Жаҳон | 10:30 / 23.06.2021
14635
10 дақиқада ўқилади

90 кунгача визасиз саёҳат. Пеле юрти визасини олиш тартиби

UzbekLife турли мамлакатлар визалари ҳақида маълумот беришда давом этади. Мазкур мақолада Бразилия визаси: мурожаат жараёни, талаблари ва Бразилия визалари турлари юзасида батафсил сўз юритамиз.

Бошқа мамлакатларда бўлгани сингари Бразилия визасини олиш учун ҳам виза берувчи тегишли давлат органларига мурожаат қилишингиз ва ҳужжат топширишингиз керак бўлади. Бироқ, баъзи мамлакатлар борки, уларнинг фуқаролари виза талабларидан озод қилинган.

Бразилия визасини электрон олиш мумкинми?

Йўқ. Бразилия ҳукумати эндиликда чет эл фуқароларига электрон визалар (eVisa) тақдим этмаяпти. Илгари АҚШ, Канада, Австралия ва Япония мамлакатлари фуқаролари виза олиш учун онлайн шаклда мурожаат қилишлари ва Бразилия визасини электрон почта орқали олишлари мумкин эди. Ушбу тартиб 2018 йил январь ойида йўлга қўйилган ва 2019 йил 17 июнгача амалда бўлган. Ҳозирда бундай тартиб амал қилмайди, бунинг ўрнига, ушбу мамлакатлар фуқаролари энди Бразилияга 90 кунгача визасиз саёҳат қилишлари мумкин. Агарда бундан кўпроқ муддатга қоладиган бўлсалар, Бразилия консуллигига мурожаат қилишлари ҳамда виза олишлари керак бўлади.

Бразилия визасининг қандай турлари мавжуд?

Бразилия визасининг иккита асосий тури мавжуд:

1. Бразилияга ташриф визаси (VIVIS), шунингдек, туристик виза деб ҳам номланади. Ушбу турдаги визалар Бразилияда 90 кундан ортиқ бўлмаган қисқа муддатли қолиш учун берилади. Бразилия ташриф визасининг турлари:

-      Бразилия туристик визаси;

-      Бразилия бизнес визаси;

-      Бразилия транзит визаси.

2. Бразилияда вақтинчалик бўлиш визаси (VITEM). Ушбу турдаги визалар мамлакатда узоқ муддатга бўлиш имконини беради: виза эгалари Бразилияда 90 кундан ортиқ муддатга қолиш имкониятига эга бўладилар. Ушбу виза ёрдамида Бразилияга келганингиздан сўнг, 90 кун ичида Бразилия Федерал Полициясининг (DPF) маҳаллий идорасида рўйхатдан ўтишингиз керак. Рўйхатдан ўтгач, сизга миграция картаси (CRNM) берилади ва белгиланган муддатга (одатда бир йилдан уч йилгача) Бразилияда яшаш ҳуқуқини оласиз. Миграция картасини муддати тугамасдан туриб янгилаш мумкин.

Бразилия вақтинчалик визасининг турлари:

-      Бразилия иш визаси

-      Бразилия талаба визаси

-      Бразилияда оила бирлашуви визаси

Бразилия визасини олиш учун мавжуд талаблар

Бразилия визасини олиш учун мурожаат қилганингизда, аризага илова тарзида баъзи ҳужжатларни топшириш лозим бўлади. Ҳужжатлар виза тури ва мурожаат тушаётган давлатга қараб ўзгариши мумкин.

Қуйида виза олиш учун зарур ҳужжатлар тўпламини келтирамиз:

1) Шахсингизни тасдиқловчи паспорт (яроқлилик муддати энг камида келгуси олти ой ичида тугамаслиги ва камида иккита бўш виза саҳифасига эга бўлиши керак);

2) Бразилия визасига ариза квитанцияси;

3) Паспорт ўлчамидаги расм;

4) Қайтиш чиптаси;

5) Бразилияда бўлиш муддати давомида харажатларни қоплаш учун етарли молиявий воситаларни тасдиқловчи ҳужжат. Масалан, сўнгги уч ойлик банк ҳисоботлари;

6) Бандлик ҳолатини тасдиқловчи ҳужжат. Ушбу ҳужжат қуйидаги кўринишларда бўлиши мумкин:

Агар ишлаётган бўлсангиз: иш берувчидан исмингиз, лавозимингиз, иш ҳақингиз, у ерда қанча вақтдан бери ишлаётганингиз ҳақида маълумот берувчи хат;

Агар сиз ўзини ўзи иш билан банд қилган субъект бўлсангиз: нотариал тасдиқланган тасдиқнома, солиқлар ҳисобномаси;

Агар сиз талаба бўлсангиз: таълим олаётган университетингиздан ўқишга кирганингизни тасдиқловчи хат.

7) Бразилияда турар жойга эга эканлигингизни тасдиқловчи ҳужжат. Буюртма қилинган меҳмонхона ёки мамлакатга таклифнома (дўстларингиз/оилангиз билан яшайдиган бўлсангиз);

8) Виза тўлови тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

9) Олдиндан тўлови амалга оширилган қайтиш чиптаси;

10) Консуллик ходимлари талаб қиладиган бошқа қўшимча ҳужжатлар.

Шунингдек, турли виза турларида сизнинг саёҳат мақсадингиз билан боғлиқ бошқа ҳужжатлар ҳам талаб қилиниши мумкин.

Виза учун фотосуратнинг ўзига хос талаблари

Бразилия визасини олишда тайёрланадиган ҳужжатлар учун фотосуратлар ўзининг махсус талабларига эга. Ушбу талабларга жавоб бермайдиган фотосурат билан сиз виза олишда муаммога дуч келишингиз мумкин. Биз ушбу талабларни тўплам ҳолида келтиряпмиз. Уларни ёдда сақлашни ва риоя қилишни унутманг!

Бразилия визаси учун фотосурат талаблари:

- Ўлчам: 4 х 5 см (2 х 2 дюйм);

- Муддат: сўнгги олти ой ичида;

- Фон: оқ ва текис;

- Объект жойлашуви: марказда ва камерага тикилган ҳолда;

- Юз ҳажми: тўлиқ кўринадиган ҳажмда;

- Юз ифодаси: нейтрал (хафа, хурсанд, кулиш ҳолатлари билан тушиш тўғри келмайди);

- Ташқи объектлар: бирор бир кўзгу, соя ёки нур бўлмаслиги керак;

- Бош кийимлар: ҳеч қандай бош кийим кийиш мумкин эмас, диний мақсадда кийилган бош кийимлар бундан мустасно. Шундай бўлса ҳам, улар юзни тўсмаслиги зарур;

- Кўзойнак: қалин жантли, қорайган, жуда катта кўзойнак тақиш мумкин эмас;

- Ёш болалар ва гўдаклар: улар расмда ёлғиз бўлишлари лозим (уларни ҳеч ким ушламаслиги, ҳеч қандай ўйинчоқлар бўлмаслиги керак).

Бразилия визасини олиш тартиби

Бразилия визасини олиш учун Бразилиянинг хорижий давлатлардаги элчихоналари ёки консулликларидан бирига мурожаат қилиш керак. Жараён ариза берувчининг яшаш жойига қараб бироз ўзгариши мумкин, аммо умумий жараён қуйидаги босқичларда амалга ошади:

! Бразилиянинг энг яқин элчихонасини/консуллигини топинг. Бу сизнинг мамлакатингизда ёки қўшни мамлакатда бўлиши мумкин.

Эслатма: Ўзбекистон Республикасида Бразилиянинг расмий элчихонаси мавжуд эмас. Ўзбекистонга энг яқин Бразилия элчихонаси Қозоғистон Республикаси пойтахти Нурсултон шаҳрида жойлашган. Шунингдек, 2016 йил февраль ҳолатига кўра, Бразилия 54 та мамлакатда доимий элчихонасиз дипломатик ваколатхонасига эга. Ўзбекистон ҳам ушбу мамлакатлар орасида мавжуд бўлиб, Бразилия элчихонаси жойлашган жойда (Москва шаҳрида) улар устидан кумулятив юрисдикция мавжуд бўлади.

Бразилия визасига мурожаат қилишда ёдда тутиш керак: Баъзи Бразилия элчихоналари/консулликлари сизга аризани виза ёки саёҳат агентлиги орқали юборишга имкон беради, аммо барчаси ҳаммаси эмас. Худди шунга ўхшаб, улардан баъзилари аризангизни почта орқали юборишингизга имкон бериши мумкин, бошқалари эса аризани шахсан топширишингизни қатъий талаб қиладилар.

Бразилия виза тўловлари

Бразилия визаси учун тўловлар қуйидагича:

1. Ташриф / сайёҳлик визаси учун тўлов: 80,00 АҚШ доллари (барча мамлакатлар учун, қуйида келтирилган давлатлардан ташқари:

-        Ангола: 180,00 АҚШ доллари;

-        Жазоир: 85,00 АҚШ доллари;

-        Австралия: 120,00 АҚШ доллари;

-        Хитой: 115,00 АҚШ доллари;

-        Америка Қўшма Штатлари: 160,00 АҚШ доллари;

2. Вақтинчалик виза учун тўлов: 100,00 АҚШ доллари

3. Дипломатик ва расмий визалар: Бепул

Баъзи мамлакатларда, масалан, Буюк Британия, АҚШ, БАА ёки Европа Иттифоқининг айрим давлатларида вақтинчалик виза учун тўловлар бошқача бўлиши мумкин.

Бразилия визасини қанча вақтда олиш мумкин?

Бразилия визасини бериш муддати сизнинг аризангизни кўриб чиқадиган элчихона/консулликка боғлиқ. Асосан, ариза топширганингиздан бошлаб 10-15 иш кунигача кутишингиз мумкин. Узоқ муддатли визалар учун кўпроқ вақт кетиши мумкин. Шуни ҳисобга олган ҳолда, саёҳат қилишни режалаштирган вақтдан бошлаб олдиндан ариза топширишга ҳаракат қилаверинг.

Туристик виза

Бразилия туристик визаси Бразилияга қисқа муддатли мақсадларда боришни истаган чет элликлар учун берилади. У максимал 90 кунлик муддатга берилади. Номидан кўриниб турибдики, сиз Бразилияга сайёҳ сифатида ёки дам олиш мақсадида, шу жумладан, спорт билан шуғулланишни истасангиз, Бразилия туристик визасига мурожаат қиласиз.

Бизнес виза

Бразилия ишбилармонлик визаси – бу виза тури бизнес билан боғлиқ бўлган саёҳат қилаётган чет элликларга берилади. Бунга йиғилишларда қатнашиш, музокаралар, репортажлар (журналистлар учун), шартномалар имзолаш, шунингдек, самолёт ёки кема экипажи киради.

Транзит виза

Агар сиз Бразилия аэропортида самолётларни ўзгартирсангиз ёки Бразилия ҳудуди орқали бошқа манзилга йўл олсангиз, сизга Бразилия транзит визаси керак. Аммо, аэропортнинг халқаро майдонидан чиқиб кетмасангиз, сизга транзит визаси керак эмас.

Иш визаси

Бразилияда иш топган бўлсангиз, Бразилия иш визасига мурожаат қилишингиз мумкин. Сизнинг янги иш берувчингиз ўз компаниясида ишлашингиз учун Бразилия Меҳнат вазирлигидан тасдиқ олиши керак. Меҳнат вазирлиги сўровни маъқуллагандан сўнг, улар Бразилия консуллигига сизнинг иш визангиз учун мурожаат қилган жойингизга хабар беришади. Кейин, консуллик идоралари паспортингизда визани муҳрлайди ва сиз Бразилияга боришингиз мумкин. У ерда 90 кун ичида Федерал Полицияда рўйхатдан ўтишингиз лозим.

Бразилия визасини узайтириш мумкинми?

Ҳа. Сиз Бразилия визасининг деярли барча турларини узайтириш учун мурожаат қилишингиз мумкин. Визани узайтириш учун аризани Бразилия Федерал Полициясининг (DPF) маҳаллий идорасида топширасиз. Ариза виза муддати тугашидан камида икки ҳафта олдин, лекин бир ойдан илгари топширилиши керак.

Давлатбек Асадов тайёрлади

Мавзуга оид