Жамият | 20:18 / 14.07.2021
10705
5 дақиқада ўқилади

Андижонда ППХ ходими фуқаронинг қўлини синдиргани айтилди. Ҳолат прокуратура томонидан ўрганилмоқда

Андижон шаҳар депутати Жаҳонгир Жиянов ИИБ ходимлари фуқаронинг қўлини синдиргани ҳақида хабар берди. Бош прокуратура Андижон шаҳар прокуратураси терговга қадар текширув ўтказаётганини маълум қилди. ИИВ матбуот котиби эса фуқарога ИИБ ходимлари томонидан жароҳат етказилганини рад этди.

Андижон шаҳар прокуратураси Андижон шаҳар ИИБ Пост-патруль хизмати ходимлари томонидан фуқаро И.Шахабовга куч ишлатилгани ҳақидаги хабар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

Ҳодиса ҳақида халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутати Жаҳонгир Жиянов телеграм-каналида ёзган, хабарда Андижонда ППХ ходимлари “102”га қилган мурожаатидан сўнг бир фуқарога зўрлик ишлатиб, унинг қўлини синдиришгани, ҳодиса 13 июль куни содир бўлгани, шу куни соат 06:00да Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон шаҳар филиалида жабрланувчига тиббий ёрдам кўрсатилгани айтилади.

Жаҳонгир Жиянов айни пайтда фуқаро И.Ш.га тазйиқлар бўлаётгани, аризасини қайтариб олиши учун турли хил таклифлар билдирилаётганини таъкидлаб, Ўзбекистон Бош прокуратурасидан ушбу ишни назоратга олишини сўраган.

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Kun.uz сўровига жавобан рўй берган ҳолат юзасидан айни пайтда хизмат текшируви ўтказилаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, депутат Жаҳонгир Жияновнинг чиқиши юзасидан Андижон вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиш ўтказилган.

«Аниқланишича, 2021 йил 12 июль кунидан 13 июль кунига ўтар кечаси Андижон шаҳар Эски шаҳар ҳудудида тунги хизматга жалб қилинган сафдорлар Авазбек Ҳошимов ва Қамариддин Носиров тунги соат 00:40ларда “Шуҳрат-люкс” савдо дўкони олдида бемақсад ўтирган фуқаролар – И.Ш. ва унинг 3 нафар шериги билан тунги вақтда бемақсад кўчада юрмаслик, карантин қоидаларига риоя қилиш юзасидан профилактик суҳбат олиб борилган вақтда фуқаро И.Ш. ходимнинг қонуний талабига бўйсунмасдан, у билан ўзаро тортишиб, эътироз билдирган ва вилоят ИИБ навбатчилик қисмига қўнғироқ қилиб, ИИО ходимларининг ҳаракатларидан норозилигини маълум қилган.

Фуқаронинг мурожаатига асосан, ППХ ва ЖТСБ ППХБ 4-отряд командирининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари лейтенант С.Муҳаммедов ушбу жойга бориб, И.Ш. билан суҳбатлашган. Фуқаронинг шахсига ойдинлик киритгач, у ҳуқуқбузарлик содир этмаганлиги сабабли профилактик суҳбат ўтказиб, И.Ш. ва шерикларининг уйларига кетишларига рухсат берган.

Бироқ И.Ш. соат тахминан 03:30 ва 04:00ларда такроран вилоят ИИБ навбатчилик қисмига қўнғироқ қилиб, ИИО ходимлари устидан  шикоят қилган ва масъул раҳбар ходимнинг келишини талаб қилган. ППХБ командирининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник А.Юлдашев фуқаро И.Ш.нинг олдига – Эски шаҳар ҳудудига бориб, у билан кўришган. А.Юлдашев чақирувга асосан келгани, ходимларга нисбатан қандай эътирозлари борлигини сўраган вақтида И.Ш. мазкур ходимга ҳам носамимий муносабатда бўлиб, бақир-чақир қилган ва ўзини шубҳали тутиб, ҳодиса жойидан қочиб кетган.

Шундан сўнг фуқаронинг шахсини аниқлаш мақсадида И.Ш. ушлаб олиб келинган вақтда у масъул раҳбар-ходимга қилган ҳаракати нотўғри эканлигини тан олиб, кечирим сўраган. Подполковник А.Юлдашев ушбу ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказилиши, текширув давомида барча ҳолатларга ойдинлик киритилишини маълум қилиб, И.Ш.ни хизмат машинасида хонадонига олиб бориб қўйган.

И.Ш. уйига кириб кетгунигача баданида тан жароҳати борлиги ҳақида маълум қилмаган. Шунингдек, холис гувоҳларнинг берган кўрсатмалари ҳамда ҳодиса жойидан олинган видеотасвирларга кўра, ушбу фуқаро тан жароҳати олмаганлиги кўринган бўлса-да, эртаси куни И.Ш. вилоят шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига ИИО ходимлари тан жароҳати етказганлиги бўйича мурожаат этган.

Ҳозир мазкур ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади Андижон вилояти ИИБнинг Kun.uz’га тақдим этилган расмий муносабатида.

Вилоят ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, И.Ш. 2021 йил февраль ойида ҳам ИИО ходими қўл бармоқларини синдиргани ҳақида мурожаат қилган. Ҳолатни ўрганган прокуратура органларининг якуний қарорига кўра, ушбу мурожаат асоссиз деб топилган.

Мавзуга оид