Ўзбекистон | 18:29 / 26.06.2021
47565
12 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги ўзгаришлар, коррупция ва ҳафталаб гўшт емайдиган оилалар. Эркинжон Турдимов билан суҳбат

«Шаҳар бўйлаб кўпроқ яёв юришга ҳаракат қиламан. Кабинетда ўтирсангиз, ҳаммаёқ яхши бўлиб кўринади-да. Пиёда юрсангиз, ҳамма нарсани кўрасиз. Юрагингиз оғрийди. Одамларнинг уйига кирсангиз, ҳаётни кўрасиз. Бир ҳафта эмас, бир ойдан бери гўшт емаган оилалар бор. Ҳатто холодилниги йўқ...»

Вилоят раҳбарлари билан интервьюлар ташкил этиб келаётган Kun.uz'нинг навбатдаги суҳбатдоши – Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов.

Суҳбатимиз Самарқанддаги қурилишлар, жамоат транспорти, коррупция, мажлислар, илк марта вилоят ҳокими лавозимига тайинланиши ва футбол каби мавзуларда кечди.

– Самарқандда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий масалалардаги муаммолар қанчалик ечим топяпти? Бундан сизнинг кўнглингиз тўляптими?

– Мамлакатда кўзга кўринадиган, эътиборга молик ўзгаришлар бўляпти. Ҳар қандай масштабдан қарасак ҳам буни илғаб олиш қийин эмас. Шу жумладан Самарқанд вилоятида ҳам. Лекин бу дегани ҳаммаси зўр кетяпти, муаммолар йўқ деган фикрдан йироқман. Муаммолар бўлади ва бу табиий нарса. Ҳар қандай ўсиш жараёнида адашишлар, камчиликлар бўлади.

Энди вилоятда амалга оширилаётган ишларга тўхталсам, Самарқанд шаҳрида 100 минг кишилик Қорасув массивини бунёд этяпмиз. Ҳозирда 6,5 минг хонадон қуриб фойдаланишга топширилди. Бу массивда нафақат уй-жой, балки тўлиқ инфраструктура яратилмоқда. Шаҳарча яқин 4 йил ичида тўлиқ қуриб бўлинади.

Бундан ташқари, Самарқандда яна иккита массив қурилиши режалаштирилган. Бири аэропорт яқинида, у ерда 95 минг кишилик шаҳарча қурилади. Иккинчиси халқ тилида “за линия” дейди, яъни темир йўл ортида бунёд этилади.

Бу ишларни бажарувчи қурилиш ташкилотлари, лойиҳа институтлари талабга жавоб берадими, деган савол туғилади. Кўпчилик соҳада бўлгани каби бу ерда ҳам муаммолар бор, янги лойиҳа институтлари, ўқитиш тартиби – ҳаммасини комплекс олиб боришимиз керак.

Яна бир муҳим соҳалардан бири – коммунал соҳа. Сув, газ, электр, йўл – тўғридан тўғри одамлар кайфиятига таъсир этади. Самарқанд шаҳрида ҳам, туманларда ҳам олдимизда катта-катта муаммоларимиз турибди.

Самарқанд – туристларни ҳамиша ўзига жалб этиб турадиган шаҳар. Қадимий шаҳарга келган хоҳ ички, хоҳ ташқи турист бўлсин, бир неча соат айланганидан кейин қаерга боради – меҳмонхонага. Туристлар кечки вақтларда кўнгил ёзиб дам олиши учун қулай инфратузилма, дам олиш, кўнгилочар жойлар ҳам ташкил этилиши керак. Шу сабабли Самарқандда туристик марказ барпо этиляпти. Мақсадимиз – келган туристларни шаҳарда иложи борича кўпроқ ушлаб қолиш.

Зиёрат туризмини ҳам ривожлантириш учун имом Бухорий мажмуаси қайтадан тўлиқ реконструкция қилиняпти. Ёнида ҳалол стандарти асосида ётоқхоналар мажмуалари қуриляпти. Бу ишлар – пандемиядан кейин туристик оқимни кўпроқ ўзимизга тортиш учун.

– Вилоятда амалга оширилаётган ишларга масъул раҳбар сифатида коррупцияга қарши қандай курашасиз?

– Бутун дунёда манаман деган давлатда ҳам коррупция бор. Бунинг ягона ва оддий ечими – жамоатчилик назорати. Жамоатчилик курашнинг биринчи ташаббускори бўлиши керак. Шунингдек, барча нарса: тендерлар, харидлар, бошқалар электрон базада акс этиши, натижада инсон омилини камайтириш керак. Мана шу икки иш: жамоатчилик назорати ва шаффоф электрон тизим коррупцияга қарши курашда жуда ҳам муҳим.

– Лекин баъзи жамоатчилик фаоллари ва блогерлар танқидий чиқишлари ортидан суҳбатга чақирилиши ҳолатлари ҳам кузатиляпти.

– Ҳар ким турли ҳаётий масалаларга ўз дунёқарашидан келиб чиқиб ёндашади, яъни ўз қаричи билан ўлчайди. Аждодларимизнинг бир ибратли сўзи бор: инсофни ҳар кимга Аллоҳнинг Ўзи берсин. Одамлар ичида айюҳаннос солиб тўполон қиладиганлари ёки ҳар бир гапини асослаб, таҳлил қилиб фикр билдирадиганлари бўлади. Фаоллар ёки блогерлар орасида ҳам шундай.

Биринчи тоифага кирадиган одамлар кўпинча бир жойга борса, иккинчи тарафнинг фикрини олмасдан, эшитмасдан ёзади. Шундай мурожаатлар келиб тушганда ўзимча ўйлайман, нега бир томонлама ёндашиб, бошқа манфаатдор тарафни ҳам тингламайди. Лекин шундай инсонлар борки, ҳақиқатни ёзади, масалани батафсил ўрганади, мутахассислар фикрини ўрганади, таҳлил қилиб оммага етказиб беради. Бу бутунлай икки хил ёндашув. Мана шу иккинчи йўлни тутган одамга ҳеч ким ҳеч нарса демаса керак. Қайсидир раҳбарга туҳмат қилган бўлса, чақириб гаплашган бўлиши мумкин, буни билмайман. Менга нисбатан шундай ҳодиса юз берса, худо шунга инсоф берсин, деб айтаман.

Ўзим ҳам ижтимоий тармоқларни кузатиб бораман. Ходимларимга муаммони бориб ўрганишни, тўғри бўлса, ҳал қилиб беришни буюраман. Нотўғри бўлса, жавоб ёзиб юборилади. Келган мурожаатларга имкон қадар жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Қарс икки қўлдан чиқади. Жамият ва раҳбарлар уйғунлиги бўлиши керак. Раҳбарлар жавобгарликни кўпроқ ҳис қилиши, масъулиятни сезиши ва ҳар битта вазиятни эшитиши зарур. Фуқаро адашган бўлиши мумкин, тушунтириш керак.

– Самарқанд шаҳри қадимийлиги қай даражада сақланиб қоляпти? Йўллар, янги бинолар шаҳар архитектурасига қанчалик мос?

– Инсон зоти борки, ўзидан яхши ном қолдиргиси келади. Мен Самарқандга келганимда шаҳарни бунчалик мураккаб деб ҳисобламаган эдим. Аввало, тарихий шаҳар, бой тарихга, илмли инсонларга эга. Бошқа тарафдан, Самарқандда жуда узоқ тарихга бориб тақаладиган муаммолари ҳам бор экан. Биргина канализацияни олсак, шаҳар аҳолисининг 40 фоизида канализация йўқ. Ички йўллар, инфратузилма объектлари аҳволини кўриб ўзим ҳайрон қолганман.

Самарқанд шаҳрини яхши билмаслигимни билганимдан кейин шаҳарда махсус кенгаш ташкил этдик. Шаҳар инфратузилмаси аҳволини яхшилаш бўйича алоҳида дастур қабул қилинди. Самарқанд архитектура институти олимлари билан шаҳар архитектура лойиҳалари бўйича иш олиб бордик.

Ҳозир шаҳарни кўрсангиз, кўп кўчалар қазиб ташланган. Бунга бир томондан ишлар тўғри йўлга қўйилмагани ҳам сабаб бўлган. Айниқса, ижрочи ишбошилар савияси, иш юритиш қобилияти кўп нарсани ҳал этади. Айрим жойларни ойлаб кавланган ётиши ҳам нотўғри, ёки муддатидан аввал кавлаб қўйиш ҳам ноқулайлик келтириб чиқаради. Яъни иш қанчалик ўрнида ва тўғри ташкил этилса, муаммолар кам бўлади. Иккинчи томондан, лойиҳада белгиланган график асосида иш олиб борилади ва киши кўзига хунук кўриниб кавланиб ётган кўчалар бир-бири билан боғлиқлиги бор.

Бундан ташқари, қурилишлар бўйича ҳам муаммолар етарли. Самарқанд шаҳрида ҳоким бўлиб ишлаган ўринбосарларимдан бири 183та қарорга қўл қўйиб кетган. Бу қарорларни шунчаки бекор қилиб бўлмайди, бу ерда тадбиркорнинг манфаати турибди. Суд ажримини кутишга 6 ой-1 йиллаб вақт кетади. Шу жараёнлар бўлиб турган пайтда кимдир ижтимоий тармоқда ноқонуний қурилиш бўляпти, деб жар солади.

Туман ва шаҳарлар ҳокимларига айтганмизки, ер ҳеч кимга берилмасин. Қайси ҳоким ерни берган бўлса, ўша жиноятчи. Чунки ер фақат аукцион орқали сотилиши керак. Шаҳар архитектураси инобатга олинмай аукционга чиқарилган ер эгаларига бошқа жойдан ер таклиф қиляпмиз. Агар ноқонуний эгаллаб олинган бўлса, суд қарори билан бекор қилинади.

– Самарқандда бошқа шаҳарлар каби йўқотилган яшилликни қайтаришга ҳаракат бўляптими? Шаҳарни яшиллаштиришга муносабатингиз?

– Дарахтларни кесишга қўйилган мораторий бежиз қабул қилинмади. Ростдан ҳам кўп дарахт кесиб юборилди.

Самарқандда аэропортни кенгайтириш жараёнида 5-10 дарахтни олишга тўғри келди. Махсус техника олиб келиб, илдизи билан суғуриб олиб, бошқа жойга ўтқазгандик. Яқинда бориб кўрдим, ўша дарахтлар ҳаммаси кўкариб турибди. Буни нима учун келтиряпман, тагидан кесмасдан шундай усуллар билан асраб қолса бўлар экан-ку.

Аввал ҳам, ҳозир ҳам дарахтлар экканмиз, гарчи қоғозда бўлса ҳам. Энди бошқача нарса сўраяпмиз: “Нечта дарахт экдинг?” эмас, “Нечтаси кўкарди?” Чунки эккан билан уни кўкартириш бошқа-бошқа нарсалар. Дарахтни суғориш тизимини йўлга қўймаса кўкармайди.

Самарқанддан имом Бухорий зиёратгоҳигача бўлган йўл икки четида баланд бўлиб ўсадиган дарахтларни парвариш қиляпмиз. Уларни парвариш қилиш, сув қуйиб туриш учун ишчилар ажратилган. Биз автойўл қошида кўкаламлаштириш бошқармаларини ташкил этдик. Улар йўл ёқасидаги дарахт ва буталарга жавоб беради.

– Йўллар тирбандлиги ва жамоат транспорти. Бу муаммо Самарқандда қандай ҳал этилади? Трамвай Самарқанд шаҳрига керакмиди?

– Қачон ҳамма, ҳатто машинаси борлар ҳам автобусга чиқади? Қачонки, машина эгасига автобусда юриш машинадан кўра афзал бўлганда. Бундай бўлмас экан, автобусга фақат муҳтожлар чиқади. Бугун муҳтожлар учунгина шароит яратиб берсак, машина эгалари ҳатто автобусга ҳам йўл бермай қўйяпти, автобус йўли ҳам “пробка”. Автобусларнинг шароитлари, қўшимча қулайликлари, ўз вақтида келиши, ҳайдовчининг кўриниши – булар бутунлай бошқа масала.

Ҳозирги кунда шундай масала қўйиляптики, автобус ўз йўналиши бўйича бошидан охиригача бир соатда бориши керак бўлса, йўлда ҳеч қандай тўсиқ бўлмаслиги учун имконият яратиш шарт.

Самарқанд шаҳар транспортини йўлга қўйиш учун россиялик мутахассислар билан ишлаяпмиз. Ўзимиз биламиз деб юрган эканмиз, ҳеч нарса билмаслигимизни тушундик, ҳеч қандай ҳисоб-китобсиз юрарканмиз. Давлат раҳбари ҳам илмни ишлатинглар, мутахассис олиб келинглар дея таъкидлаганди. Россиядан келган мутахассисларга ўзимизнинг олимлардан, талабалардан иш ўрганиш учун қўшдик. Ҳозирга келиб шаҳардаги транспортлар оқими тўлиқ инвентаризация қилинди. Яқин кунларда ўрганиш натижалари асосида ҳокимият ва вазир учун презентация қилиниши кутилмоқда. Шундан кейин дастур асосида ҳаётга татбиқ этамиз.

Биз олдин бир ишни қилиб, кейин лойиҳа қилардик. Маршрут линияларни очишда ҳам шу маршрут керак дейиларди, рухсат берардик, лекин унинг ҳисоб-китоби, унинг йўлида қандай ишхоналар бор – бу нарсаларни ўрганиб кўрмаганмиз.

Трамвайга келсак, бу албатта Самарқандга керак. Ҳозир бунинг ҳам ўз йўловчилари пайдо бўлди. Ҳар куни эрталаб уйимнинг олдидан ўтганда кўраман, одам тўла бўлади. Мутахассислар трамвай бўйича ҳам таклифлар беряпти, икки трамвай йўли ўртасида бекат қилиш имкони бор, бу ҳам баъзи ноқулайлик ва тирбандлик олди олинишига сабаб бўлади.

– Йўлларда велосипедчилар ва пиёдалар учун ҳам шароитлар керак.

– Ҳозир шаҳардаги йўллар кавлаб ташланган дедик, шу йўл қурилишларининг ҳаммаси пиёдалар ва велосипед йўлаклари билан бўлади. Бу ҳам бироз вақтдан кейин анча кўзга кўриниб қолади.

Уйга кўпинча яёв кетаман. Самарқандга энди ҳоким бўлганимда Улуғбек кўчасидан уйга пиёда кетардим, бир амаллаб у йўлни тўғрилаб олдик. Кейин пастки тарафдаги кўчалардан юрадиган бўлдим. Ҳусайн Бойқаро, Алишер Навоий кўчаларидан. Кейин Ободонлаштириш билан у тарафлардаги тротуарларни ҳам тўғрилаб олдик. Бу масала бошқа жойларга ҳам аста-секин ёйилди.

Мен шаҳарнинг турли нуқталарида кўпинча яёв юришга ҳаракат қиламан. Маҳаллаларнинг ичига кирамиз, кўп нарсани кўрамиз. Кабинетда ўтирсангиз, ҳаммаёқ яхши бўлиб кўринади-да.

Пиёда юрсангиз, ҳамма нарсани кўрасиз. Юрагингиз оғрийди. Одамларнинг уйига кирсангиз, ҳаётни кўрасиз. Атрофимдагиларга айтаман: «Бир жойга уйга бор, сен гўшт еяётган бўлсанг, бир ҳафта эмас, бир ойдан бери гўшт емаган оилалар бор. Ҳатто холодилниги ҳам йўқ...»

Бобур Акмалов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Отахон Юсупов.

Мавзуга оид