Ўзбекистон | 11:53 / 08.07.2021
33811
9 дақиқада ўқилади

Салкам 50 даража иссиқда ишлаётган ватандошлар: улар ҳуқуқий ҳимояга муҳтож

Ўзбекистонда бир неча ўн йиллар давомида кузатилмаган юқори ҳаво ҳарорати ҳукм сурмоқда. Ўтган ойда 150 йилдаги энг юқори ҳаво ҳарорати ҳам қайд этилди. Қонунчиликда эса бундай жазирама шароитда ёки ўта совуқ об-ҳавода ишлаш тартибига узил-кесил ойдинлик киритилмаган. Фақатгина Санитария қоида ва меъёрларида тавсия бериш билан чекланилган; унга кўра, 36°C – меҳнат учун хавфли меъёр.

Фото: Sputnik

150 йилдаги энг жазирама ёз. Умуман, Ўзбекистонда охирги 5 йилнинг 3 йилида сўнгги 150 йилдаги энг иссиқ об-ҳаво кузатилмоқда. Бироқ, афсуски, республиканинг қаерида бўлманг, шундай шароитда ҳам очиқ ҳавода, қуёшнинг аёвсиз қиздириши остида ишлаётганларга барчанинг кўзи тушмоқда.

Бундай жазирама об-ҳаво шароитида очиқ ҳавода ишлаш тартиби қонунчиликда белгиланганми? “Аномал об-ҳаво” тушунчаси миллий қонунчиликда акс этганми? Қандай ҳаво ҳарорати инсон саломатлиги учун хавфли саналади? Бундай ҳолатда иш берувчилар ва ходимлар ўртасидаги муносабат қандай тартибга солинади?

Kun.uz юқоридаги саволлар билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги техник инспектори Дилмурод Ҳусановга мурожаат қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда кузатилаётган юқори ҳароратли об-ҳаво шароитида корхоналарда ишлаш тартиби микроиқлим бўйича санитария қоидалари ва меъёрларига амал қилган ҳолда белгиланади.

“Корхоналарда йилнинг иссиқ даврида ишлаб чиқариш хоналари, цехлар, бўлимлар ва бошқа ёпиқ ҳудудларда микроиқлимнинг меъёрлари 0324-16-сон СанҚваМ талаблари асосида бўлиши лозим. Енгил, яъни I тоифадаги ишлар (иш жараёни ўтирган ҳолда бажариладиган, жисмоний оғирлик талаб этилмайдиган ишлар тоифаси)да ҳаво ҳарорати Цельсий шкаласи бўйича 24-27 даражани, ҳавонинг нисбий намлиги 40-60 фоизни ташкил этиши лозим. Бунда ҳаво ҳаракати тезлиги 0,1-0,2 м/с.дан ошмаслиги керак.

Ўрта оғирликдаги ҳисобланувчи II категорияли ишлар (иш ўтирган ва қисман юрган ҳолда, 1 кг.дан 10 кг.гача бўлган буюмларни кўтариш билан амалга оширилади) бажарилганда ҳаво ҳарорати 22-25 даражани, ҳавонинг нисбий намлиги 40-60 фоиз ва ҳаво ҳаракати тезлиги 0,3 м/с.дан ошмаслиги белгиланган.

Оғир сифатида таснифланган III категорияли ишлар (иш доимий ҳаракатда, 10 кг.дан юқори бўлган юкларни кўтариш)ни бажарганда, ҳаво ҳарорати 21-23 даража, ҳавонинг нисбий намлиги 40-60 бўлиши таъминланиши қоидаларда белгиланган. Ҳаво ҳаракати тезлиги 0,4 м/с.дан ошмаслиги лозим”, – дейди Дилмурод Ҳусанов. 

Дилмурод Ҳусанов

Ҳусановнинг айтишича, ишлаб чиқариш жараёнида микроиқлимни таъминлаш технологик жиҳатдан имкони бўлмаган ҳолларда, айнан ишлаб чиқариш хоналарида ишловчиларни юз бериши мумкин бўлган қизиб кетишдан ҳимоялаш учун қуйидаги тадбирлар амалга оширилиши лозим:

  • ҳавони маҳаллий совутиш;
  • ҳаво душлари;
  • дам олиш хоналари;
  • юқори ҳароратдан ҳимоялаш учун махсус кийимлар;
  • шахсий ҳимоя воситалари;
  • иш ва дам олиш вақтини белгилаш.

Ходимларнинг иссиқликдан шикастланишининг олдини олиш мақсадида эса, тўсиб турувчи юзаларнинг ҳарорати 45 даражадан ортиб кетмаслиги керак.

Таъкидланишича, Меҳнат кодексининг 211-моддаси ҳамда «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддасига мувофиқ, иш берувчи барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларини яратиб бериш мажбуриятига эга.

Бундан ташқари, иш берувчи ҳаво ҳарорати юқори даражада бўлган вақтларда ишлаб чиқариш биноларида миқроиқлим шароитини яхшилайдиган ускуналар (кондиционер, вентиляция, ишлаб чиқариш майдонларга ўрнатилган қуруқ ҳавони намлаштириш ускуналари ва бошқалар)ни узлуксиз ишлатиш чораларини кўриши лозим.

Техник жиҳатдан бундай ускуналарни ўрнатиш ва ишлатиш имкони бўлмаган тақдирда ходимларнинг иш режимини ўзгартириш, дам олиш вақтларини кўпайтириш ёки иш вақти қисқартирилиши, ходимларни бепул тоза ичимлик (минералланган) сув билан таъминлаш чоралари кўрилиши лозим. 

Вазирлик техник инспектори, йилнинг иссиқ кунларида очиқ майдонларда ишлаш бўйича меъёрларга ҳам тўхталди. Айни шу нарса бизни қизиқтирган жиҳатлардан бири эди.

“Меҳнат шароитлари бўйича йилнинг иссиқ даврида очиқ майдонларда бажариладиган ишлар 2003 йил 6 октябрда қабул қилинган №0141-03-сон СанҚваМнинг Iа-III тоифасида белгилаб қўйилган ҳаво ҳарорати даражасига мувофиқ бўлиши лозим. Унга кўра, очиқ майдонларда иш ташкил этилганда ҳаво ҳарорати 34,2°C-36,0°C дан юқори бўлганда инсон соғлиғи учун ўта хавфли ҳисобланади. Мазкур ҳолатда иш берувчига ходимлар билан келишган ҳолда иш тартибини ўзгартирган ҳолда, иш вақтини куннинг салқин вақтларига кўчириб, ишни ташкил этиши мақсадга мувофиқ бўлади”, – деди Дилмурод Ҳусанов.

Вазирлик вакилига кўра, агарда ходим очиқ майдонда (қурилиш майдонлари, далалар, йўл қурилишида) фаолиятини амалга ошираётган бўлса, иш берувчи ходимни мавсумга мос бўлган ҳимоя воситалари билан таъминлаш, унинг иш режимини ўзгартириш (дам олиш вақтларини узайтириш ёки ишлаш соатларини ўзгартириш, иш вақтини қисқартириш), шунингдек, бепул тоза ичимлик (минерал) суви билан таъминлаш чораларини кўриши лозим.

Шу билан бирга, ишчи-хизматчилар шуни ёдда тутишлари керакки, Меҳнат кодексининг 219-моддасига мувофиқ, ходим иш жараёнида ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келиб қолгани тўғрисида иш берувчига дарҳол хабар қилиши мумкин. Бундай ҳолатлар расмий идоралар томонидан тасдиқланса, иш берувчи уларни бартараф этиш чораларини кўриши лозим. Эътиборлиси, бу вақт мобайнида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақлаб қолинади.

Қонунчилик талаблари бузилса, унинг даражасига қараб, маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

“Қайд этилган ҳолатларда, қонунчилик талабларини бузган мансабдор шахсларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисмига асосан, БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солинишига олиб келиши мумкин. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.

Бундан ташқари, корхонада хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилмагани, махсус кийим-бош, махсус пойабзал, бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан таъминламагани (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш – деб баҳоланади) оқибатида ўртача оғир ёки оғир тан жароҳати етказилса, Жиноят кодексининг 257-моддасига асосан БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмиш:

а) одам ўлишига;

б) бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса, – муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”, – деди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги техник инспектори.

Шу ўринда, эътиборсиз қолаётган ва замон талабига жавоб бермайдиган жиҳатларга диққат қаратишни истар эдик.

1. Аномал иссиқ ёки совуқ ҳаво ҳарорати каби тушунча миллий қонунчиликда меҳнат шароити, деб юритиладиган умумий тушунча билан қамраб олингани маълум бўлди.

2. Очиқ майдонда ишлашда ҳаво ҳароратини хавфли чегараси 36 даража сифатида белгиланганига қарамай, бу бажариш мажбуриятини юклайдиган Меҳнат кодекси ёки бошқа қонунчилик меъёрлари билан эмас, балки тавсиявий мазмунга эга бўлган Санитария қоида ва меъёрларида акс эттирилиши янада ҳайрон қоларлидир.

3. Айни чоғда, 2003 йил 6 октябрида қабул қилинган ва айнан очиқ майдонларда ишлашнинг юқори ҳароратларига ойдинлик киритувчи ҳужжат нусхаси очиқ манбаларда мавжуд эмас. Бизнинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтидаги қидирув амалиётимиз самара бермади.

4. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг расмий сайтида эса, Санитария қоида ва нормалари рукни бўлиб, унда фақатгина 3та ҳужжат 2020 ва 2021 йилларда қабул қилинган 3та ҳужжат жойлаштирилган, холос.

5. Яна бир савол шуки, аксариятининг бор-йўқлиги ҳам билинмайдиган, халқ вакиллари ҳисобланувчи ҳурматли депутатлар шундай жазирама кунларда қонунчиликка “аномал об-ҳаво ҳарорати” тушунчасини киритиш ташаббусини нима учун илгари суришмайди?

6. Маънан эскирган ва замон талабларига, қолаверса, глобал иқлим ўзгаришларини инобатга олган ҳолда барча учун мажбурий бўлган қоидаларни нима учун ишлаб чиқилмаяпти?

7. Яна бир жиҳат, амалдаги Меҳнат кодексида “меҳнат шароити” деган умумий тушунча остига айнан ноқулай об-ҳаво билан боғлиқ ҳолатлар умуман киритилмаган.

Назаримизда, зудлик билан меҳнат қонунчилигига “аномал об-ҳаво шароити” (жазирама ва ўта совуқ ҳаво ҳароратини тушуниш шарти билан) тушунчаси киритилиши ва кенг қўлланила бошланиши лозим.

Бундай шароитда очиқ майдонда ишлайдиган ишчи-хизматчиларга муносиб шароитлар яратиш, иш вақтини куннинг муносиб даврига кўчириш талаби очиқ майдонларда иш берувчилар учун ижроси мажбурий тартибга айлантирилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Толиб Раҳматов,
журналист.

Мавзуга оид