Ўзбекистон | 11:05 / 13.07.2021
15284
3 дақиқада ўқилади

Тошкентнинг 11 туманида коронавирус бўйича махсус поликлиникалар ташкил этилди

Тошкент шаҳрининг 11 туманида коронавирусга гумон қилинган шахслар ва инфекция тасдиқланган беморлар қабул қилинадиган махсус поликлиника ташкил этилди. Пойтахтдаги барча оилавий поликлиникалар ушбу поликлиникалар билан интеграция асосида фаолият юритади, коронавирус поликлиникаларига 3тадан тиббий бригада бириктирилган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

«Коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахслар ҳамда ушбу инфекция тасдиқланган беморларга бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш, зарур лаборатор ҳамда инструментал текширувлар ўтказиш, текширув натижаларидан келиб чиққан ҳолда уларга даво муолажаларини тавсия қилиш ва амбулатор даволашни йўлга қўйиш мақсадида пойтахтимизнинг 11та туманида 1тадан махсус поликлиникалар ташкил этилди.

Тиббий-санитария муассасалари ва хизмат кўрсатиш йўналиши яқин бўлган диспансерлар биносида фаолият бошлаган мазкур поликлиникалар аҳолига кун-у тун хизмат кўрсатиши белгиланган бўлиб, ҳар бир марказга 3тадан тиббий бригада бириктирилган ва улар таркибидан 2 нафар шифокор ҳамда 2 нафар ўрта тиббиёт ходими ўрин олган.
 
Шунингдек, беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида ушбу поликлиникалар рентген, кислород концентраторлари, пульсоксиметр, зарур дори-дармонлар, сарфлов материаллари, дезинфекцияловчи эритма ва реактивлар, шунингдек, махсус тиббиёт воситалари билан таъминланган.

Таъкидлаш лозимки, айни пайтда пойтахтдаги барча оилавий поликлиникалар ушбу поликлиникалар билан интеграция асосида фаолият юритаётган бўлиб, у ерга коронавирус инфекциясига гумондор ҳамда инфекция тасдиқланган шахслар оилавий поликлиникалар йўлланмаси ва «103» хизмати орқали ёки ўзлари мустақил равишда ҳам мурожаат қилишлари мумкин.

Агар тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилган фуқаронинг шикоятларига кўра, унда коронавирус касаллиги гумон қилинса, беморга ўзи яшайдиган тумандаги махсус поликлиникага бориш тавсия этилади. Бироқ унинг ҳолат ва имконияти бунга монелик қилса, беморнинг уй манзили ёзиб олинади ва у ҳақидаги маълумот махсус поликлиникага тақдим этилади. Сўнг, бемор махсус поликлиника учун ажратилган автотранспорт воситаси ёрдамида у ерга олиб келинади ва белгиланган стандартлар бўйича тиббий-санитария ёрдами кўрсатилади.

Махсус поликлиникага мурожаат қилган беморлар учун махсус карта юритилиб, унда фуқаронинг динамик ҳолати, текширув ва даволаш натижалари қайд этиб борилади.

Мурожаат қилганлар орасида COVID-19 инфекцияси тасдиқланмаган беморлар бўлса, улардан керакли таҳлиллар олинади ва тезкор равишда ҳудудий санитария хизмати лабораторияларига етказилади. Шу билан бирга, беморлар оғирлик даражасига кўра сараланиб, аҳволи енгил фуқароларга уйда даволанишлари учун зарур тавсиялар берилади. Бироқ агар беморнинг аҳволи оғир бўлса, у зудлик билан махсус шифохонага юборилади ва бу ҳақида фуқаро истиқомат қиладиган ҳудуддаги оилавий поликлиникага хабар қилинади.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, бугунги кунда пойтахтимиз аҳолисига янада қулайлик яратиш ва ҳар бир туманда коронавирус касаллигига қарши эмлаш ишларини самарали олиб бориш мақсадида махсус мобил автобуслар фаолияти ҳам йўлга қўйилган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид