шарт эмас, пиёда кезиб чиқсангиз бўлади.
Қуйида Андорра-ла-Велла шаҳри манзаралари билан танишишингиз мумкин.
Европанинг кўпгина шаҳарлари каби Андорра-ла-Веллада ҳам ҳар-ҳар ерда сув кранлари ўрнатилган. У ердан сув ичишингиз ёки сув идишингизни тўлдириб олишингиз мумкин.
Пойтахтдаги машҳур ёдгорликлардан бири «Вақт олийжаноблиги» (The Nobility of Time) асари ҳисобланади. 1984 йилда ишланган мазкур ёдгорлик то 2010 йилда Андорра-ла-Велла шаҳри марказига ўрнатилгунига қадар кўплаб бошқа шаҳарларни кезиб чиққан.
Асарда эриб кетаётган соат тасвири бўлиб, бу вақтнинг ўтишини ифодалайди.
Мақсуд Саломов,
UzbekLife’нинг Испаниядаги колумнисти