Ўзбекистон | 14:18 / 27.06.2021
47327
4 дақиқада ўқилади

ССВ Зангиота шифохонасидаги ҳолат бўйича маълумот берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 1-сон юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган беморлар тўғрисида маълумотлар берди. Айни вақтда шифохонада 1,4 мингдан ортиқ бемор даволанмоқда, шундан 138 нафари ҳомиладор аёл, 15 нафари чақалоқ.

COVID-19 инфекциясининг ҳудудлар кесимида қайд этилиши, хусусан, пойтахтимиз аҳолиси орасида кўпроқ кузатилаётгани сабабли охирги 10-15 кун ичида Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасига беморлар мурожаатлари нисбатан кўпайди. ССВ Матбуот хизмати Зангиота туманидаги 1-сон юқумли касалликлар шифохонасида бўлиб, марказ директори Анвар Ҳусановга бир неча савол билан мурожаат қилди.

— Зангиота туманидаги 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси неча ўринга мўлжалланган ва айни пайтда марказда қанча бемор даволанмоқда? 

— Маълумки, бундан салкам бир йил аввал юртимизда коронавирусга қарши курашиш чоралари доирасида ушбу инфекцияга чалинган беморларни даволаш учун Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 2та махсус тиббиёт мажмуаси фойдаланишга топширилган эди. 

Айтиш лозимки, ўтган қисқа вақт давомида мазкур тиббиёт муассасалари халқимиз саломатлигини асраш, хусусан, COVID-19га чалинган оғир аҳволдаги беморларни даволаш, уларга тезкор ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, бу орқали инфекция аҳоли орасида кенг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик бўйича юртимиздаги асосий шифо масканларига айланди.

Афсуски, сўнгги кунларда мамлакатимиз, хусусан, пойтахтимиздаги эпидемиологик вазият бироз мураккаблашиши Зангиота туманидаги 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси фаолиятига ҳам таъсир этмай қолмади. Айниқса, охирги икки ҳафта давомида тиббиёт муассасамизга мурожаат қилувчи беморлар сони кескин ортгани биз шифокорларни жиддий ташвишга солмоқда.

Хусусан, айни пайтда 2016та ўринга эга бўлган шифохонада 1400 нафардан ортиқ бемор белгиланган стандартлар бўйича даволанмоқда.

— Шифохонада нечта реанимация бўлими бор ва уларда қанча бўш жой мавжуд?

— Шифохонамизда 6та реанимация бўлими бор ва уларда 232та ўрин ташкил қилинган. 

Ҳозирги кунда ушбу реанимация бўлимларида 203 нафар бемор белгиланган стандартлар бўйича даволанмоқда. Бўш ўринлар сони эса 29тани ташкил этмоқда.

Реанимация бўлимидаги ҳар бир койка сунъий ўпка вентиляцияси ва замонавий даволаш аппаратлари билан жиҳозланган. Шу билан бирга, ҳар бир бўлимда санитар ўтказгич ташкил қилинган.

— Шифохонада ҳомиладор аёл ва болалар учун нечта ўрин ташкил қилинган ва ҳозирда қанча ҳомиладор аёл ва болалар даволанмоқда?

— Бугунги кунда коронавирус инфекциясининг мутацияларга учраши ва унинг кўплаб штаммлари аниқланаётгани пандемик вазиятни янада чигаллаштирмоқда. Хусусан, касалликнинг «британча» штамми болаларда ҳам кўп кузатилиб, айримларда эса касаллик оғир ўтмоқда.

Юртимизда ҳам жорий йил бошидан болалар ўртасида касаллик қайд этила бошлагач, Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасида улар учун алоҳида ўринлар ажратилди. Жумладан, айни пайтда марказда 162 нафар 18 ёшгача бўлган бола даволанмоқда.

Шунингдек, муассасада ҳомиладор аёллар учун 158 ўринли туғруқ комплекси бўлиб, шундан ҳомиладорлар патологияси бўлими 146та, реанимация бўлими 12та ўринга мўлжалланган. Шу билан бирга, 30 ўрин чақалоқлар ва 6 ўрин реанимация бўлимига ажратилган. Ҳозирги кунда марказда 138 нафар ҳомиладор аёл ва 15 нафар чақалоқ даволанмоқда.
 

Мавзуга оид