Иқтисодиёт | 21:20 / 08.07.2021
13000
2 дақиқада ўқилади

Давлат улушидаги иккита банк сотувининг биринчи босқичи якунланди

«Ўзагроэкспортбанк» АТБ ва «Пойтахт банк» АЖ устав капиталидаги давлат акция пакетларини сотиб олиш учун жами 7та таклиф келиб тушган.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан 20 май куни эълон қилинган «Ўзагроэкспортбанк» АТБ ва «Пойтахт банк» АЖ устав капиталидаги давлат акция пакетларини сотиш жараёнининг биринчи босқичи якунланди.

Агентлик хабарига кўра, 5 июлга қадар «Пойтахт банк» АЖ устав капиталидаги давлат акция пакетларини сотиб олиш учун 3та, «Ўзагроэкспортбанк» АТБ пакетларига эса 4та таклиф келиб тушган.

«Барча таклифлар сотиш учун дастлабки малакавий талабларга мос келган деб ҳисобланди ҳамда кейинги босқичга ўтказилди», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, иккинчи босқичда талабгорлар билан ошкор этмаслик тўғрисида тегишли битимлар имзоланади ва банклар тўғрисидаги қўшимча маълумотлар, жумладан, талабгорларга ахборот меморандуми, молиявий, юридик ва солиқ жиҳатдан ўрганиш ҳисоботлари тақдим этилади.

Агентлик давлат улушини сотиш бўйича консультантлар сифатида «Deloitte» ва «Grant Thornton» компаниялари жалб қилинганини эслатиб ўтган.

Аввалроқ, «Пойтахт банк» АЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат акция пакетлари сотувга қўйилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид