Жамият | 15:35 / 13.07.2021
1515
2 дақиқада ўқилади

Оҳангаронда қарийб 30 000 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари тўхтатиб қолинди

Оҳангарон туманида 265,7 миллион сўмлик қарийб 30 000 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари тўхтатиб қолинган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда давлат Божхона қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармалари томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Оҳангарон туманида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда, фуқаро Х.Р. бошқарувидаги EPICA машинаси кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 13 092 дона «Regapen», 15 078 дона «Perge» ва 394 дона «Тропикамид» номли умумий қиймати 265,7 миллион сўмлик кучли таъсир этувчи дорилар борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид