Жаҳон | 19:51 / 08.07.2021
4307
2 дақиқада ўқилади

Майамидаги фожиа қурбонлари сони 140 нафаргача етиши мумкинлиги айтилди

Фото: Reuters

АҚШнинг Флорида штати Майами-Дейд округида кўп қаватли бинонинг қулаши оқибатида 140 киши ҳалок бўлган бўлиши мумкин. Бу ҳақда округ раҳбари Даниэлла-Ливайн Кава маълум қилди.

8 июлда вайроналар остидан топилган жасадлар сони 64тачага етди. 76 киши бедарак йўқолган, деб ҳисобланмоқда.

“Ҳа, қурбонлар сони шу рақамга етиши мумкин. Бу жуда фожиали”, деб жавоб қилган округ раҳбари CNN телеканалининг “Фожиа қурбонлари сони 140гача етишими мумкинми?” деган саволига.

Каванинг таъкидлашича, қутқарувчилар вайроналар остида тирик қолганлар бўлиши мумкинлигига умид қилмаяптилар.

Майами таркибига кирувчи Серфсайд шаҳрида 24 июнга ўтар кечаси 12 қаватли бинонинг бир қисми қулаб тушганди. Бунинг оқибатида юзлаб одамлар бедарак йўқолган. 7 июлда қутқарув амалиёти тўхтатилган, воқеа жойида жасадларни қидириш ишлари давом эттирилмоқда. Кейинроқ бинонинг бутун қолган қисми Элза бўрони яқинлашаётгани сабабли портловчи моддалар ёрдамида бузиб ташланган.

Тахминларга кўра, фожиа қурбонлари орасида камида 9та давлат, жумладан, АҚШ, Россия, Исроил ва Лотин Америкаси давлатлари фуқаролари бўлиши мумкин.

1 июлда фожиа жойига АҚШ президенти Жо Байден келган. У бино қулаши сабабларидан бири глобал исиш ва бунинг оқибатида денгиз сатҳи кўтарилгани бўлиши мумкинлигини айтган.

Мавзуга оид