Спорт | 16:38 / 12.07.2021
7878
7 дақиқада ўқилади

Армони ушалган Месси, улғайган Неймар, Перудаги итальян. Америка Кубогининг 7 қаҳрамони

11 июль санаси спорт дунёси учун жуда ҳам муҳим ҳамда тарихий кун бўлди. Шу куни Америка кубоги ва Евро-2020 финали ўтказилди. Дастлабкиси ашаддий мухлислар учун анча таъсирли кўриниш олди. Узоқ йиллар амалга оширган самарали меҳнатига қарамай, миллий жамоа билан бирорта титулга эриша олмаган Лео Месси Копа Америка финалида ғолиб бўлди.

Финал ҳуштаги чалингач, аргентиналик форвард кўз ёшларини тия олмади. Унга қўшилиб барча жамоадошлари, аргентиналиклар ва Мессининг жонкуяр мухлислари ҳам қувонч кўз ёшларини тўккан бўлса, ажабмас. Америка Кубоги юлдузлари, қаҳрамонлари жамоаларини олдинга бошлашди. Уларни алоҳида эътироф этишни лозим топдик.

Лионель Месси - 4та гол, 5та ассист

Умуман, барчаси Месси бу гал жамоасини чемпион қилиши томон бораётганди. Финалда Тите Каземиро ва яна бир ҳимоячини навбатчи сифатида Мессига боғлаб қўйди. Лео икки футболчининг доимий таъқиби остида у қадар эркин ҳаракат қила олмади. Бироқ ўйин якунланиши арафасида уни зарарсизлантиришни ҳам унутишди.

Қитъа биринчилигининг энг сермаҳсул футболчиси бўлган Месси активлар сони бўйича энг яқин таъқибчисини ҳам деярли икки баробарга ортда қолдирди. Аслини олганда, Мессининг қаҳрамонлиги голлар ёки ассистлар билан ўлчанадиган жиҳат эмас. У бу галги мусобақада ҳақиқий етакчи сифатида намоён бўлди. Колумбияга қарши пенальтилар сериясида сардор сифатида бутун жамоани руҳлантириб турди. Чили билан гуруҳ босқичи ўйинида жаримадан жуда чиройли гол урди. Уругвайнинг енгилишига сабабчи голга ҳаммуаллиф бўлди. Финалда жамоадошлари кўпроқ зоналарга эга бўлиши учун катта кўламдаги ишни бажарди. Копа Америкадаги ҳаракатлари орқали «Олтин тўп» учун асосий даъвогарлардан бирига айланиб олди. Еттинчи «Олтин тўп» - фантастика!

Неймар - 2та гол, 3та ассист

Неймар улғаймоқда. Ҳа, бу жараён аввалроқ амалга ошганида у Роналдиньо эришган даражага, ютуқларга эга бўлиши мумкин эди. Бироқ у ўзининг «эркалик»лари қурбони бўлди. Қайсидир маънода, у дунё юлдузига айланди ва шу билан тўхтади. Жароҳатлар унинг кўп вақтини олиб қўйгани рост. Лекин лазаретда бу қадар кўп қолиб кетишнинг сабаби машғулотларда тўлиқ ишламаслик ҳам бўлиши мумкин.

Келинг, у даврларни унутайлик. Бугун бразилиялик «раққос» анча масъулиятли, жамоаси учун қайғурадиган футболчига айланган. У якуний ҳуштак чалингунча қўлидан келган барчасини қилди. Лекин шу куни футбол Месси олдидаги қарзларини узишни мақсад қилган эди, чоғи.

Неймар янги мавсумда катта эҳтимол билан ўз фаолиятидаги энг самарали йиллардан бирини ўтказади. «ПСЖ» жиддий кучаймоқда. Энди улар Чемпионлар лигасини ютишни истамоқда. Рамос жамоага етишмаётган чемпионлик ҳарактерига эга футболчи. Неймар ўзида шакллантираётган етакчилик ва жамоавий совринларга очлик хислатлари билан бу йўлда парижликларга ёрдам бериши керак.

Эмилиано Мартинес - 4та «қуруқ ўйин»

«Арсенал» воз кечган кипер лондонликлар раҳбариятини уялтиришда давом этмоқда. Мавсум давомида «Астон Вилла» сафида жуда ишончли ҳаракат қилган ва энг кўп сейвни амалга оширган Эмилиано миллий жамоа асосий дарвозабонига айланиб олди. Кабальеро ва Ромеронинг ўйин амалиётига эга эмаслиги, Арманининг юқори даражага тортмаслиги сабабидан жуда кўп азият чеккан «альбиселеста» Мартинес билан узоқ йиллик дардига даво топди. Мусобақанинг энг яхши посбони деб топилган Эми янги мавсумни ҳам бирмингемликлар сафида бошлармикан?!

Жанлука Лападула - 3та гол, битта ассист

Италияда туғилган ва бутун умрини Апеннин яриморолида ўтказган Лападула Америка Кубогида онаси томондан мансуб бўлган Перу давлати учун иштирок этишга қарор қилди. 31 ёшли футболчи миллий жамоада тўп тепиш армон бўлиб қолмаслиги учун 2020 йилдан эътиборан перуликлар шарафини ҳимоя қилишга рози бўлди. Бу танлов ўзини тўлиқ оқламоқда. Америка Кубогида яримфиналгача етиб борган Перу таркибида «Беневенто» футболчиси росмана порлади. Италиянинг турли клубларидаги ҳаракатлари орқали бизга яхши таниш бўлган Жанлука ушбу мусобақада ўз даражасидан юқорироқ футбол намойиш этгандек.

Амалдаги финалчилар бу гал ҳам 2019 йилги натижа тасодиф эмаслигини исботлай олди. Яримфиналда «пентакампеонлар» уларни мағлуб этишга жуда қийналди. Учинчи ўрин учун беллашув ҳам Колумбия миллий жамоаси учун ўта оғир кечди.

Анхель Ди Мария - битта гол, битта ассист

Аргентинага муҳим ўйинларда гол жуда зарур бўлган пайтда Ди Мария катта саҳнага чиқади. Анхель де Паул узатган тўпга ўз вақтида очилиб борди ва дарвозабон устидан оҳиста ва аниқлик билан тўпни ташлаб қўйди.

Ди Мария – аргентиналиклар сафида узоқ йиллар Мессига ҳамдард бўлиб, титул ютишни кутиб яшаган футболчи эди. Финал қаҳрамонини турнир қаҳрамонлари қаторида эътироф этишга тўлиқ ҳақлимиз, назаримда. «Маракана»да Бразилияга гол уриш осон иш эмас, ахир.

Луиш Диас - 4та гол

Колумбия миллий жамоасининг плей-оффдаги қаҳрамони том маънодаги кашфиёт бўлди. «Порту» клуби футболчисини мана энди яқиндан таниб олдик. Энди Чемпионлар лигасида ҳам унинг ҳаракатларига жиддий эътибор қаратамиз. Аргентина дарвозасига гол уриб, ўйинни пенальтилар сериясига олиб ўтган ҳам айнан Диас эди. Учинчи ўрин учун курашда Перу дарвозасига дубль йўллаб, жамоасига бронза медалларни олиб берди. Месси билан бир хил миқдорда гол урганига қарамай, турнир тўпурари бўла олмади. Бироқ Америка Кубоги орқали у ўзини барчага танитиб олди.

Родриго де Паул - 1 гол, 1 ассист

«Удинезе» таркибида жорий мавсумда ўта самарали ҳаракат қилган Родриго А Серия мавсум якунида тузилган деярли барча рамзий жамоаларда марказни эгаллади. Дарҳақиқат, 27 ёшли футболчи яримҳимоя марказининг ғоят ишончли вакилига айланиб бормоқда. Америка Кубоги бошланмасидан аввал ҳам унга бир қатор гранд клублар жиддий қизиқиш билдираётганди. Энди бу қизиқишлар реал таклифга кўчса ажабмас.

Финалдаги гол учун амалга оширган узатмаси қанчалик маҳорат билан ижро этилганини кўрдик. Учрашув якунланиши арафасида Мессини ҳам ўта қулай имкониятга чиқариб юборди. Шунчаки, Лео дарвозабонни ҳам алдаб ўтишни мақсад қилиб, хатога йўл қўйди. Шунингдек, Гвидо Родригес ва Папу Гомес ҳам турнирни юқори савияда ўтказдилар.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Мавзуга оид