Жаҳон | 19:51 / 05.07.2021
12003
1 дақиқада ўқилади

Путин Афғонистон чегарасидаги вазиятда Тожикистонга ёрдам беришни ваъда қилди

Россия ва Тожикистон президентлари Владимир Путин ва Имомали Раҳмон телефон суҳбати ўтказиб, тожик-афғон чегарасидаги мураккаб вазиятни муҳокама қилишди. Суҳбат давомида Путин Афғонистон билан чегарадаги вазиятда Тожикистонга зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган.

“Тожик-афғон чегарасидаги мураккаб вазият батафсил муҳокама қилинди. Владимир Путин ҳам икки томонлама муносабатлар, ҳам Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида Тожикистонга зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади”, деб айтилган хабарда.  

Аввалроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Москва расмий Кобул билан Афғонистонга қўшинлар олиб кириш масаласини муҳокама қилмаётганини маълум қилган.

Тожикистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари матбуот хизмати 4 июлдан 5 июлга ўтар кечаси “Толибон” жангарилари ҳужуми остида Тожикистон ҳудудига мингдан кўпроқ афғон ҳарбийси ўтганини маълум қилган.    

Толиблар 5 июлга ўтар кечаси Тожикистон билан умумий чегарага эга бўлган Бадаҳшон вилоятидаги бир нечта уезд устидан назоратни қўлга киритди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид