Ўзбекистон | 16:24 / 26.06.2021
31840
11 дақиқада ўқилади

Бюджетдан ташқари “чўнтаклар”дан то йўллардаги радарларгача — Очиқлик декретига нималар киритилди?

16 июн куни имзоланган фармон билан, давлат органлари ва ташкилотлари 33 тоифадаги маълумотларни очиқ эълон қилиши шартлиги белгиланди.

Давлат харидлари, автомобиллар ва хизмат сафарлари учун харажатлар, депутат ва сенаторлар қарор ва қонунларга қандай овоз берганидан тортиб, ов қилиш рухсатномасини олишгача бўлган маълумотлар шулар жумласидан.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов фармондаги муҳим жиҳатлар юзасидан Kun.uz'га маълумот берди.

– Давлат ташкилотларининг веб-сайтларига жойлаштирилиши керак бўлган маълумотлардан биринчиси – давлат харидлари билан боғлиқ маълумотлар. Энди нафақат давлат харидларини амалга оширгандан кейин, балки хариддан 6 ой аввал харид қилиниши режалаштириладиган товарлар, хизматларни эълон қилиб бориш талаб этилади.

Нима учун 6 ой? Биз таҳлилларимизда кўрдикки, давлат ташкилотлари эълон қилган тендерларда соғлом рақобат бузилган. Масалан, Ўзбекистонда бўлмаган бирор товарга 20 кун ичида олиб келиб бўлмаслигини билган ҳолда буюртма беришдан аввал таниш фирма орқали ўша товарни олиб келтириш ва тендерни эълон қилиш ҳолатлари кузатилган. Бу ерда қонунчилик бузилиб, коррупцион схемалар ишлаган. Шунинг учун ҳам белгиланяптики, давлат ташкилотлари харид қилинадиган товарлар ва хизматларни 6 ой аввал эълон қилиши керак.

Давлат унитар корхоналарида жуда ҳам кўплаб хизмат автомобиллари олинган ва бу автомобиллар оилавий ёки бошқа ишларга ишлатилади. Буни ҳам тартибга солиш учун давлат улуши бўлган корхоналар, давлат ташкилотлари тасарруфидаги автотранспортлар, уларнинг ойлик харажатлари, шунингдек, бошқа мулклари, улар ижарага берилса, шу ижара тўғрисидаги маълумотларни ҳам очиқ эълон қилиб бориш мажбурияти юкланяпти.

Бундан ташқари, яна бир коррупция белгиларидан бири – хориждан меҳмонлар келганда, уларга сарфланадиган харажатлар. Баъзида ўта нореал ёки белгиланганидан ортиқча харажатларни ҳам учратиш мумкин. Эндиликда барча давлат идораларига буларни ҳам очиқлаш мажбурияти юкланяпти. Булар, албатта, мансабдор шахсларнинг жамоатчилик олдида масъулиятини оширишга қаратилган муҳим қадам.

Шу пайтгача бюджетдан ташқари маблағлар давлат харидлари портали орқали амалга оширилар эди. Энди эса бу маълумотларнинг ҳам очиқланиши лозимлиги кўрсатиляпти.

Шунингдек, маҳаллий бюджетларнинг бюджетдан орттирилган қисми харажатларини ҳам очиқланиши белгиланди.

Бюджетдан ташқари жамғармаларнинг харажатлари ва тушумлари – умуман қилинаётган харидлар барчаси 2021 йил 1 июлдан бошлаб очиқланиши керак. Нафақат давлат бошқарув идоралари, маҳаллий ҳокимликлар, шунингдек, суд, прокуратура бўлимларининг ҳам бюджетдан ташқари харажатлари 1 июлдан очиқланиши лозим, деди Акмал Бурҳонов.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов

Агентлик раҳбарининг айтишича, аслида очиқланиши керак деб ҳисобланган маълумотлар лойиҳа ишлаб чиқилаётган вақтда анча кўпроқ бўлган.

“Биз бу лойиҳани ишлаб чиқаётганда 300 дан ортиқ очиқ эълон қилиниши керак бўлган маълумотларни шакллантирган эдик. Бундан ташқари ҳам минглаб маълумотлар бор, улар ҳам очиқланиши керак. Улар ичидан фуқаролар учун муҳим бўлган, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига тўғридан тўғри дахл қиладиган ижтимоий аҳамиятга молик, энг муҳими, коррупция омиллари бор соҳалар маълумотлари танлаб олинди.

Шунга биноан, рўйхатга 33 тоифадаги маълумот киритилди. Бу 33 танинг ҳар бири ичига кирилса, тармоқланиб кенгайишини кўриш мумкин. Масалан, давлат ташкилотининг фаолияти билан боғлиқ маълумотларнинг ичига барча турдаги харидлари, автомобил сотиб олаётгани, хизмат машиналари, вилоятларга, чет элга ташрифлари харажатлари каби маълумотларга тармоқланади, бу жуда катта нарса.

Ёки яна бир мисол: фото ва видеорадарларнинг ҳар бири жойлашган жойни эълон қилиш, ушбу радар қайси турдаги қоидабузарликни рўйхатга олишини ҳам эълон қилиши белгиланяпти”, – деди Аксилкоррупция агентлиги директори.

Хўш, барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви, суд ва прокуратура органлари ҳамда давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналар учун мажбурий бўлган ушбу талабларнинг бажарилишини ким назорат қилади?

Очиқланиши керак бўлган маълумотлар эълон қилинмаса, кимдир жавобгарликка тортиладими ёки яна узр сўраб, қутулиб кетиш мумкин бўладими?

“Умуман бу борада аниқ тизим яратиляпти, яъни маълумотларнинг даврийлиги – қайсидир маълумотлар ҳар ой, қайсилари ҳар чоракда янгилаб борилиши, шунингдек, бу тартибларга риоя қилинмагани учун жавобгарлик ҳам белгиланиши кўрсатиб ўтилган.

Фармон ижроси бўйича вазифалар белгиланган, шунга кўра маъмурий жавобгарлик кодексига ўзгартириш киритиш, йил якунига қадар давлат идоралари фаолияти очиқлик индекси эълон қилиниши режалаштирилган. Мана шу индексга асосан очиқлик тамойилларини мунтазам бузиб келаётган мансабдор шахслар, давлат идоралари раҳбарларига нисбатан чора кўриш учун Президент Администрацияси ва ҳукуматга тақдимномалар киритиб борамиз”, – дейди Акмал Бурҳонов.

Яна бир ҳолат. Фармон билан Олий Мажлис палаталарига ўз мажлисларини жонли эфирга узатиш тавсия қилинди.

Анчадан буён бундай амалиётдан фойдаланаётган Сенатдан фарқли бу тавсия кўпроқ қуйи палата вакилларига тегишли бўлса керак. Чунки халқ томонидан сайланган вакиллар унча-мунча қонун лойиҳаларини жамоатчиликка эълон қилмасдан ўтказиб юбормоқда. Сайловчилар ва кенг жамоатчилик эса ўзлари овоз берган депутат қайси қонунни ёқлагани, қай бирига қарши чиққанидан бехабар. Бунинг ёрқин мисоли сифатида айрим бандлари жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлган «Давлат тили тўғрисида»ги, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги, «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунлар, ЕОИИга кузатувчи сифатида қўшилиш ҳақидаги қарорни келтириш мумкин.

Бу борадаги саволимизга Бурҳонов қуйидагича жавоб берди.

“Аҳоли томонидан айрим қонунлар қабул қилинганига эътирозлар бўлди, бунда депутатлар қандай овоз бергани уларни сайлаган халқ учун қизиқ. Бизда шу пайтгача ўша қонун лойиҳаси бўйича қайси депутат қандай фикр билдиргани ёки берган овози очиқланмас эди. Ҳужжат билан эндиликда нафақат парламент муҳокамалари очиқ ўтказилади, балки депутатларнинг берган овозини ҳам билиш имконияти пайдо бўляпти.

Техник жиҳатдан тайёрлик ҳисобга олинган ҳолда 1 декабрдан кейин амалга оширилади. Бунда парламент аъзоларининг фикрлари олинган ҳолда шундай хулосага келинган”.

Кўриб турганингиздек, депутатлар мажлисларини очиқлашга шошилмаяпти. Чунки, фармоннинг уларга тегишли тавсиявий банди 1 декабрдан кучга киради.

Эсингизда бўлса, ўтган ойда «Қизил китоб»даги қўнғир айиқ Экология қўмитаси раисининг рухсати билан Тошкент вилоятида россиялик овчи томонидан отиб ўлдирилган, бу жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлганди. Айримлар Экология қўмитаси раисининг истеъфосини талаб қилган, баъзилар эса «Экологияни у кишининг ўзидан асраш керак бўляпти», деганди.

Акмал Бурҳоновнинг айтишича, Экология қўмитаси раиси билан бўлган ушбу воқеа ва унга жамоатчиликнинг реакцияси янги фармонга ов қилиш, рухсатнома ва йўлланма бериш, унинг тўловлари тўғрисидаги барча маълумотларни доимий равишда очиқлаб бориш талабини киритишга туртки бўлган.

“Дастлаб лойиҳада ов қилиш билан боғлиқ очиқланиши лозим бўлган маълумотлар банди йўқ эди. Яқинда қўнғир айиқнинг ўлдирилиши билан боғлиқ воқеадан кейин аҳоли орасида катта резонанс берди. Шунга кўра ижтимоий аҳамиятга молик лицензияларнинг эгалари, рухсат берувчи ва олувчилар тўғрисидаги маълумотлар эълон қилиб борилувчи рўйхатга ов қилиш билан боғлиқ лицензияларни ҳам киритдик.

Лицензияга алоқадор ҳолатлар жуда кўп. Ер қаъридан фойдаланганлик учун рухсат олиш керак, текширилганда қайсидир давлат идораси раҳбари томонидан оғзаки “рухсат” асосида ишлаб келаётганини ҳам кўрдик. Фармон билан шу каби лицензиялар ҳақидаги маълумотларни очиқлаш мажбурияти юкланади. 1 июлдан бошлаб бу ҳам очиқланиши керак”, – деди у.

Фармонда кўрсатилган қоида ва тартибларнинг бузилиши давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчилик бузилиши сифатида баҳоланади.

Аксилкоррупция агентлиги очиқликка оид қонунчилик талабларини мунтазам равишда бузаётган мансабдорларни жавобгарликка тортиш бўйича Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб боради.

“Фармон билан белгиланган вазифалар қаторига “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш ҳам киритилган. Унинг асосий концепцияси сифатида давлат идораларининг очиқлиги презумпцияси жорий қилиняпти.

Бу нима дегани? Қонун билан тақиқланмаган барча маълумотлар очиқ бўлиши лозим. Бунинг ортидан "Давлат сирларини сақлаш тўғрисида" ги қонун қабул қилиниши ҳам белгиланяпти, унда қайси ҳужжатлар очиқланмаслиги кераклиги аниқ белгилаб берилади. Қайси ҳужжатлар давлат сирига боғлиқлиги ёки уни давлат сиридан чиқариш тартиби кўрсатилади. Унда белгиланмаган барча маълумотлар нафақат очиқланиши, балки уни ҳар қандай фуқаро олиш ҳуқуқига эга экани ва давлат идоралари бу талабга жавоб бермагани учун жавобгарлик қатъий белгиланади”, – деди Акмал Бурҳонов.

Президент фармони жамоатчиликда очиқ маълумотлардан фойдаланган ҳолда суриштирувлар ўтказиш имкониятини оширади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов ҳам фармон амалда ишлашини назорат қилишда агентлик кенг жамоатчиликнинг ёрдамига таянишини билдирди.

“Фармон ижросини назорат қилиш ва мувофиқлаштиришга масъул орган сифатида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги белгиланди. Бундан ташқари, фармон ижросини назорат қилишда фуқаролар ва жамоатчиликни ўрнини ошириш борасида бир қатор нормалар бор. Айниқса, давлат ташкилотлари ва вазирликлар қошидаги жамоатчилик кенгаши масъулиятини ошириш, кенгаш аъзолари рўйхатини эълон қилиш керак бўлади.

Албатта, фақат агентликнинг ўзи бу фармон ижросини назорат қилишга кучи етмайди, бизга фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва нодавлат ташкилотларнинг ёрдами керак. Шу мақсадда, агентлигимиз ҳузурида “Жамоатчилик назоратини ривожлантириш жамғармаси” ташкил қилиниши режалаштирилмоқда. Ушбу жамғарма орқали очиқлик таъминлашга ёрдам берадиган нодавлат ташкилотларни рағбатлантириш, уларга амалий, методик ва молиявий ёрдамлар кўрсатилади”, – деди Акмал Бурҳонов.

Фаррух Абсаттаров,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид