«Қачонгача Илон Маскнинг ракеталарига қараб ўтирамиз?» — космосга стратостат учирган ўзбек йигити ҳикояси
Ўзбекистон тарихида илк марта космосга мини спутник учирган ўзбекистонлик ёш ихтирочи 42 минг метр баландликдан Ерни тасвирга олди. «Муваффақиятсиз парвозлар ортидан муваффақиятсизлик космосни забт этиш мақсадимга мотивация берди. Олти марта стратосферага стратостат учирдим», дейди у. Kun.uz билан суҳбатда Зиёдилла Бутахонов парвозлар давомидаги саргузаштлари, муваффақият йўлидаги оғир меҳнати ҳақида сўзлаб берди.
«Ёшликдан ҳар бир инсоннинг ўзига ёққан қизиқарли машғулоти бўлади. Менда шундай ҳоббим бўлган, ёшликдан электроника, робототехника ва космонавтикага қизиқардим. У вақтларда аниқ бир мақсад учун эмас, шунчаки ҳобби деб қарардим. Улғайганим сари бу қизиқишни мақсадга айлантирдим, яъни космосни забт этишни мақсад қилдим», дейди ёш ихтирочи.
Космосга стратостат учириш лойиҳамга нореал деб қарашди
«Космосга стратостат учириш учун IT-дастурчиларга ва робототехникага қизиқувчи одамларга ҳамкорлик ҳақида гап очсам, кўпчилиги устимдан кулиб, нореал нарса сифатида қарашди. Шундан кейин лойиҳани ўзим бошлашга қарор қилдим, уни «NazarX» деб номладим.
Тажрибалар камдан кам ҳолда биринчи уринишдаёқ ижобий амалга ошади. Эдисон чўғланма лампани яратгунча минглаб самарасиз уринишлар қилган. Менда ҳам шундай бўлди. Муваффақиятли парвозгача жуда кўп муваффақиятсизликка учрадим, ўхшамаган парвозларим учун ҳам 2-3 минг долларгача пул сарф қилдим.
Бу аппаратни яратиш жараёнида жуда кўп нарса ўқишга, кўплаб соҳаларга мурожаат қилишга тўғри келди. Албатта, физика қонунлари ҳақида билимга эга бўлмасдан буни қилолмасдим. Бундан ташқари, математика, геометрия, кимёдан дарслар олдим. Стратостатни учириш учун гелий гази керак бўлади, бу МДҲда фақат Россияда бор экан. Мўлжалим бўйича 2 миллион сўмлик гелий билан стратостатни стратосферага олиб чиқаман, деб ўйлагандим. Бироқ чучварани хом санаган эканим, аслида жуда кўп гелий кетаркан».
Кетма-кет муваффақиятсиз парвозлар ва атрофдагиларнинг ишончсизлиги мотивация берди
«Биринчи парвоз учун 20 миллион сўмлик гелий ишлатдим, шунингдек, тасвирга оладиган камера ва бошқа жиҳозлар ҳам арзон эмасди. Умумий ҳисобда 2,5 минг доллар харажат бўлди ва аэростатни ҳавога учириб, бир оздан кейин сигнал келишини кута бошладим. Бир соат ўтди ҳамки, ҳеч қандай белги йўқ. Бу, албатта, ёмон таъсир қилади, чунки бир йил меҳнат ва сарфланган маблағ бир зумда йўқолди. Иккинчи муваффақиятсизликдан кейин, ҳатто, бир ҳафта қўлим ишга бормади.
Лекин ўзимда бу албатта амалга ошади, деган аниқ ишонч бор эди. Бундан ташқари, юқорида айтганимдек, атрофимдагиларнинг сен буни қилолмайсан, деган таъналари сабаб ҳам буни амалга оширишим керак, дея қайта-қайта уринавердим. Одамларнинг ишончсизлигидан ўзимга ишонч топдим.
Ҳар сафарги самарасиз парвоз менга хатоларимни бир қадар кўрсатди. Масалан, тўртинчи парвозда суратга оладиган аппарат музлаб қолган эди. Бунда қилинган хатони кейингиларида тузатиб борганман ва иш олдинга силжиганидан хурсанд бўлганман».
Олтинчи парвоз: Қирғизистон тоғларига қўнган стратостатимни кўриб йиғлаганман
«Жами 6 марта парвоз қилдим, охиргисида илк мақсадимга тўла эришдим десам бўлади. Олтинчи парвозда ҳам ўзига яраша муаммолари бўлди. Шамол тезлигини нотўғри ҳисоблаганим туфайли стратостат Қирғизистоннинг тоғли ҳудудига тушганди. Стратостатни у ерга бориб олиб келишни ақлимга сиғдира олмасдим, бироқ ўзимга «сен куч топишинг керак, буни қила оласан», дедим ва Қирғизистонга йўл олдим.
У ердаги танишларим орқали стратостатни олиш учун йўлга чиқдик. Мослама Қирғизистоннинг Ўзген шаҳри ҳудудига кирувчи баланд тоғларга тушганди. Ҳозир бу тоғга чиқиб кетсам, қандай топаман, деб ўйладим ва қўрқув босди. Тоғга боргач ҳам стратостатгача 18 км бор эди. Етиб боргунимча ҳам у ўша ерга қўнганига ишонмадим, аммо боргач, ич-ичимдан қувониб йиғладим, десам ҳам бўлади.
Мен учирган мини спутник стратосферанинг 42 671 метр баландлигидан Ерни тасвирга олди. Тўғри, бу жудаям улкан натижа эмас, аммо шу яқин космосга чиқишнинг ўзиёқ катта ютуқ».
Камералар космосдан Ўзбекистонни тасвирга олган эди
«Кадрлар шунчалик ажойиб чиққан эдики, уларда Ўзбекистон, Қирғизистон ва водийнинг космосдан олинган тасвирлари бор эди. Лекин 4 та камерадан иккитасидаги кадрлар яхши чиқмаган эди. Парвозимни муваффақиятли равишда амалга оширдим, деб ўйлайман. Хурсандчилигимни ифодалаш жуда қийин эди. Ҳеч қандай устозсиз, ҳеч қандай олийгоҳда таълим олмай шу ишларни қилиш... Бу жуда ажойиб».
Турин университетида ўқишга грант берилди
Лойиҳани президентга олиб чиқдик, улар кўрдилар. Президент томонидан Турин политехника университетида ўқишга грант берилди. Бунинг икки йилини Ўзбекистонда, икки йилини Aмерикада ўқимоқчиман.
Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган лойиҳамиз бор. Жуда катта лойиҳа. Ўзбекистон байроғини стратосферанинг энг юқори чўққисига олиб чиқмоқчимиз».
Қачонгача Илон Маскнинг ракеталарига қараб ўтирамиз?
Бу лойиҳа атрофдагиларда мана шу соҳага озгина бўлса ҳам ишонч пайдо қилади. Болаларга мотивация беради. Мана шу соҳа ривожланади. Қачонгача биз Илон Маскнинг ракетасига қараб ўтирамиз, бизникилар қачон қиларкан, деб. Келгусидаги энг катта мақсадларимдан бири МДҲ давлатлари ҳудудида биринчи бўлиб хусусий космос агентлик очиб, мана шу соҳани ривожлантириш», деб сўзини якунлади қаҳрамонимиз.
Мадина Очилова, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Қурбонов.
Мавзуга оид
22:10 / 19.11.2024
Хитой космик станциясида тажрибадан ўтган зайтун данаклари Ерда униб чиқди
17:42 / 08.11.2024
Олимлар саратоннинг энг агрессив шаклларини енгиш усулини ўрганди
17:14 / 05.11.2024
Япония дунёда биринчи бўлиб ёғоч сунъий йўлдошни коинотга учирди
17:36 / 04.11.2024