Жамият | 19:27 / 23.06.2021
1122
2 дақиқада ўқилади

Хорижга чиқишига тақиқ қўйилган ота фарзанди учун 87 миллион сўм алимент пулларини тўлади

Сирдарё вилояти Ховос туманида яшовчи ота хорижга чиқишга тақиқ қўйилгач, фарзанди учун 87 миллион сўм алимент пулларини тўлаб берган. Бу ҳақда МИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро судининг 2020 йил 4 декабрдаги ижро ҳужжатига кўра, қарздор Э.О.дан бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/4 қисм миқдорида ундирувчи Э.Ш.га алимент ундириш белгиланган.

Мазкур ижро ҳужжати Ховос туман мажбурий ижро бўлими иш юритувига 2020 йил 5 декабрда келиб тушган. Ижро ҳужжати юзасидан ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинган ва қарор нусхаси тарафларга юборилган.

Қарздор алимент тўловларини мунтазам равишда тўлиқ тўлаб келиб, фарзандининг вояга етгунига қадар бўлган алимент қарздорлигини ҳисоблаб беришни сўраб, мурожаат қилган. Ижро ҳаракатлари давомида 2021 йил 15 февралда Э.О.нинг Ўзбекистон ҳудудидан чиқиш ҳуқуқларини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Шундан сўнг, 16 июнь куни олдиндан тўланиши лозим бўлган 117 ойлик алимент суммалари «mib.uz» дастури орқали ҳисобланган ва у 87 миллион 32 минг сўмни ташкил этган. Э.О. ҳисобланган алимент пулларини ўша куннинг ўзида ундирувчи Э.Ш.га нақд пул шаклида топширган. Натижада, ўша куни ижро ҳужжати томонларнинг розилиги билан тугатилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид