Москвада Қурбон ҳайити намози масжидларда ўқилмаслиги маълум қилинди
Москвада ҳайит намози фақат Жоме масжидида имомлар, муаззинлар ва муфтий ўринбосарлари иштирокида адо этилади.

Фото: Петр Ковалев/ТАСС
Пандемия сабабли Москвада Қурбон ҳайити намози онлайн ўқилади, шаҳар масжидлари намозхонлар учун ёпиқ бўлади, деб қарор чиқарди Россия мусулмонлари диний бошқармаси уламолар кенгаши.
«Москвада ҳайит намози фақат Жоме масжидида имомлар, муаззинлар ва муфтий ўринбосарлари иштирокида адо этилади. Бошқа масжидларда, шунингдек, мусулмонларнинг маҳаллий диний ташкилотларида ҳайит намози ўқиш тавсия қилинмайди. Барча мусулмонларга байрамни ўз уйларида, оила даврасида ўтказиш тавсия қилинади», — дейилади муфтият сайтида.
Қайд этилишича, ҳайит намози ўқилиши жараёни «Россия 1» телеканали орқали трансляция қилинади.
Хабарда айтилишича, мусулмонлар диний бошқармаси таркибига кирувчи мусулмонларнинг ҳудудий диний идоралари ҳайит намозини ўқиш тартибини жойларда эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда ўзлари ҳал қиладилар.
2021 йилда Қурбон ҳайити 20 июлда нишонланиши белгиланган.