Жаҳон | 10:07 / 11.07.2021
16627
2 дақиқада ўқилади

Интернетда Ҳаити президенти рафиқасининг ҳужумдан кейинги илк баёноти пайдо бўлди

10 июлда Ҳаитининг марҳум президенти, 7 июлдаги ҳужум оқибатида ўлдирилган Жовенел Моизнинг рафиқаси Мартин Моизнинг Twitter-аккаунтида унинг ҳужумдан кейинги илк баёноти аудиоёзуви пайдо бўлди. Мартин Моиз ҳужум вақтида турмуш ўртоғи билан бирга бўлган ва оғир жароҳатлар олган. Ҳозирда у Майамида даволанмоқда. 

“Мен тирикман, бироқ эримни йўқотдим. Ёлланма қотиллар президентни ўлдирди, қолганлари эса унинг орзу ва қарашларини ўлдирмоқчи”, деб айтган Моизнинг беваси аудиоёзувда.

Мартин Моизнинг таъкидлашича, президентни ҳаитиликлар турмуш даражасини яхшилашга қаратилган бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда референдум ва сайловлар ўтказиш режалари учун ўлдиришди.

Бу орада кўплаб ҳаитиликлар Мартин Моизнинг аудиомурожаати ҳақиқийлигига шубҳа билдиришган.

Haitian Times нашрининг хабар беришича, аввал 47 ёшли аёлнинг овозини эшитганлар аудиоёзувдаги овоз унга тегишли эмаслигини таъкидлашмоқда.

“Йигитлар, нима учун бундай қилмоқдасиз? Бу Мартиннинг овози эмас. Сиз ёлғончилар тўдасисиз”, деб ёзган Twitter фойдаланувчиларидан бири.

Таъкидланишича, Мартин Моизнинг ижтимоий тармоқ саҳифаси унда аудиоёзув пайдо бўлиши олдидан ҳакерлар томонидан бузиб кирилган бўлиши мумкин.

Ҳозирча Ҳаити ҳукумати бу хабарларни инкор этмаган.

Жовенел Моиз 7 июлга ўтар кечаси ўз қароргоҳига уюштирилган ҳужум вақтида ўлдирилди. Унга суиқасдда 26 колумбиялик ва 2 америкалик қатнашган.

Ҳаити сенати 10 июлда мамлакатнинг вақтинча президенти этиб сенат спикери Жозеф Ламберни тайинлашга қарор қилди.

Мавзуга оид