Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кластер усулида мебел маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади
Президент “Республика ҳудудларида мебелсозлик саноатини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Қарорга асосан, ҳудудларда кластер усулида мебел маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик саноат зоналари ташкил этилади. Белгиланишича:
а) кичик саноат зоналаридаги ишлаб чиқариш майдонлари мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади;
б) кичик саноат зоналаридаги ишлаб чиқариш майдонларига эгалик қилишнинг мажбурий шарти сифатида ушбу кичик саноат зонасининг бош режасига асосан мебел ва унинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш объектларини жойлаштириш белгиланади;
в) кичик саноат зонасидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилган ер майдонларини мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилишдан тушган тушумнинг маҳаллий бюджетга йўналтириладиган қисми бюджетнинг қўшимча даромади сифатида шакллантирилади ва камида 30 фоизи ушбу ҳудудда янги ер майдонларини қишлоқ хўжалигига киритиш учун сарфланади;
г) ташкил қилинаётган кичик саноат зоналарининг ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш тадбирлари:
- ичимлик суви, оқова сув тармоқларини ҳамда автомобил йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича – 2021-2023 йиллар учун давлат бюджетида назарда тутилган маблағлар;
- электр энергияси, табиий газ ва алоқа тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича – ўрнатилган тартибда таъминотчи корхоналар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Белгиланишича, кичик саноат зоналарини ташкил қилиш учун ер майдони ажратилиши билан боғлиқ қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш бўйича тўланадиган компенсация тўловлари, истисно тариқасида, ундирилмайди.
2021 йил 15 июндан бошлаб, қуйидаги харажатларни Экспортни рағбатлантириш агентлиги қоплаб беради:
- 2021-2024 йилларда йиллик тушумида тайёр мебель маҳсулотлари экспортидан тушум улуши камида 30 фоизни ташкил қиладиган маҳаллий корхоналарнинг хомашё (ТИФ ТН бўйича 4410 ва 4411 кодлари) импорти учун сарфланган транспорт харажатларининг 50 фоизи миқдорида;
- 2024 йил 1 январга қадар мебель маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган экспорт қилувчи корхоналарга мебель маҳсулотларини барча давлатларга, шу жумладан, қўшни давлатларга экспорт қилишда автомобиль ва темир йўл ташиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ маҳсулот экспорт қийматининг (транспорт харажатларисиз) автомобиль транспортида 5 фоизидан, темир йўл транспортида 7 фоизидан кўп бўлмаган миқдорида.
2 ой муддатда “2021-2024 йилларда Ўзбекистонда мебель ва ёғочсозлик саноатини ривожлантириш дастури” лойиҳаси ишлаб чиқилади. Унда қуйидагилар назарда тутилади:
- республика ҳудудларида қурилаётган кўп квартирали уй-жойларни аҳолининг талабидан келиб чиққан ҳолда биринчи навбатда маҳаллий мебель маҳсулотлари билан жиҳозлаш бўйича истеъмол кредитларининг янги турлари ва пакетларини жорий қилиш;
- 2021-2024 йилларда республика ҳудудларидаги давлат ташкилотларининг, шу жумладан, мактабгача таълим, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларининг мебель жиҳозларини янгилаш графигини тасдиқлаш;
- мебель саноатининг барча йўналишларида хомашё сифатида фойдаланиладиган дарахт турларини республика иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда етиштириш ҳамда республика мебель саноатида хомашё сифатида фойдаланиладиган дарахт турлари плантацияларини барпо этиш;
- хорижий давлатлардаги (Хитой, Туркия ҳамда Европа давлатлари) йирик мебель ишлаб чиқарувчи компаниялар томонидан республикада ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш;
- Инновацион ривожланиш вазирлиги ва “Ўзкимёсаноат” АЖ билан биргаликда республика ҳудудларида МДФ плиталари, HPL панеллар, ҳамда мазкур қарорнинг 2-иловасида кўрсатилган хомашё, эҳтиёт қисмлар, фурнитура ва аксессуарлар ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш.
2023 йил 1 январга қадар мебель ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган қуйида кўрсатилган 11 хил турдаги хомашё, эҳтиёт қисмлар, фурнитура ва аксессуарлар импортида божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади:

Қатор ҳудудлардаги касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларида тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда мебелсозлик бўйича қисқа ва ўрта муддатли ўқув курслари ташкил этилади.
“Мебель ва ёғочсозлик саноати” уюшмаси ўқув курсларини ташкил қилиши учун “Ишга марҳамат” мономаркази Олмазор филиали биносида 5 та хона текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади. Ушбу ўқув курсларида ўқитиладиган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз фуқароларнинг ўқув харажатлари белгиланган тартибда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Мавзуга оид
16:58 / 01.05.2025
Президент Хонқа туманида мебелсозлик саноат зонасини бориб кўрди
08:00 / 26.11.2021
Ҳудудларда 115та кичик саноат зоналари янгидан ташкил қилинади
18:11 / 24.06.2021
15та туман ва шаҳар мебелсозликка мослаштирилди – президент
11:15 / 20.11.2020