Ўзбекистон | 11:58 / 29.06.2021
1227
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда ота эгиз фарзандлари учун 84 миллион сўм алимент тўлади

Фото: KUN.UZ

Самарқанд вилояти Пайариқ  туманида ота эгиз фарзандлари учун 84 миллион сўм алимент тўлаган. Бу ҳақда туман МИБ бўлими хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг қарори билан фуқаро Б.Ж.дан ундирувчи Б.Г.га икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун даромадининг учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.

Бу ҳолат бўйича МИБ Пайариқ бўлими томонидан ижро иши юритилган. Аммо фуқаро Б.Ж. алимент тўловларини тўламасдан келган. МИБ ходимлари томонидан қарздор Б.Ж. билан тушунтириш ишлари ўтказилган ва унга фарзандларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳар бир отанинг бурчи экани тушунтирилган.

Бундай маслаҳат ва суҳбатдан ўзига тўғри хулоса чиқарган қарздор ота ўша куни фарзандлари таъминотини ўйлаб, шу пайтгача бўлган қарзи 84 миллион 280 минг сўм пулни тўлаб берган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид