Олий суд мулозими коррупцион жиноятлар камайиб бораётганини айтди. Аммо бу статистикага зид
Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимовнинг айтишича, йилдан йилга судлар томонидан кўрилаётган коррупцион жиноятлар камайиб бормоқда.
«Суд амалиёти шуни кўрсатяптики, содир этилаётган коррупцион жиноятлар сони йилдан йилга камайиб бормоқда. Лекин айрим соҳаларда шу турдаги жиноятларнинг сони камаймаётгани ҳам бизда хавотир уйғотмоқда.
Шундан келиб чиққан ҳолда, бугунги кунда судларимиз томонидан айнан коррупцион жиноятларга оид ишларни кўришда алоҳида ёндашув белгиланган. Бу тоифадаги ишларни кўриш, жазо амалиёти, қолаверса, жиноятларни квалификация қилиш билан боғлиқ масалалар вақти-вақти билан умумлаштирилиб, Олий суд пленуми қарори, Раёсат қарори билан судларга тегишли кўрсатмалар берилиб келиняпти», дея Икром Муслимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Олий суд мулозимидан фарқли ўлароқ, Сенат раиси Танзила Норбоева парламент юқори палатасининг йиғилишида соҳаларда йўл қўйилаётган коррупциявий ҳолатлар йилдан йилга кўпайиб бораётганини таъкидлаганди. Норбоевага кўра, коррупцияга қўл урган мансабдор шахслар 2019 йилда 1 339 нафарни ташкил этган бўлса, 2020 йилда 1 723 нафарга етган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг маълум қилишича, 2020 йилда Ўзбекистонда 2 123 киши коррупцияга қўл ургани учун жазоланган. Уларнинг 104 нафари банк тизими, 74 нафари қурилиш, 69 нафари ички ишлар органлари, 30 нафари маҳаллий давлат ҳокимияти органи, 16 нафари солиқ, 13 нафари прокуратура, 7 нафари божхона, 3 нафари суд тизими вакилларидир.
Аввалроқ АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистонга доир 2020 йилги ҳисоботида қонунларга етарлича амал қилинмаётгани, кўплаб ҳолатларда коррупцияга қўл урган амалдорлар жазосиз қолгани таъкидланган эди. Мазкур ҳисоботда, шунингдек, Тошкентда судьялар ва ЙҲХ ходимлари тил бириктириб, ҳайдовчилардан ундирилган бир неча миллиард сўмлик жарима маблағларини талон-торож қилгани эслаб ўтилган.
Бундан ташқари, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонда ҳали-ҳамон суд тизими тўла мустақил ва холис эмаслиги, прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вақти-вақти билан суд органлари ходимларига керакли ҳукмларни чиқариш учун босим ўтказиш ҳолатлари кузатилиши келтирилади.
Мавзуга оид
12:39 / 12.11.2024
Фарғонада коррупцияга қарши курашувчи мансабдорнинг ўзи коррупция билан қўлга тушди
20:06 / 11.11.2024
Қозоғистонда яна 1 млрд доллар ноқонуний активлар давлатга қайтарилди
19:42 / 07.11.2024
Тахиатош тумани ҳокими собиқ ўринбосари озодликдан маҳрум этилди. У бюджет маблағларини талон-торож қилган
10:34 / 05.11.2024