Жамият | 09:39 / 29.06.2021
8816
7 дақиқада ўқилади

 800 АҚШ долларигача стипендия, яшаш харажатлари ҳақида – Хитойдаги докторант билан суҳбат

UzbekLife чет элдаги ватандошлар билан суҳбатларини давом эттиради.  Бу гал бир неча йиллардан буён Чин юртида илмий изланишлар олиб бораётган ҳамюртимиз Зуҳриддин Ширинбоев билан интервью ташкил қилдик.

Суҳбатдошимиз ҳозирда Хитойнинг Чунцин шаҳридаги Southwest университетида PhD босқичида таҳсил олади.

Мутахассислигим қатори хитой, инглиз тилларини пухта ўзлаштиришга ҳаракат қилдим

1992 йил Навоий вилояти Хатирчи туманида туғилганман.

1999-2010 йиллар туманимиздаги 4 сонли ўрта мактабда ўқидим. Бир муддат, яъни 2009-2010 йиллар ёзги таътил даврида Навоий эркин иқтисодий зонаси қурилишида пайвандчи ёрдамчиси сифатида ишлаганман. Ўша пайтда кореялик муҳандисларга таржимонлик қилиб юрган қиз менда ҳавас уйғотган.

Аввало, ота-онамнинг тўғри йўналиш беришганлиги ва ана шу ҳавасга эргашиб, 2010 йил Тошкент давлат шарқшунослик университети “Марказий Осиё халқлари тарихи (хитой-инглиз гуруҳи)” йўналишига ўқишга кирдим. Университетда ҳам мутахассислигим қатори хитой, инглиз тилларини пухта ўзлаштиришга ҳаракат қилдим. Шу боис, 2013-2014 йиллар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги талабалар алмашинуви бўйича ҳозир докторантурада ўқиётган Southwest университетидаги бир йиллик хитой тили малака ошириш курсида ўқидим. Ушбу олийгоҳдаги бир йиллик ўқиш даври дунёқарашим бойишида муҳим бўлди, десам муболаға бўлмайди.

Айни шу вақтда энг юқори HSK-6 – хитой тилини билиш даражасини белгиловчи имтиҳонни муваффақиятли топширдим. Шу билан бирга, “Хитой тили юлдузи” нотиқлик санъати мусобақасида ҳам ғолибликни қўлга киритдим. Бир йиллик таҳсилдан кейин Ўзбекистонга қайтиб бакалавр босқичини тамомлагач, 2015 йил “Жаҳон сиёсати” йўналиши бўйича магистратура босқичи учун яна Хитойга қайтдим. Магистратура босқичида таҳсил олган даврда уч йил кетма-кет “Excellent International student scholarship” намунали чет эллик талаба стипендиясини олишга муваффақ бўлдим.

2018 йилдан буён PhD босқичи талабасиман. Ҳозирда “Хитой-Ўзбекистон муносабатларининг янги тарихи унда “Бир макон – бир йўл дастурининг ўрни” мавзусида илмий изланиш қиляпман.

Талабаларнинг бир ойлик харажати 200 – 400 АҚШ доллари атрофида

Southwest university – Хитой Халқ Республикасининг Чунцин шаҳрида жойлашган. Олийгоҳ Times Nigher Education, Academic Ranking of World Universities’да 473 ўринни эгаллайди. 2021 йил ҳисобида 54 000 дан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Шундан 40000 талаба бакалавр йўналишида, 11 000 талаба магистр ва PhD босқичида қолган 3000 ни эса дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатидан келган хорижлик талабалар ташкил этади.

Қолаверса, таълим муассасамизда 29 та Халқаро тадқиқот марказлари жойлашган ва 120 дан ортиқ лабораториялар бор.

Университетда чет эллик талабалар учун бир неча таълим грантлари мавжуд. Хусусан, стипендия турига қараб 200 – 800 АҚШ доллари миқдорида стипендия олиш мумкин. Талабаларнинг бир ойлик харажати эса тахминан, 200-400 АҚШ доллари атрофида. Барча чет эллик талабалар учун университетда меҳмонхона шаклидаги барча қулайликларга эга бўлган ётоқхона бор.

Университетга қабул қилиниш талаблари эса бир қанча босқичлардан ўтишни талаб этади. Хитой ҳукумати ҳозирги кунга келиб Чет эллик талабалардан тил билиш даражаси сертификати  HSK ёки IELTS’га эга бўлишни талаб қилмокда. Бундан ташқари ушбу олийгоҳда ўқиш учун талаба ўз йўналиши бўйича мақолалар чиқариши ҳамда танлаган мутахассислиги бўйича онлайн суҳбатдан ўтиши керак. Яна шуни қўшимча қилмоқчиманки, университетга қабулдан ҳам кўра ўқув жараёни ва битирув имтиҳонлари анчайин мушкул ҳисобланади.

Кичик синфлардан бошлаб соҳаларга ажратилади

Билишимча, Хитой мактабларида таълим кичик синфлардан бошлаб соҳаларга ажратилади. Яъни гуманитар, аниқ ёки табиий фанларга. Ёшлар кичиклигидан ўзи танлаган соҳани чуқурлаштирилган тарзда ўрганади. Бу учун давлат барча шароитлар яратиб бермоқда. Қолаверса, бу ерда ҳар бир иш ўрни учун кучли рақобат мавжуд. Айни шу нарса ҳам хитойликларнинг етук мутахассис бўлишига хизмат қилмоқда, деб ўйлайман.

Эътиборлиси, мамлакатдаги таълим муассасаларида 24 соат хизмат кўрсатувчи кутубхоналар бўлиб, эрталаб 8:00 дан кеч 22:00 га қадар бўш ўрин топиш энг қувончли ҳолатлардан бири.

Очиғи, яна бир муҳим жиҳатлардан бу – Ўзбекистондан фарқли равишда Хитойдаги ҳар қандай илмий ишларингиз, ҳатто бакалавр, магистр ишларингиз, албатта, ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Содда қилиб айтганда, шунчаки қоғозбозлик учун илмий иш қилмайсиз. Тайёрлаган ишингизда янгилик бўлиши ва амалиёт татбиқ этилиши лозим.

58 мингга яқин иероглифлари бор

Хитой иероглифлар сони турли манбаларга кўра, 58 мингга яқин. Тан олиб айтиш керакки, мамлакатдаги энг кучли профессорлар ҳам бунча кўп ёзувларни ёддан билишмайди. Аммо, шундай бўлса-да, Хитойда иероглифларни билиш талаби қатъий қўйилган.

Мутахассис сифатида айта оламанки, хитой тили мураккаб бўлишига қарамай, ушбу тилни билиш ҳар томонлама фойдали. Маълумки, БМТнинг 6 та иш тили мавжуд. Хитой тили ҳам мазкур 6 тилнинг бири. Қолаверса, Ўзбекистон-Хитой муносабатлари йилдан йилга ривожланиб боряпти. Демоқчиманки, ушбу тилни ўрганиб, келажакда даромадли соҳаларда ишлаш мумкин.

Соҳа қизиқувчиларга маълумот сифатида айта оламанки, илмий йўналишдан бошқа вакиллар 2 мингдан зиёд хитой иероглифларини билиши, хитой тилида сўзлашиш учун етарли бўла олади.

Хитой, инглиз, рус ва туркман тилларида эркин сўзлаша оламан

Қарийб олти йилдан буён яшаб гувоҳ бўлганим, хитойликлар ҳанузгача Ўзбекистон ҳақида кўп ҳам билишавермайди. Аммо, илк 2013 йилда келган пайтларимдан кўра, Ўзбекистонни таниб бораётганлар кўпайган. Бунга сўнгги йилларда давлатимизнинг жаҳон ҳамжамияти учун тобора кенг очилиб бораётгани ва Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасидаги фаоллиги сабаб бўлди, деб ҳисоблайман.

Бугунги кунда, хитой, инглиз, рус ва туркман тилларида эркин сўзлаша оламан. Хорижий тилларни билишим бу ерга мослашишим ва ўқишдан ташқари пул ишлашимга ёрдам берган. Мисол учун, 2015 йилдан буён хитойлик ўқувчиларга инглиз тилини ўргатиб келаман. Шу билан бирга, 2016 йилдан бери Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги турли йирик тадбирларда таржимонлик вазифасини бажаришга муваффақ бўлдим. Шунингдек, ШҲТнинг Ёшлар лигаси аъзоси сифатида Хитойда мамлакатимиз салоҳиятини фаол тарғиб қилишга ҳаракат қиляпман.

Келгусида эса, иккала давлат ҳамкорлигини янада ривожлантирадиган дипломат бўлиш ниятидаман.

Аслиддин Аннаев суҳбатлашди

Мавзуга оид