Спорт | 08:11 / 10.07.2021
29442
9 дақиқада ўқилади

«Тоттенҳэм» ва Моуриньонинг қизиқиши, бозорда ишлагани ва Ўзбекистон қачон мундиалга чиқиши ҳақида. Элдор Шомуродов билан катта кўрсатув

Россиялик блогер Евгений Савин Ўзбекистон миллий жамоаси ва Италиянинг «Женоа» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов ҳақида катта кўрсатув суратга олди. У футболчининг Ўзбекистонда барча босиб ўтган йўлларига эътибор беришга ҳаракат қилган. Савин «Бунёдкор» ва «Машъал» клубларида бўлиб, Шомуродов ҳақида клуб аъзоларидан сўраган. Кўрсатувнинг асосий қисмида блогер Элдор Шомуродов билан у туғилиб ўсган Жарқўрғон туманида интервью уюштирган.

Суҳбат аввалида Савин ўзбекистонлик футболчидан нега таътилни Дубайда ёки бошқа шаҳарда эмас, айнан Жарқўрғонда ўтказаётганини сўраган. Шомуродов эса уйда кам бўлиши сабаб шундай қарорга келганини айтган: «Доим чет элдаман-ку, ота-онамни кам кўраман. Шу сабаб уйга келишга қарор қилдим. Ўғлим туғилгани шарафига ош бердик, бизда шундай одат бор».

Савин Элдордан «Тошкентдан бу ерга келгунча кўрдимки, одамларнинг ҳаёт тарзи пасайиб боргандек кўринди, тўғрисини айт, сендан тез-тез қарз сўрашадими», деб сўраган. Шомуродов эса одамлар отасидан қарз сўраб туришларини айтган.

Ҳужумчи нега 61-рақамни танлаганини ҳам тушунтирган: «Борганимда 14-рақам банд экан. Кейин дўстим билан маслаҳатлашдим ва у 61-рақамни тавсия қилди (Ростов вилоятида ҳаракатланувчи машиналарнинг давлат рақами) ва бу фикр менга ёқди».

«Тоттенҳэм»нинг қизиқиши

Савин ўзбекистонлик футболчидан «Рома»нинг қизиқиши ҳақида сўраган. Шомуродов эса бундан бехабарлигини айтган. Кўрсатув давомида Савин билан суҳбатлашган Элдорга агентлик хизматини кўрсатувчи ProSports Managеment компанияси раҳбари Герман Ткаченко эса Моуриньонинг унга қизиқиш билдиргани ҳақида гапирган. Ткаченкога кўра, Моуриньо Элдорнинг ўйинларини кузатиш учун «Тоттенҳэм» скаутларини ҳам юборган. Чунки ўша вақтда Лондон клубига трансфер баҳоси қиммат бўлмаган футболчи керак бўлган. У вақтда Шомуродов «Ростов» сафида бўлган ва жамоаси «Маккаби» тўсиғидан ўтса, «Тоттенҳэм» билан ўйнаши керак бўлган. Бироқ бундай бўлмаган ва шу билан «Тоттенҳэм» варианти унутилган.

Шунингдек, Ткаченко ўзбекистонлик ҳужумчини «Штутгарт» қўлга киритишни жуда хоҳлаганини таъкидлаган. Унинг айтишича, немислар ҳатто футболчига тўйи куни совға ҳам юборишган. У Германияда бўлганида топиб, клуб стадионини, шаҳарнинг қаерида масжид борлигигача кўрсатишган. Савин Ткаченко Абрамович билан дўст эканини эслатиб, Шомуродовнинг «Челси»га ўтиши борасида савол ташлаган. Футболчи бу фаолиятининг энг чўққиси бўлиши мумкинлигини айтган бўлса, Ткаченко бошқачароқ изоҳлаган: «У билан дўстлигимиз қачон «Челси»га футболчимиз йўл олишида ёрдам бериши мумкин биласанми? Қачонки, топ-топ клуб бўлган «Челси» қайсидир клуб билан бизнинг мижозимиз бўлган футболчи билан курашса. Буни эса мен орзу қиламан».

Дарвоқе, Савин Шомуродовдан Дрогбани кўрса, нима қилишини ҳам сўраган: «Одатда кимдир билан расмга тушишга уяламан, лекин Дрогбани кўрсам, уялмай суратга тушишни сўрардим», деган Шомуродов.

500 минг евро учун етмаган битта гол

Савин Шомуродов ўтган мавсумда Элдорга «Ростов»га қўшимча ярим миллион евро бонус олиб келиш учун битта гол ёки ассист етмаганини эслатиб, шу аснода кейинги мавсумдаги минимум вазифаси ҳақида сўраган: «Мен ҳеч қачон мана бунча гол ураман деб ўз олдимга вазифа қўймайман. Масалан, кейинги мавсумда 10 тадан кўп гол урсам, ўзимдан кўнглим тўлади. Натижаларимни яхшилаш учун жисмоний имкониятимни яхшилашим керак деб ҳисоблайман», деган ўзбекистонлик футболчи.

Кўрсатув давомида Савин «Ростов» мураббийи Валерий Карпинга ҳам сўз берган ва Шомуродовга собиқ мураббийи ҳақида ҳазил қилган: «Элдор, келаси мавсумда 10 та гол уришга ҳаракат қил, зора бу учун Карпинга қўшимча пул беришса ва у Эстонияда эмас, бирор денгизга дам олгани борса». Карпин ҳам ўз навбатида ҳазиллашган: «Салом, Шома. Яхшимисан, қийшиқоёқ? Менга қара, келаси мавсумда 10 та гол уришинг керак, шунда бизга қўшимча пул беришлари мумкин экан. Ҳеч бўлмаса шу ерда фойданг тегсин», деган Карпин ҳазиллашиб.

Пахтага тош ташлаш ва бозорда сотувчилик

Кўрсатувнинг энг қувноқ қисмини Савин Жарқўрғонда суратга олган. Шомуродов у ерда болалигида пахта тергани ва бозорда ишлагани ҳақида айтиб берган: «Болалигимизда пахта терардик, ҳамма терарди. У вақтда пахта оғирроқ бўлсин деб ичига тош ҳам ташлардик. Ҳа, бозорда ҳам ишлаганман. Ота-онамга ёрдам берардим. Озиқ-овқат сотардик. Бозорда ишлайдиганлар мени эслаб қолган бўлса керак».

Суҳбат давомида Савин ва Шомуродов иккита мотороллерга ўтириб, Жарқўрғон кўчаларида ўзига хос пойга уюштиришган. Элдор болалигида мана шундай уловларда бозорга юк олиб келганини эслаган.

Футболчи Илҳом Шомуродов унинг фаолиятида муҳим инсон бўлганини алоҳида хотирлаган: «Илҳом акам мени кўп руҳлантирган. У доим пулга қизиқиш керак эмаслигини айтарди. Менга энг яхши бутсаларни олиб берар, руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватларди».

Савин «Машъал» академиясига кўрсатувининг алоҳида қисмини ажратган. Унда футболчининг биринчи устози Отажон Авезов ва мураббийи Дилшод Аннаевлар бўлажак юлдуз шогирдлари ҳақида гапиришган. Дилшод Аннаев Шомуродовни биринчи марта Эктор Купер марказий ҳужумда ўйнатгани, унгача футболчи қанот ҳужумида, ҳатто таянч зонасида ҳаракат қилганини айтган. Кўрсатув давомида Шомуродов Ростовда ҳам таянч зонасида ҳаракат қилганини айтган, Карпин эса буни тасдиқлаган.

Савиннинг дастурида Самвел Бабаян ҳам кўриниш берган. У Шомуродов қандай қилиб «Бунёдкор»га ўтганини айтиб берган: «Ўшанда Элдорни «Пахтакор»га олиб келиш учун қаттиқ ҳаракат қилганмиз, кўпроқ пул ҳам таклиф қилганмиз, лекин «Машъал» ва «Бунёдкор» битта компания томонидан молиялаштирилгани сабаб улар футболчини илиб кетишган. Бошқа томондан «Бунёдкор» ҳам ўз брендига эга жамоа бўлган», деган Бабаян.

Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ мураббийи бўлган Бабаян жаҳон чемпионатига чиқишда унга бугунги кундаги формада бўлган Элдор Шомуродов етишмаганини айтган. Мураббий Европа тажрибасига эга футболчиларнинг кўп бўлиши миллий жамоа ўсишига хизмат қилишини айтган. Худди шу фикрни Шомуродов ҳам билдирган: «Бизга кўпроқ кучли клубларда ўйнайдиган футболчилар керак, шундай миллий жамоа ниҳоят жаҳон чемпионатига чиқа олади».

Шомуродов академиядаги даврини эслар экан, Отабек Шукуров билан бирга ўйнагани, шунингдек, ўзи билан бирга ўйнаган Аслиддин Абдиев кучли футболчи бўлгани, бироқ жароҳатлар сабаб ўйнаб кета олмаганини айтган.

10 та голдан иборат серия қандай амалга ошганди?

Элдор Ростовда ўйини ўхшамаётган вақтда уни Россиянинг бошқа жамоасига ижарага бермоқчи бўлишгани ҳақида гапирган: «Йиғинда шундай бўлдики, мен оддий тўпни тўхтата олмасдим, ҳатто яхши югуролмай қолдим. Кейин эса хатомни англаб, ўз устимда ишлай бошладим. Кўрдимки, буни мураббий ҳам сезди. «Краснодар»га қарши ўйиндан кейин мураббий менга ишона бошлаганини кўрдим. Мураббий сенга ишонса, ўйнаш ҳам осон бўлади.

Ҳа, мени Россия биринчи лигасида ўйновчи «Балтика» жамоасига ижарага бермоқчи бўлишди. Кейин «Арсенал» (Тула), «Тосно», «Уфа» вариантлари пайдо бўлди. Осиё кубогидаги ўйинлар эса менда ўзимга бўлган ишончни оширди. Ўша голли серия шундан кейин содир бўлди», деган Шомуродов.

Мавзуга оид