Спорт | 21:59 / 27.06.2021
17786
10 дақиқада ўқилади

Евро-2020. Италияда қийинчиликлар бошланди, аммо рекорд ўрнатилди

«Скуадра адзурра» ҳам Евро чоракфиналида, аммо қийинчиликлар бошланди.

Евро-2020. 1/8 финал
Италия — Австрия — 2:1 қ.в.
(0:0, 0:0, 2:1)
Голлар: Кьеза, 95 (1:0). Пессина, 105 (2:0). Калайжич, 114 (2:1).
Италия: Доннарумма, Бонуччи, Ачерби, Спинаццола, Ди Лоренцо, Верратти (Локателли, 68), Жоржиньо, Барелла (Пессина, 68), Иммобиле (Кьеза, 84), Инсинье (Кристанте, 108), Берарди (Белотти, 84).
Австрия: Баҳманн, Драгович, Алаба, Ҳинтереггер, Лайнер (Триммел, 114), Забитцер, Лаймер (Илзанкер, 114), Гриллич (Шауб, 106), К.Шлагер (Грегорич, 106), Баумгартнер (Шепф, 90), Арнаутович (Калайжич, 97).
Огоҳлантиришлар: Арнаутович, 2. Ди Лоренцо, 50. Барелла, 51. Ҳинтереггер, 103. Драгович, 120.
Ҳакамлар: Тэйлор. Бесуик, Нанн (барчаси — Англия).
ВАР: Аттуэлл. Беттс, Кавана (барчаси — Англия), ван Букел (Нидерландия).
26 июнь. Лондон. «Уэмбли» стадиони.

Италия гуруҳ босқичининг энг ёрқин жамоаси бўлган, уч ўйинда уч ғалабага эришиб, жами 8 гол урган ва ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолганди. Аммо аниқлик киритиш керакки, италияликларнинг гуруҳи анчагина кучсиз ва улар учун қулай рақиблардан ташкил топганди. Туркия, Швейцария ва Уэльснинг бирортаси италянларни кучли прессинг билан қарши олмади, шундай экан, яримҳимоя чизиғидаги технар футболчилар ортиқча босимсиз ўйин ташкил этиш имконига эга бўлишди. Австрия ҳам таркибдаги номларга қаралса топ-жамоа эмас, аммо таркибнинг деярли барча футболчилари юқори прессинг билан ўйналадиган Бундеслига вакилларидир. Шундай экан, бу ўйин арафасида Италия учун хавотир бор эди - рақиб камида ўйин услуби билан ноқулайлик туғдирарди.

Роберто Манчини кутилган таркибни туширди. У гуруҳдаги иккинчи ўйинда илк дақиқалардан ҳаракат қилган таркибни деярли такрорлади, фақат Локателли ўрнини Верратти эгаллади. Жароҳат туфайли дастлабки ўйинларда қатнаша олмаган «ПСЖ» яримҳимоячиси Уэльсга қарши учинчи тур ўйинидан кейин олқишларга сазовор бўлганди.  Франко Фода ҳам сюрприз қилмади: у Украинага қарши яққол устунликда ўтган ўйиндаги таркибда бирорта ўзгариш амалга оширмади. Тўрт ҳимоячи, Алаба қанотда, таянч зонасида икки футболчи, Арнаутович ортида уч ҳужумкор футболчи.

Илк дақиқаларданоқ Австрия Италияни юқори прессинг билан қийнашни бошлади, дастлабки 15 дақиқада Манчини жамоасида тўп турмай қолди: тўпга эгалик қилиш бўйича кўрсаткич 33 фоиз ва паслар аниқлиги 80 фоиз атрофида, жамоанинг асосий плеймейкери Барелланинг узатмаларининг ярмидан кўпи ноаниқ чиқди. Австрияликлар агрессивлик билан босим уюштиришди, қўполликлар ҳам бўлди, 15 дақиқаликда ҳимояда 14 ҳаракат амалга оширилди.

Юқори прессингга қарамасдан, ўйиннинг бу қисмида ҳам Италия зарбалар бериш бўйича устунлик қилди (4:1), аммо шу 15 дақиқаликдан кейин ўйин характери ўзгарди. Австрия чуқурроқ ҳимояланишга ўтди, олдинда ёлғиз Арнаутович қолдирилди ва у уч ҳимоячига қарши ҳеч нарса қила олмади (бунга қаттиқ ҳаракат ҳам қилмади). Ди Лоренцо орқада қолиб ўйнади, шунинг эвазига Италия ҳимояда учга бир кўринишида устунликка эга бўлди.

Австрия майдоннинг иккинчи томонига жуда кам ўтди, қолаверса дарвозабон Даниэль Баҳманн оёғи билан яхши ўйнай олмаслиги маълум бўлди. У тўпни керакли ҳудудларга етказиб бера олмади — унинг узоқ масофаларга узатмаларининг деярли барчаси тўп йўқотилиши билан тугади.

Илк 15 дақиқаликдан кейин эса италянлар тўпга эгалик қилиш борасида тотал устунликка эга бўлишди - 63 фоиз, паслар аниқлиги 90 фоизга етди. Шу билан бирга комбинациялар ва хавфли вазиятлар кутилмаган индивидуал ҳаракатлар эвазига яратилди. Масалан, Иммобиле ортга қайтди ва бир пас билан рақиб ҳимоячини кесиб ўтиб Берардини олдинга чиқарди. Яна бир вазиятда унинг ўзи зарба беришга муваффақ бўлди, тўп тўсинга тегди. У чизиқлар орасида рақиб хатосини пойлади: марказий ҳимоячилар уни таъқиб эта олишмади, Гриллични эса Барелла ўзи билан банд қилиб ташлади ва ўнг қанотда доимий равишда бўшлиқлар юзага келди.

Позицион ҳужумлардаги ягона хавфли вазият эса узоқ давом этган босимдан кейин рўй берди - Спинаццола ва Инсинье чап қанотда бир-бири билан ўйнаб, бир неча футболчини ўзларига жалб қилишди, кейин Спинаццола нариги қанотда очилган Бареллани тўп билан таъминлади, у эса жарима майдони ичига кириши билан зарба берди, аммо бироз ноаниқ.

Умуман олганда, бўлим якунига қадар Италиянинг тўлиқ устунлиги қайд этилди: зарбалар бўйича 12:1, Баумгартнернинг ягона зарбаси хавфли ҳам чиқмади. Тўғри, яққол голли вазиятлар италияликларда ҳам бўлмади, аммо Италия гол уриш учун ўйнади.

Манчини танаффусда бир қатор ўзгаришлар қилди, лекин бу ўйин боришини ўзгартира олмади. Энди Ди Лоренцо ҳимояда қолмади ва Спинаццола каби ҳужум чизиғига қадар кўтарилди. Шунингдек, прессинг схемаси ўзгартирилди, очиқроқ ўйнашга ўтилди. Бунинг икки оқибати бўлди.

Биринчидан, Италия янада кўпроқ ҳудудий устунликларга эга бўлди. Марказдаги футболчилар рақиб жарима майдони томон сурилди, Ди Лоренцо олдинга чиқиб ўйнаши эвазига ҳужумда вариантлар ортди. Бўлим бошида италияликлар тўпга эгалик қилиш бўйича тўлиқ устунлик қилишди.

Иккинчидан, Австрияда ҳам ҳужумларга ўтиш имконияти пайдо бўлди. Манчинининг рақибга босимни ошириш қарори рақибга қарши ҳужумлар учун ҳам имконият тақдим этарди. Австрияликлар прессингни енгиб ўтган вазиятлардан бирида Арнаутович икки ҳимоячи қаршисида қолди ва уларнинг иккисини ҳам ортда қолдирди, аммо ёндан очилиб келган шеригини тўп билан таъминлаш ўрнига ноаниқ зарба йўллади.

Очиқ ўйин туфайли Италия Манчини хоҳлаган тўп назоратига эга бўлолмади. Аксинча, тўп йўқотишлар кўпайди ва Австрия тўпга эгалик қила бошлади. Австрияликлар 7-8 дақиқа давомида тўпни ўзларида олиб юришди, аммо голли вазият ярата олишмади, шундан кейин навбат италияликларга келди, лекин улар ҳам ҳужумлар қила олишмади, қолаверса, ҳимояда рақиб устидан назоратни йўқотишди.

Иккинчи бўлим ўрталарига келиб зарбалар бўйича ҳисоб 3:7 кўринишига келди — буни биринчи бўлимдаги 11:1 билан таққослаб бўлмайди. Бундан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин эди, аммо Австрия урган гол офсайд туфайли бекор қилинди. 

Шундан кейин Манчини икки футболчини алмаштирди. У схемани сақлаб қолди, аммо яримҳимояда Верратти ва Бареллани майдондан олиб, Пессина ва Локателлини туширди. Манчинининг футболчи алмаштиришлари ўйинни биринчи бўлимдаги ҳолатга қайтарди: итальянлар тўпни ўзида олиб юра бошлашди, майдон марказида назорат қайтарилди, лекин голли вазиятлар бўлмади. Шунда ҳам Манчини ҳужумда ўзгариш қилишга шошилмади, ҳолбуки захирада исталган вазиятда туриб тўпни дарвоза сари олиб боришга ва зарба беришга қодир бўлган Федерико Кьеза бор эди.

Франко Фода ҳам футболи алмаштирмасдан ҳайрон қолдирарди, аммо унинг қарорини тушуниш мумкин: Италия билан 0:0 ўйнаш — унинг жамоаси барчасини тўғри қилаётганини англатарди. Манчинининг кечикиб қилган ўзгаришларини эса тушуниш қийин. У 85-дақиқада ҳам икки футболчи туширди. Тўпни ўзига ўнглаб олишга етарлича фурсат бўлганига қарамай, олифталарча қайчи услубида зарба беришга уринган Берарди ҳам майдондан олинди. Бу вазиятда Италия термаси футболчиси бўлим бошидан буён илк марта бу қадар бўш қолдирилганди, аммо у бу имкониятдан жуда ёмон фойдаланди.

Бўлимнинг қолган қисми зерикарли кечди - икки томон ҳам қўшимча бўлимларга тайёрланарди. Австрия алмаштиришлар қилмасдан ўйинни ўз дарвозасидан узоқроқда олиб боришга эришди.

Фода илк алмаштиришни 90-дақиқада амалга оширди — у ҳам мажбурий ўзгариш бўлди. Овертаймларда эса яна уч футболчи алмаштирилди. Аммо икки мураббийнинг ҳам бу ўйиндаги қарорлари саволлар туғдиради. Худди ҳакам Энтони Тейлорнинг қарорлари каби. Масалан, Лаймер беш марта фол қилди (жарима майдони олдида ҳам), аммо бирорта карточка олмади.

Биринчи овертайм бошида Италия чап қанотдан босим қилди, кейин Спинаццола қарама-қарши томонда Кьезани топди ва уни ажойиб пас билан таъминлади. Кьеза Лаймерни айланиб ўтди ва тўпни дарвозабоннинг ёнидан ўтказиб дарвозага жойлади.

Бу гол итальянларнинг биринчи бўлимдаги энг яхши вазиятига ўхшаш вазиятдан урилди. Яна савол туғилади: очиқчасига ёмон ўйнаётган Берарди ўрнига Кьезани тушириш нега бунча кечиктирилди? У даҳо эмас, аммо ҳамиша ишни керакли даражада бажаради. Гол оддийлик билан урилди, лекин у Австриянинг бўш нуқтасини топа олди.

Иккинчи гол ҳам Спинаццоланинг ажойиб паси билан бошланди, бу ҳужумда ҳам захирадан тушган футболчилар қатнашди. Белотти жарима майдонида керакли вазиятда корпус қўйди (Иммобиле бундай қилмаган бўларди) ва тўпни сақлаб қолди, у йиқилганда эса тўпга биринчи бўлиб Пессина етиб келди.

Ҳа, Манчинида барчасини асосий вақтда ҳал қилишга қодир ижрочилар бор эди. Рақибга босимни ошириш ва қанотларнинг алмашиши бутун ўйин давомида устунликни таъминлади, аммо голли вазиятлар кўп бўлмаганди.

Иккинчи овертаймда Австрия ўзи ҳақли бўлган голни урди — жамоа таслим бўлмади ва жавоб қайтариш учун вазиятлар ярата бошлади ва ҳайратланарли голни урди ҳам. Калайжич уч рақибга қарши курашда устун келиб, дарвозани ишғол этди.

Катта турнирларда фаворитларда ёмон кунлар ва қийин ғалабалар бўлади, аммо булар жамоада ишончни мустаҳкамлайди. Айтиш мумкинки, шанба оқшоми Италия учун шундай кун эди. 

Бундай ҳолатда рақамлар муҳим эмас, аммо Манчини жамоаси мағлубиятсиз ўйинлар бўйича миллий рекордни янгилади, ўтган асрнинг 30-йилларидаги Витторио Поццо жамоасининг натижаси биттага яхшиланди — 31 ўйин. Энди италянлар кейинги босқичда Испания ва Хорватия жуфтлиги ғолиби билан тўқнашади.

Мавзуга оид