Жаҳон | 15:32 / 05.07.2021
15499
1 дақиқада ўқилади

Толиблар билан жанглардан сўнг мингдан ортиқ афғон ҳарбийлари Тожикистон ҳудудига чекинишга мажбур бўлди

Толиблар Бадахшон вилоятидаги Хохон, Шикай, Нусай, Моҳимай, Шугнон ва Султон Ишкашим туманларини тўлалигича ўз назоратига олган.

5 июлга ўтар кечаси «Толибон» ҳаракати жангарилари билан жанглардан сўнг мингдан ортиқ афғон ҳарбийлари Тожикистон ҳудудига чекинишга мажбур бўлди. Бу ҳақда Тожикистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинлари матбуот хизматига таяниб «Ҳовар» агентлиги хабар берди.

Маълумот берилишича, толиблар Бадахшон вилоятидаги Хохон, Шикай, Нусай, Моҳимай, Шугнон ва Султон Ишкашим туманларини тўлалигича ўз назоратига олган.

Толиблар билан жанглар натижасида Афғонистон ҳукуматининг 1037 нафар ҳарбий хизматчиси Тожикистон ҳудудига чекинишга мажбур бўлган.

Илгари Тожикистон ҳудудига ўтган ҳарбийларни қўшиб ҳисоблаганда, мамлакатдаги афғонистонлик ҳарбийлар сони 1500га яқинлашди.

Аввалроқ Тожикистон чегарачилари «Толибон» ҳаракати билан жанглардан сўнг чекинишга мажбур бўлган 300 нафардан ортиқ афғон ҳарбий хизматчиларини республика ҳудудига киритгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид