Ўзбекистон | 14:31 / 06.07.2021
10651
3 дақиқада ўқилади

ДХА эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари амал қилишига 6 ойдан камроқ вақт қолгани ҳақида огоҳлантирди

Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш учун 6 ойдан камроқ вақт қолмоқда. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси эслатма билан чиқди.

Ҳукумат қарорига кўра, янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш муддати 2021 йил 31 декабрь кунига қадар белгиланган. Қарорга кўра, эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши белгиланган.

2017 йил 1 октябрдан 2021 йил 1 июнига қадар республика бўйича 4,6 миллиондан ортиқ ҳайдовчидан 2,2 миллион нафари эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштирган.

ДХА Тошкент шаҳар бошқармасининг маълум қилишича, давлат хизматлари марказлари орқали миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини гувоҳноманинг янги намуналарига алмаштириш ҳайдовчилар томонидан паспорт ва эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда унинг талони тақдим этилганда амалга оширилади. Айни пайтда Тошкент шаҳрининг Миробод, Учтепа, Шайхонтоҳур, Олмазор, Юнусобод, Чилонзор, Яшнобод туманларидаги давлат хизматлари марказлари орқали эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштиришингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги «Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, Ўзбекистонда эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар 2021 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши белгиланган эди.

Коронавирус пандемияси муносабати билан эски ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига мажбурий алмаштириш муддати 2021 йил 31 декабргача узайтирилган эди.

Эслатиб ўтамиз, «права» алмаштириш учун қайта имтиҳон топшириш талаб этилмайди. Фуқаро ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун доимий яшаш жойидаги давлат хизматлари марказига, марказда бундай хизмат мавжуд бўлмаган ҳудудларда ЙҲХБнинг тегишли бўлинмаларига мурожаат қилади. Бунда паспорт, эски ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талонини тақдим этиш талаб қилинади. Эски гувоҳномани янгисига алмаштириш учун БҲМнинг 70 фоизи (ҳозир 171 500 сўм) миқдорида тўлов ундирилади.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид