Жаҳон | 15:13 / 02.07.2021
46019
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан 9 мингга яқин афғонни вақтинча қабул қилишни сўради - ОАВ

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Марказий Осиёдаги учта давлатдан Қўшма Штатлар билан ҳамкорлик қилган 9 000га яқин афғонистонлик фуқарони вақтинча ўз ҳудудида жойлаштиришни сўради. Бу ҳақда Bloomberg музокаралардан хабардор бўлган икки манбасига асосланиб хабар қилди.

Қайд этилишича, Қўшма Штатлар қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилгандан сўнг, бу одамлар хавф остида қолиши мумкин 

Шу билан бирга, нашр афғонларга алоқадор битим Марказий Осиё мамлакатлари билан Афғонистон бўйича келгусида ҳамкорликни йўлга қўйиш учун янада каттароқ битимнинг бир қисми бўлишини таъкидламоқда. 

Манбалардан бирига кўра, ушбу масалалар АҚШ тегишли тузилмалари вакилларининг Вашингтонда бўлиб турган Ўзбекистон ва Тожикистон ташқи ишлар вазирлари билан учрашувида муҳокама қилинган. 

Маълум қилинишича, Қўшма Штатлар Ўзбекистон ва Тожикистондаги ҳамкасблари билан Вашингтонга ушбу мамлакатлар ҳудудларидан разведка амалиётларини ўтказишга имкон берувчи шартнома лойиҳасини ҳам муҳокама қилмоқда. 

«Улар бизни тезда кўчириб ўтади деб умид қиламиз, сабаби хавфсизлик даражаси ҳақиқатан ҳам ёмонлашмоқда ва бу мамлакатлар Афғонистонга қараганда анча хавфсизроқ», деган АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган лойиҳа ходими Амин Раҳимий жума куни Bloomberg’га телефон орқали. 

АҚШнинг илтимоси америкалик ҳарбийлар қарийб йигирма йилдан сўнг Афғонистон марказидаги Багром аэродромини тарк этгани ҳамда уни Афғонистон миллий мудофаа ва хавфсизлик кучларига топширгани фонида янгради.

Кобулдан 60 километр узоқликда жойлашган Багром аэродроми АҚШнинг Афғонистондаги энг йирик ва асосий авиабазаси бўлган. 

Бугунги кунда Кобул аэропорти ҳамда мамлакат пойтахтидаги АҚШ элчихонаси хавфсизлигини таъминлаш учун 1 000га яқин америкалик ҳарбий Афғонистонда қолмоқда. 

«Ҳақиқат шуки, Афғонистоннинг омон қолиши, хавфсизлиги ва бирлиги хавф остида», деди Афғонистон Миллий ярашув кенгаши раиси Абдулла Абдулла чоршанба куни юқори даражадаги сиёсий раҳбарлар иштирок этган учрашувда.

Байден маъмурияти можаро пайтида АҚШ ҳарбийлари билан яқиндан ҳамкорлик қилган афғонларга иммиграцион визалар бериш жараёнини тезлаштириш тўғрисида ҳам ваъда қилди.

Давлат котиби Энтони Блинкен июн ойида АҚШ толиблар қурбонига айланиши мумкин бўлган афғон расмийлари - таржимонлар, ҳайдовчилар, қурувчилар ва бошқа ходимларга ёрдам бериш учун «барча имкониятларни» кўриб чиқаётганини айтганди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид