Ўзбекистон | 16:38 / 25.06.2021
9767
1 дақиқада ўқилади

Россияда 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси баландликдан йиқилиб, ҳалок бўлди 

Россияда 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси баландликдан йиқилиб, ҳалок бўлди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги шу ҳақда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан баёнот берди.

Фото: dnipronews.com.ua

Қайд этилишича, 1998 йилда Cамарқанд вилоятида туғилган А.Файзиев Россиянинг Ленинград вилояти Всеволож туманидаги қурилиш корхонасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширган.

Жорий йилнинг 17 июн куни иш вақтида техник хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаганлиги сабабли баландликдан йиқилиб тушган ва орадан 4 кун ўтиб, 21 июн куни шифохонада вафот этган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан иш берувчи билан олиб борилган музокаралар натижасида А.Файзиевнинг жасадини ватанга қайтариш ва компенсация пулларини тўлиқ ундириш тўғрисида келишувга эришилди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Санкт-Петербург шаҳридаги ваколатхонаси томонидан марҳумнинг жасади бугун, 25 июн куни Санкт-Петербург - Тошкент йўналишида ватанга олиб келинди.

Бугунги кунда бахтсиз ҳодиса юзасидан Россиянинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан жиноят иши очилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид