Ўзбекистон | 16:48 / 24.06.2021
1392
3 дақиқада ўқилади

Заврақликлар: “Электросет” ваъдасини яна бажармади”

Ёдингизда бўлса, шу йил, 14 апрель куни сайтимизда Андижон тумани Заврақ маҳалласи Янги замин кўчасида яшовчи 200 дан ортиқ хонадон электр таъминотидаги муаммолар билан яшаётгани ҳақида “Ҳокимиятнинг бажарилмас ваъдалари: Заврақликлар жавоб хатини эмас, амалий ҳаракатларни кутиб яшамоқда” номи остида  танқидий мақола эълон қилган эдик.

Мақола эълон қилингач, “Ҳудудий электр тармоқлари” мутасаддилари ҳудудга зудлик билан янги трансформатор ва бетон таянчлар олиб келиб ўрнатишни бошлаганида аҳоли вакиллари хурсанд бўлди. Мутасаддилар 15 кун, узоғи бир ой давомида барча муаммолар бартараф қилинишини айтиб, ваъда бердилар. Интернетда  “Заврақдаги муаммо ижобий ҳал этилди” сарлавҳаси остида мақолалар берилди.

Бироқ, орадан уч ой ўтиб, заврақликлар яна бизга мурожаат билан чиқдилар... Биз яна ўша маҳаллага бордик.

Электрчилар ижтимоий тармоқларга мақола ва суратлар чиққач, ишни тўхтатиб, кетиб қолишган.   

“Маҳалламиздаги ҳолат Kun.uz сайтида чиққанидан сўнг “электросет” мутасаддилари келишиб, муаммони ҳал этишларини айтишди. Трансформатор, бетон таянчлар келди. Ишчилар ўрнатишни бошлашди. Жараённи суратларга олишди. Муаммолар ҳал бўлгани ижтимоий тармоқларга тарқалди. Шундан сўнг иш тўхтади. Ишчилар келмай қўйди.

 Электрни раҳбарлари “ўн беш кун, узоғи икки ойда иш охирига етади”, дейишганди. Мана, учинчи ой кетяпти, умуман ҳаракат қилишгани йўқ.

 Туман ҳудудий электр тармоқлари бошлиғи ёнига бордик. “Шу ҳафта тугатамиз”, дея ваъда берганига ҳам мана икки ой бўлди. Бу туришда қишгача ҳам ҳал бўлмайди, шекилли. Ҳаммаси “хўжакўрсин”га экан-да. “Электросет” корхонаси раҳбари ваъда берилса, бажариш кераклигини наҳотки билмаса?”, – дейди Минура Асқарова.

Маҳалла оқсоқоли Абдурасул Узоқов ҳудудий электр тармоқлари раҳбарлари ишни охирига етказиш тўғрисида умуман ўйламаётгани ҳақида гапирди.

Балки, бу сафар вилоят ва туман “Ҳудудий электр тармоқлари” ишни хўжакўрсинга эмас, аҳоли муаммосини юз фоиз ҳал этишга ҳаракат қилар.  

Элмурод Эрматов, Жаҳонгир Маҳмудов   

Элмурод Эрматов
Тайёрлаган Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид