Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Италияда 1 евродан сотилаётган уйлар ёхуд нега Ўзбекистонда уй-жой нархи ҳеч пасаймайди?
Италиянинг Пратола-Пелинья коммунаси ўз ҳудудидаги уйларни рамзий нарх – 1 евродан таклиф қилмоқда. Аввалроқ Сицилия оролида Троина шаҳарчаси раҳбарияти ҳам шундай ташаббус кўрсатганди.
Албатта, 1 еврога уй олишнинг ўзига хос шартлари бор, харидор камида уч йил шу ерда яшаши, ташлаб кетилган ва шу тарзда сотилган уйларни обод қилиши керак.
Гап Италия – ҳар бир ҳудуди, ҳар бир шаҳри тарихий мақомга эга ва туристлар мунтазам бориб турувчи давлат ҳақида кетмоқда. Лекин ишсизлик, кексайиш, ёшларнинг катта шаҳарларга интилиши каби омиллар туфайли провинциялардаги кўплаб шаҳарчаларда уйлар шунчаки ташлаб кетиляпти. Кимсасиз хонадонлар эса шаҳарнинг “ўлиб” бораётганини англатади ва уни тиклаш учун уйларни текинга бериш каби чоралар бошқа давлатларда ҳам қўллаб турилади.
Хўш, Ўзбекистонда-чи?
Бизда кўчмас мулк нархи мана 20 йилдирки (2008 йилдаги жаҳон молиявий инқирозидаги қисқа даврни ҳисобга олмаганда) мунтазам ошиш тенденциясини намоён қилмоқда.
Бунга бир неча сабаблар бор:
- Ўзбекистон – аҳоли сонининг ўсиши бўйича собиқ иттифоқ давлатлари орасида энг юқори кўрсаткичли давлат. Таъкидлаш жоиз, аксарият иттифоқдошларда демографик инқироз мавжуд, айрим давлатларда бу ҳатто жиддий муаммога айланган.
- Бир ҳовлида 3-4 оила яшаши каби анъаналар йўқолиб бормоқда, бундай ҳолатларнинг замонавий дунёда давом этишининг ўзи оғир масала.
- Кўпчилик тан олиши қийин бўлса-да, турмуш фаровонлик ошгани сари биринчи ўринда уй-жойни яхшилаш масаласи кўрилади.
- Олдин бўлмаган имтиёзлар, давлат ва банклар томонидан кўчмас мулк хариди учун субсидиялар ва кредитлар берила бошлаши ҳам кўчмас мулк бозорига бўлган талабни оширади.
- Ўзбекистонда кўпчилик давлатлардаги каби ижарада яшаш маданияти шаклланмаган. Бундай ҳаёт тарзи албатта вақтинча ва иложсизлик ифодаси сифатида қаралади. Бу ҳам шахсий уй-жойга интилишни кучайтираверади.
Ўзи умуман дунё аҳли бу борада икки тоифага бўлинади – бошпанага эга бўлишни истовчилар ва бошпанасини кенгайтиришга ҳаракат қилувчилар.
Ўзбекистонда нархнинг мунтазам ошиб боришини давлат ва нодавлат сектор томонидан амалга оширилаётган катта-катта қурилишлар ҳам тўхтата олмаяпти. Бунинг ҳам объектив сабаблари бор:
- Сўнгги йилларда уй-жой қурилишлари ҳажми кенгайган бўлса-да, 20-25 йил давомида бу сектор ривожланмагани туфайли ортда қолиб кетилган. Энди турар-жойларни фойдаланишга топшириш бўйича талаб ва таклиф мутаносиблигига етиш учун яна йиллар керак.
- Қурилиш материаллари ҳамда ишчи кучи қийматининг мунтазам ошиб бориши амалда бирламчи бозордаги нархларни сақлаб туриш ёки тушириш имконини бермайди. Бирламчи бозордаги ўсишлар ўз навбатида иккиламчи бозорга ҳам таъсир қилмай қолмайди.
- Мантиқан қаралганда, уй-жойи бўлмаганларга мўлжалланган турар-жой комплексларидаги аксарият кўчмас мулклар пулдор харидорлар томонидан инвестиция мақсадида сотиб олинаётгани, яъни мунтазам ошиш жараёнида даромад объекти сифатида қаралиши ҳам нисбатан арзон уйлар сонининг камайишига олиб келмоқда. Умуман, юртдошларимиз уй-жойга пулни сақлаш, ижара ва қиймати ошиб бориши ҳисобига бойликка бойлик қўшувчи мулк сифатида қарашади. Қолаверса, ҳар бир ўғилга (ҳозирги кунда қизга ҳам) алоҳида уй қилиб бериш анъанаси ҳамон сақланиб турибди.
Италия ва уйларни бепул бериш мавзусига қайтамиз. Ҳар қандай даврда ва ҳолатда ҳам буни тасаввур қилиш қийин, чунки бир парча ер тугул, эски иморатларнинг эски ёғочигача қадрли бўлган аҳоли одатда бирорта уйини ташлаб кетмайди, ташлаб кетилса ҳам, дарров унга эга чиқа қолади.
Албатта, Ўзбекистон тарихида ҳам айрим катта-кичик шаҳарлар, посёлкалар (ёки моношаҳарчалар) ҳувиллаб қолган даврлар бўлган. Масалан, Каттақўрғон яқинидаги Ингичка аҳоли пункти, Тошкент вилоятидаги Ангрен, Карасногорск каби шаҳарлар шулар жумласидан. Аммо бунда бир жиҳатни эътиборга олиш лозим – асосан давлат томонидан қурилган ва аҳоли эҳтиёжи учун вақтинча фойдаланишга берилган уйлар ташлаб кетилган. Шунингдек, бу давр узоқ давом этмади, ҳозирги пайтда бу ерларда ҳам аксарият кўчмас мулклар эгали бўлган.
Демак, ишлаб чиқариш объектларида қўлланиб турилса-да, ҳозирча Ўзбекистон шароитида, ҳатто у энг чекка ҳудудда бўлса ҳам, уйларни текинга бериш амалиёти узоқ келажакда ҳам рўй бериши даргумон.
Аброр Зоҳидов