Ўзбекистон | 09:07 / 02.07.2021
8837
3 дақиқада ўқилади

«Аёлларни зўравонликдан асраш учун эркаклар билан ишлаш механизмини яратиш керак» – Реабилитация маркази раҳбари

2021 йилнинг дастлабки 5 ойида республикадаги реабилитация марказларига 5500 нафар аёл мурожаат қилган. Шундан 3500 нафари зўравонликка учраган аёллардир. Булар орасида энг катта рақамни руҳий ва жисмоний зўравонликка учраганлар ташкил этади. Бу ҳақда Kun.uz мухбирига Республика реабилитация маркази директори Муқаддам Расулова маълум қилди.

«Ҳар бир муаммонинг илдизи бартараф этилмаса, такрорланаверади. Реабилитация марказларига аёллар зўравонликка учраб бўлгандан кейин мурожаат қилишади. Аслида оилада шунгача бўлган ҳолат ўрганилиши ва бунинг олдини олиш лозим.

Биз бир томонлама ишлаяпмиз: жабр кўрган аёлга психик, юридик жиҳатдан ёрдам беряпмиз, лекин унга зўравонлик қилган турмуш ўртоғи билан ишлашимиз керак, бу эркак ҳам шундай психологик ва юридик тарбияга муҳтож бўлиши мумкин. Аёлларга ана шундай икки томонлама ёрдам берилиши керак. Фақат аёлнинг эмас, оиланинг муаммоси ҳал қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади», дейди Муқаддам Расулова.

Таъкидланишича, оилада келишмовчилик ҳолатлари бўлганда барча мулк эркакнинг номида бўлгани сабабли аёллар фарзандлари билан кўчада қолишади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан улар уйига киритиб қўйилган тақдирда ҳам оилада юзага келган психологик муҳит туфайли аёллар бу оилада яшаб кетишлари қийин бўлади.

«Бу масалаларда Оила кодексига бир қатор ўзгартиришлар киритиш бўйича ўз таклифларимизни берганмиз. Чунки баъзи ҳолатларда ажрим ёқасида турган оилаларда эркаклар ўз номидаги мулкини бошқа яқинларининг номига расмийлаштиришга уринишади. Ёки алимент тўлашдан қочиб ўз иш жойларини маоши кам ишга ўзгартиришади. Бунақа ҳолатларга барҳам берилиши керак.

Реабилитация марказларида ёрдам сўраб келган аёлларга барча имкониятлар яратилади: психологик ва тиббий муолажалар олишади, фарзандлари мактабларга жойлашади. Лекин бу аёл эртага жамиятга, оилага қайтиши керак. Оиласида зўравонликка учраган аксарият аёллар у ерга қайтишни исташмайди. Улар келгусида яшашлари учун уй-жой масаласи, ўзларини таъминлаши учун иш топиш, касб-ҳунар ўрганишлари каби муаммолар туғилади», дейди марказ раҳбари.

Аввалроқ, оиладаги зўравонликнинг олдини олиш учун эркакларни тарбиялаш ва бунда маҳалла иштирокини ўзгартириш таклиф қилинган эди.

Мавзуга оид