Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Афғонистон: Толиблар Эрон билан чегарадаги асосий назорат пунктини эгаллади, туркманлар эвакуация ишларига киришган
Сиёсатчилар ва афғон халқининг америкаликлар контингенти Афғонистондан кетиши оқибатлари билан боғлиқ энг ёмон прогнозлари амалга ошмоқда: толиблар бутун мамлакат бўйлаб ҳужумларни давом эттирмоқда. Жума куни улар Афғонистон-Эрон чегарасидаги асосий назорат-ўтказув пунктини эгаллаб олишди. Туркманистон билан чегара ҳудудида отишма овозлари эшитилган, чегара ҳудуддаги аҳолини эвакуация қилиш ишлари бошланган.
Turkmen.News нашри ўз манбасига таянган ҳолда Сарҳадобод шаҳри аҳолиси отишма овозларини эшитгани, овозлар чегаранинг Афғонистон томондаги Тургунди посёлкасидан келгани ҳақида хабар берди.
Айрим манбаларга кўра, бир кун олдин чегара томонга ҳарбий юк машиналари ва туркман армияси контингенти йўл олган.
Turkmen.News манбаси маълумотларига кўра, туркман зобитлари ўз оилаларини чегара ҳудудидан эвакуация қилишга киришган.
Афғон-туркман чегарасидаги «Акина» назорат-ўтказув пункти бир неча кундан буён ёпиқ турибди. Туркманистон ҳукумати чегаранинг Афғонистон томонидаги ҳудудлар толиблар назоратига ўтаётгани муносабати билан шундай қарор қабул қилган.
«Акина» пункти орқали Туркманистондан Афғонистонга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериларди, шу туфайли чегара зонасидаги афғонлар озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилиги муаммосига дуч келмоқда.
Расмий Душанбе ҳам оммавий сафарбарлик эълон қилган. Захирадаги 20 минг киши Тожикистон ва Афғонистон чегарасига йўналтирилган.
Шунингдек, интернетда толиблар Эрон билан чегарадаги «Ислом-Қалъа» назорат-ўтказув пунктидан афғон байроғини ечиб олаётгани тасвирланган видео тарқалди.
Бу пункт орқали юклар ўтказилиши Афғонистон хазинасига ўртача 20 миллион доллар келтирарди.
Шу вақтгача толиблар асосан чекка туманларни жангсиз эгаллаб келишаётганди, энди эса ҳаракат аъзолари мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Қандаҳорни эгаллаш учун ҳужум бошлаган.
Толиблар мамлакат ҳудудининг 85 фоиз қисмини назорат қилишаётганини маълум қилишган, аммо бу маълумотни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ.
Бошқа маълумотларга кўра, улар мамлакатнинг учдан бир қисмини назорат қилмоқда, аммо асосий ҳудудларни - Ғарбда Эрон билан чегара ҳудудлардан Шарқда Хитой билан чегара ҳудудларгача.
Толиблар илгарилашда давом этмоқда
Афғонистондаги вазият кескинлашуви АҚШ контингенти бутунлай кетаётгани билан боғлиқ, бу жараён 2021 йилнинг 11 сентябрига қадар - Афғонистон кампанияси бошланишига сабаб бўлган Нью-Йорк терактларининг 20 йиллигига якунланади.
Толиблар ва АҚШ ўртасидаги америкалик ҳарбийларни Афғонистондан бутунлай олиб кетиш тўғрисидаги келишув Дональд Трамп маъмурияти даврида имзоланганди.
Америкаликларнинг бу мамлакатдаги 20 йиллик мавжудлиги АҚШ тарихидаги энг узоқ вақтга чўзилган халқаро ҳарбий кампания бўлди.
Толиблар Вашингтон ўз ҳарбийларини ҳужумга учрамасдан ва қон тўкилмасдан олиб чиқишини кафолатлаган, аммо америкаликларнинг кетишини ўз ғалабаси сифатида эълон қилган.
Америкаликлар кетар экан, толиблар мамлакат ичкариси томон фаол ҳаракатланишди ва эндиликда ҳукумат кучлари НАТО ҳарбийлари қўллаб-қувватловисиз мамлакатдаги назоратни тутиб тура олмаслиги ойдинлашмоқда.
Афғонистон ҳукумати маълумотларига кўра, «Толибон» билан зиддият туфайли икки миллиондан ортиқ афғонлар қочқинларга айланиб бўлишган.
Москвадаги музокаралар
DIMITAR DILKOFF/AFP
«Толибон» ҳаракати Россияда террорчи ташкилот сифатида эълон қилинган ва бу ҳаракат мамлакатда тақиқланган, аммо айни вақтда толибларнинг сиёсий қаноти делегацияси Москвада бўлиб турибди.
Ташрифдан мақсад - Россия томони билан Афғонистондаги ҳозирги вазиятни муҳокама қилиш экани маълум қилинган. Москва Россия билан чегарадош бўлган Марказий Осиёдаги мамлакатлардаги вазият издан чиқишидан хавотир олмоқда.
Россия ТИВ сайтида, Марказий Осиё давлатлари чегараси дахлсизлиги таъминланиши бўйича келишувга эришилгани маълум қилинди.
Шунингдек, Кремль Афғонистондан наркотрафик ўсишидан ҳам хавотирланмоқда. Делегация раҳбари Шаҳобиддин Диловар россияликларни толиблар наркотиклар контрабандасига қарши қаттиқ кураш олиб боришига ишонтирган.
Тақиқланган ташкилот мақомида бўлишига қарамай, бу толибларнинг Москвага илк ташрифи эмас. 2018 йилда ҳаракат аъзолари Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров томонидан шахсан қабул қилинганди.
Мавзуга оид
21:58 / 21.05.2025
АҚШ «Толибон»нинг террорчи ташкилот мақомини қайта кўриб чиқади
15:06 / 15.05.2025
Ўзбекистон Афғонистондан чорва молларини импорт қилиши мумкин
17:22 / 14.05.2025
Афғонистон Ўзбекистонга Ҳирот оқ мармарини совға қилди
17:47 / 12.05.2025