Ўзбекистон | 09:38 / 29.06.2021
7374
3 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг. Янгийўлда 1 йил токсиз ётган янги заводлар электр энергиясига уланди

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида жойлашган, “Шўралисой” саноат зонасидаги янги заводлар юқори кучланишли электр энергияси етказиб берилмаётгани сабабли ишламаётган, бундан эса инвесторлар зарар кўраётганди. Kun.uz'даги танқидий мақоладан сўнг муаммо ҳал этилди.

Kun.uz мухбири амалга оширилган ишларни тасвирга олиш мақсадида яна бир бор Янгийўлда бўлди.

Тошкент вилояти кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияси масъул ходими Шуҳрат Деҳқонбоевнинг айтишича, айни пайтда ҳудуддаги корхоналар етарли кучланишдаги электр энергияси билан таъминланган.

Шуҳрат Деҳқонбоев

«Подстанциямиздан шу кунгача аҳоли ҳамда кичик саноат зонасидаги тадбиркорлар электр энергияси билан таъминлаб келинган. У аввал Автомобил йўллари давлат қўмитаси балансида бўлиб, қаровсиз ҳолатда турарди. Трансформатор бу ердаги корхоналарни етарли кучланишдаги ток билан таъминлаб бера олмасди.

Тадбиркорларнинг Kun.uz’га мурожаатидан кейин, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг аралашуви билан подстанция қўмитадан акциядорлик жамияти балансига ўтказилди ва қисқа фурсатларда қайта таъмирлаб берилди.

Ҳозирги кунда 2 минг 500 кВт трансформатор ўрнига 10 минг кВт кучланишга эга бўлган ускуна ўрнатилиб, саноат зонасидаги ҳамма корхоналар етарли кучланишли электр энергияси билан таъминланди», – дейди дирекция масъули.

«Кавсар-мадад» хусусий корхонаси иш бошқарувчиси Фирдавс Абдуалимовнинг сўзларига кўра, Kun.uz'даги мақоладан сўнг Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ вакиллари келиб, подстанцияни ўрганишган; сўнг янги, заводларни ишга тушириш учун қуввати етадиган трансформаторлар ўрнатилган.

Фирдавс Абдуалимов

«Яқинда бўёқ ва металлургия заводларимиз ишга тушади, ишлаб чиқаришни бошламоқчимиз», – деди у.

Янги трансформатор ўрнатиш ишлари 3 кун давом этган. Айни пайтда подстанция ҳудудида зарурий эксплуатация қилиш ишлари бажарилмоқда.

Мавзуга оид