Ўзбекистон | 22:44 / 13.07.2021
33146
5 дақиқада ўқилади

“Бу – “Ал-Азҳар”нинг ташаббуси” — ўзбекистонликлар Мисрда фақат тавсия асосида диний таълим олишига изоҳ берилди

Мисрдаги “Ал-Азҳар” университетида диний соҳада ўқимоқчи бўлган Ўзбекистон фуқаролари энди фақат Дин ишлари бўйича қўмита тавсияси асосида ўқишга қабул қилиниши – Миср тарафининг ташаббуси, деб маълум қилди қўмита раиси ўринбосари Дилшод Эшнаев 10 июл кунги матбуот анжуманида.

“Бу – биз томонимиздан кўтарилаётган масала эмас. “Ал-Азҳар” мажмуаси таклиф билан чиқди.

Шундай тартибни улар нафақат Ўзбекистон билан, балки бошқа давлатлар билан ҳам йўлга қўйишган экан. Масалан, Марказий Осиё давлатлари билан муайян давлат органи ёки ўша давлатдаги элчихона рухсати билан “Ал-Азҳар”га ўқишга қабул қилиш тартиби белгиланган. Бу масала “Ал-Азҳар” раҳбариятининг таклифи билан кўтарилди.

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси берган маълумотга кўра, жуда ҳам кўп вояга етмаган, мактаб ёшидаги болалар Мисрга бориб, турли шубҳали марказларда ўқиётгани аниқланган. Лекин улар бу давлатга бораётганда “Ал-Азҳар” комплексида ўқиши ҳақида ҳужжат берган.

Маълумки, “Ал-Азҳар”да ўқишга кириш учун муайян имтиҳон ҳам мавжуд эмас, қабул муддати ҳам чегараланмаган – йил давомида топшириш мумкин; қолаверса, давомат ҳам қатъий белгиланмаган. Ушбу эркинликлардан айрим фуқаролар – нафақат бизникилар, балки бошқа чет эт фуқаролари ҳам – Мисрда қолиш учун визани қонунийлаштириш воситаси сифатида фойдалана бошлаган.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, элчихонамиз суриштирганда Ўзбекистон бўйича фақат 40 нафар талаба “Ал-Азҳар”да расман ўқир экан. Қолган мингдан ошиқ фуқаролар номига “Ал-Азҳар”да ўқиш учун виза олган, аслида эса турли хил ўқув марказларида ўқийди.

Боя айтиб ўтганимиздек, турли хил ёт диний қарашлар ва бошқача талқин қилишларнинг олдини олиш мақсадида “Ал-Азҳар” мажмуаси ушбу тартибни жорий қилиш бўйича таклиф билан чиқди. Биз Ташқи ишлар вазирлиги орқали келиб тушган ушбу таклифни жорий қилдик.

Бир нарсани тўғри тушуниш керакки, бу – Дин ишлари бўйича қўмитанинг қандайдир чеклови эмас.

Жорий йил учун 15 июлгача ҳужжатларни юбориш белгиланди. Ҳозиргача 83 нафар фуқаро мурожаат қилган бўлса, уларнинг барчасига ижобий йўлланма хатлари берилади. Фуқаролар рўйхати “Ал-Азҳар”га ҳамда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасига тақдим қилинади. Бу визани ўрнатилган тартибда олиш учун хизмат қилади.

Бу ерда битта асосий чеклов қўйилди, яъни 18 ёшга тўлмаган фуқароларга рухсат берилмайди. Чунки Ўзбекистонда мажбурий умумий ўрта таълим олиш керак. 18 ёшга тўлганидан кейин ҳужжатларини топширади, бу асосида давлат ушбу фуқаролар Мисрда таълим олишига ҳеч қандай эътирози йўқлигини тасдиқлаб беради.

Бу каби тартиб фақат Миср эмас, Саудия Арабистони билан ҳам худди шундай келишувимиз бор. Ҳар йили Саудия университетларига қабул қилинган фуқароларимиз бўйича Олий таълим вазирлиги ва Дин ишлари бўйича қўмитага Ташқи ишлар вазирлиги орқали хат юборишади, унда ўзбекистонлик фуқаро ўқишга қабул қилинса, бунга эътироз бор-йўқлиги сўралади. Яъни бошқа мамлакатлар бўйича ҳам шу тизим бор”, – дея Дилшод Эшнаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойининг ўрталарида ижтимоий тармоқларда Мисрда таълим олаётган Ўзбекистон фуқаролари ва уларнинг фарзандларининг визаларини бекор қилиб, ортга қайтариш бошлангани ҳақида маълумотлар тарқалди.

Ушбу хабарлар тарқалиши фонида, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова бошчилигидаги делегация Мисрда сенатор Муҳаммад Аҳмад Абдусалом Ҳайбат билан учрашиб, у ерда таълим олаётган ўзбекистонлик ёшлар, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни диний экстремизм ва терроризмнинг салбий таъсиридан ҳимоялаш бўйича фикр алмашди.

Шунингдек, Алия Юнусова Қоҳирада истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари билан ҳам учрашган ва уларга болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ушбу соҳадаги қонунчилик бўйича тушунтиришлар берган.

Шундан сўнг, Дин ишлари бўйича қўмита 2021 ўқув йилидан бошлаб “Ал-Азҳар” мажмуасида таълим олиш юзасидан мурожаатлар қўмита ҳузурида ташкил этилган Ўзбекистон фуқароларининг хорижий диний таълим муассасаларида таълим олишига кўмаклашиш бўйича Маслаҳат кенгаши томонидан кўриб чиқилиши ҳамда ўқишга қабул қилиш қўмита тавсияси асосида амалга оширилишини эълон қилди.

Қўмита матбуот хизматига кўра, ушбу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 августдаги “Хорижий диний таълим муассасаларида таълим олиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 651-сонли қарори билан ўрнатилган.

Мавзуга оид