Ўзбекистон | 08:12 / 28.06.2021
5269
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон «Замонавий Ипак йўли» дастурига қўшилди 

25 июн куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (ТТДҲК) бош котиби Бағдод Амреев билан учрашув ўтказди.

Томонлар икки тарафлама ҳамкорликнинг асосий йўналишлари юзасидан фикр алмашди ва устувор йўналишлар бўйича муносабатларни янада кучайтириш борасидаги қадамларни муҳокама қилди.

ТТДҲК фаолиятини янада мустаҳкамлаш мақсадида амалий ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилди. Ўзбекистон томони “Турк дунёси истиқболларининг кўриниши – 2040” ва “Туркистон кенгашининг 2020-2025 йилларга мўлжалланган стратегияси” каби бир қатор концептуал ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва мувофиқлаштиришда фаол иштирок этади.

Томонлар Қўқон шаҳрида Туркий кенгаш мамлакатларининг туризм масалалари вазирлари учрашуви муваффақиятли ўтказилганини қайд этдилар. Учрашув натижаларидан бири Ўзбекистоннинг “Замонавий Ипак йўли” дастурига қўшилгани бўлди.

“Замонавий Ипак йўли” лойиҳаси 2018 йилда Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар туризм масалалари вазирларининг Остонадаги йиғилишида ташкил топган. Лойиҳанинг асосий мақсади барча ТТДҲК мамлакатларини қамраб оладиган қўшма туристик хизматларини ривожлантириш ва илгари суришга мўлжалланган платформа яратишдир.

ТТДҲК билан инвестициявий, савдо-иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Шу нуқтайи назардан, вазифаларига ТТДҲКга аъзо мамлакатлардаги лойиҳаларни молиялаштириш кирадиган Қўшма инвестиция ва интеграция жамғармасини ташкил этиш бўйича биргаликда иш олиб боришнинг имкониятлари кўриб чиқилди.

Шунингдек, томонлар ТТДҲК мамлакатлари ҳудудларидан ўтувчи транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш ва транспорт-логистика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишни назарда тутган ҳолда транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорлик қилиш йўлларини кўриб чиқди.

Жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган ёшлар ва спорт ишлари масалалари вазирлари, қишлоқ хўжалиги вазирлари йиғилиши, Ёш тадбиркорлар форуми ва Туркий агрофорум каби қатор икки томонлама тадбирларга тайёргарлик кўришда кейинги қадамлар белгиланди.

Мавзуга оид