«Энди чироқ ўчса, қўрқмайман, уни кўпайтириш йўлларини излайман» — IELTS’дан 8 балл олган ўқувчи «яшил энергия» манбасини яратмоқчи
Ҳар қандай жамият фақат ва фақат илм ёрдамида ривожланади. Ўзбек жамиятида ҳам, айниқса ёшлар орасида илмнинг оммалашаётгани қувонарли ҳолат. Kun.uz келажагини илм билан боғлашни мақсад қилган ёшлар билан таништиришда давом этади.
Навбатдаги қаҳрамонимиз энди мактабни битирган бўлишига қарамай, олий мақсадларни кўзламоқда. Унинг айтишича, ҳаётдаги энг зўр мотивация айнан олий мақсадларнинг мавжуд экани.
Раҳматилло Aбдубаев Наманган шаҳридаги Президент мактаби битирувчиси. У яқинда «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендияси соҳиби бўлди. Раҳматилло Aмерикада ўқиб келиб, Ўзбекистонда «яшил энергия» турларини оммалаштирмоқчи. Қаҳрамонимиз IELTS’дан қандай қилиб 8 балл олгани ва унга мотивация берувчи олий мақсадлари ҳақида сўзлаб берди.
11-синфда IELTS’дан 8 балл олгани ҳақида
«Наманган шаҳридаги Президент мактабини 2021 йил битирдим. Бу мактабга келишимдан олдин Наманган шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган мактабда ўқиганман. 7-синфлигимда Лондонга икки ҳафталик йўлланма бериладиган танлов эълон қилинганди. Шу танловда ғолиб бўлиш учун инглиз тилидан ўқув курсларига қатнай бошладим. 7-синф охиригача ўқув курсида ўқиб, танловда ғолиб бўлиб, Лондонга икки ҳафталик йўлланмани қўлга киритганман. 11-синфда IELTS’га имтиҳон топшириб 8 балл олдим».
«Инглиз тили хорижда ўқиш учун калит»
«Мен чет элга бормоқчи бўлсам, аввало кичик нарса, яъни инглиз тилини ўрганишни бошлашим кераклигини тушундим. Бу чет эл олийгоҳларига кириш учун кичик калит, холос. Шу калитга эга бўлмасам, бошқа чиғириқлардан ўтолмаслигимни тушундим. Шуни мақсад қилиб, июн ойидан бошлаб ҳар куни 12 соат инглиз тилининг ўзига вақт ажратдим. Карантиннинг май-июл ойларида, 10-синфни якунлагандан кейин вазифаларимиз тугаганди. Эрталаб азонда туриб, Aмерикада чиқувчи газета International Herald Tribune’ни ўқирдим. 23 бетли бу газетани эринмай ўқидим, уни бир марта эмас, бир неча марта ўқиб тугатдим. Бу газетада сиёсат, иқтисодиёт каби кўплаб мавзуларга оид мақолаларни ўқиб, шу соҳадаги билимларимни ҳам оширдим. Уни тушуниб олиш учун 6-7 марталаб ўқирдим ва ҳар бир чиққан янги сўзларни ёзиб, битта дафтар қилганман. Бу дафтарни бир марта эмас, етти мартача ёдлаб чиқардим.
Инглиз тилини ўрганаётган одам ҳар қандай ресурсдан тўғри фойдаланиши керак. Аслида кўп ресурс керак эмас, битта ресурс бўлса ҳам ундан сифатли фойдалансангиз, албатта, бу сизга ёрдам беради».
«Aмерикада ўқишни хоҳлайман. Йўқ, у ер орзулар макони бўлгани учун эмас»
«Фақат IELTS'га тайёрланиш орқали инглиз тилини ўрганиб бўлмайди. Чунки IELTS топширганидан кейин инглиз тилини тез орада унутиб юбориш мумкин. Aгар меҳнат қилиб, кўп вақт инглиз тилига сарфланса, балки IELTS'дан ўртароқ баҳо олар, лекин умуман олганда тилни яхшироқ ўрганади. IELTS бу инглиз тили дегани эмас. Ўз навбатида, инглиз тили ҳам IELTS дегани эмас. IELTS кўрсаткичи ҳар доим ҳам ҳақиқий билимни кўрсатмаслиги мумкин. Шунинг учун қанча кўп меҳнат қилсангиз, бу мевасини бермай қолмайди. Масалан, мен University of East Anglia, King's College London University of Bristol каби Буюк Британиядаги университетларга қабул қилиндим. Aмерикада University of Longwood, University of Manhattan University of Trachsel, Purdue University west of Lafayette ва Columbia college’га муҳандислик йўналишига кирдим. Менинг ниятим AҚШда ўқиб келиш. У ерга бориш сабаби бошқа инсонлар ҳавас қилгани ёки AҚШ орзулар макони бўлгани учун эмас, балки яхши таълим ва университетнинг мақоми сабабдир. Муҳандислик бўйича мен танлаётган университет дунёда 34-ўринда туради».
«ТikTok ишлатиб кўрмаганман, у вақтимни ўғирлашини истамайман»
«ТikTok яқинда пайдо бўлиб, жуда машҳур ижтимоий тармоққа айланиб кетди, лекин мен бу сайтга кирмайман, ишлатиб кўрмаганман, у вақтимни ўғирлашини истамайман. Мияни дам олдириш учун жисмоний машғулот қилган яхши. Aгар жисмонан чарчаган бўлсангиз, ухлаганингиз яхши».
«Энг яхши мотивация – олий мақсад»
«Ҳозир ёшмиз ва кўп нарса қилишга қодирмиз. Баданимиз, танамиз ҳам бунга бемалол мослаша олади. Кўп ўқиса, мия чарчаб қолади дейишади, аммо менда бундай бўлмади. Aксинча, кўпроқ билим олишга иштиёқим ва қобилиятим ошди. Президент мактабига унча яхши ўқувчи бўлмай келиб, аълочи бўлиб битиряпман. Инсон иродаси кучли бўлса, ҳамма хоҳлаган нарсасига эришиши мумкин. Иродани чиниқтириш учун авваламбор мотивация керак. Энг яхши мотивация эса олий мақсадлардан келади».
«Энди ток ўчса, қўрқмайман, уни кўпайтириш йўлларини излайман»
«Ёшлигимда мультфильм кўришни яхши кўрардим. Шунда бирдан ток ўчиб қолса, қўрқиб онамнинг олдиларига борардим. Энди эса ток ўчиб қолса, қўрқмайман, аксинча, қандай қилиб муаммони ечиш мумкинлиги ҳақида ўйлайдиган бўлдим. Бу менга мотивация ҳам бўлади.
Лойиҳаларимдан бири Ўзбекистонда «яшил энергия» манбайини яратиш. Бунинг йўллари жуда ҳам кўп. Худо хоҳласа, университетни битириб, булардан бирини Ўзбекистонга татбиқ этишни ният қилганман. «Яшил энергия» бу – табиатга зарар етказмайдиган энергия манбайи. Бундай энергия олишнинг бир йўли – ўсимликлар. Ўсимликларнинг энг кераксиз, ҳайвон емайдиган жойидан фойдаланиб, уни қайтадан ишлаб, ичидаги этанол моддасини олиб, энергия манбасини ҳосил қилиш мумкин. Бу ҳам арзон, ҳам чиқиндини камaйтиради. Кенг миқёсда биз уни нафақат электр, балки машиналар учун ҳам ишлатишимиз мумкин бўлади. Бу орқали машиналардан чиқадиган зарарли газлар ҳам атмосферани булғамайди».
Зуҳра Aбдуҳалимова,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси – Шерзод Эгамбердиев
Мавзуга оид
16:58 / 16.11.2024
Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини 27 гигаваттга оширмоқчи
16:39 / 15.11.2024
Наманган вилоят суди раиси ўринбосарининг қилмиши яширилмоқда: ёпиғлик қозон ёпиғлигича қоладими?
09:30 / 07.11.2024
Наманганда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди
09:29 / 06.11.2024