Жаҳон | 21:57 / 14.07.2021
14370
5 дақиқада ўқилади

«Толибон» Покистон билан чегарадаги муҳим постни эгаллаганини айтмоқда. Постга оқ байроқ ўрнатилган

«Толибон» ҳаракати жангчилари Афғонистон ва Покистон чегарасидаги йирик назорат-ўтказув пунктида ўз байроқларини кўтаришди. Расмий Кобул эса ушбу пост назорати қўлдан кетгани ҳақидаги хабарларни инкор этмоқда.

Гап Қандаҳордан узоқ бўлмаган масофада жойлашган Спин-Болдак назорат-ўтказув пункти ҳақида кетмоқда. Ижтимоий тармоқларда ушбу пост устида оқ байроқ кўтарилгани ҳамда толиблар чегарачилар билан гаплашаётгани акс этган видеоролик тарқалди. Аммо BBC бу видео ҳақиқийлигини тасдиқлай олмаган.

Покистонлик амалдорлар ҳам ушбу пост толиблар қўлига ўтганини тасдиқлаган. Покистон томондаги одамлар ва журналистлар чегарадан ўтказилмаяпти. Ушбу мамлакат ҳукумати шошилинч йиғилиш чақирган.

Бошқа томондан, Афғонистон ИИВ вакили Тариқ Ариан «Франс пресс» агентлиги мухбири билан суҳбатда чегарада «қандайдир ҳаракатлар бўлгани», аммо афғон ҳарбийлари ҳужумни қайтаришганини маълум қилган.

«Толибон» вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид Қандаҳор вилоятидаги Веш қишлоғи ҳам ҳаракат назоратига ўтганини маълум қилган. Бу қишлоқ Спин-Болдак пости орқали ўтказиладиган юк машиналари хавфсизлигини таъминлайди.

BBC манбасининг айтишича, толиблар чегара постини жангсиз эгаллашга муваффақ бўлишган, аммо афғон ҳукумати бу пост устидан назоратни сақлаб қолаётганини айтмоқда. Кейинроқ толиблар Спин-Болдак округи маркази ва Қандаҳор вилояти полицияси штаб-квартираси ҳам эгалланганини маълум қилишди. Аммо бу маълумотларни ҳам мустақил манбалар орқали тасдиқлашнинг имкони йўқ.

BBC корреспонденти Лиз Дюсетнинг баҳолашича, Спин-Болдак назорат-ўтказув пункти толиблар қўлига ўтган бўлса, бу улар учун ҳам стратегик, ҳам рамзий нуқтайи назардан ютуқ ҳисобланади. Бу пункт орқали икки мамлакат ўртасидаги савдо маҳсулотларининг катта қисми ўтказилади, «Толибон» эса катта миқдорда бож тўловларини ўзиники қилиши мумкин. Спин-Болдак орқали ўтган йўл Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятини Покистондаги портлар билан боғлайди. Афғонистон тўғридан тўғри денгизга туташмаган.

Бундан ташқари, чегара устидан назорат ўрнатилиши «Толибон»га Покистонга тўғридан тўғри йўл очади, ҳаракат аъзолари кўп йиллардан буён Покистоннинг чегарага яқин ҳудудларида жойлашган.

Сўнгги ҳафта давомида «Толибон» жангчилари чегарадаги бир қанча пунктларни эгаллаб олишди, Эрон, Тожикистон ва Туркманистон билан чегара постлари шулар жумласидан. «Толибон» даромад кўра бошлади», дейди афғон савдо палатаси раиси Шафиқулло Отоий. Шу билан бирга, чегара пунктлари назорати орқали ҳаракат айнан қанча миқдорда пулга эга бўлаётганини аниқ айтиш имконсиз.

Афғонистондаги вазият
АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти қарорига кўра, 11 сентябргача америкалик ҳарбийлар Афғонистонни бутунлай тарк этиши керак. Байденнинг шу ҳақдаги баёнотидан кейиноқ толиблар бутун мамлакат бўйлаб юриш бошлашди.

Америкалик ҳарбийларнинг мамлакатдан олиб чиқилиши бўйича толиблар билан келишув 2020 йил февралида, Дональд Трамп маъмурияти даврида имзоланганди - бунинг эвазига улар Афғонистон ҳудудида бошқа экстремистик кучлар юзага келмаслигини таъминлаши керак.

Шу билан бирга, «Толибон» ҳукумат кучлари билан жангларни тўхтатишдан бош тортди ва сўнгги икки ҳафта мобайнида ҳужумлар кўлами янада кенгайди.

Душанба куни ҳаракат аъзолари Кобулдан жануби-ғарбда жойлашган Ғазни шаҳрини эгаллашгани ва унинг атрофидаги ҳудудларда жанглар кетаётгани хабар қилинганди.

Якшанба куни ҳукумат кучлари авиация кўмагида Тожикистон билан чегарадаги Тоҳар вилояти маркази - Толуқонда толибларга муваффақиятли ҳужумлар амалга оширганди.

Бир неча кун олдин толиблар Туркманистон билан чегарадаги Бодғис вилояти маркази Қалъаи Навга киришган, аммо ҳукумат ҳарбийлари уларни бу ердан ҳам сиқиб чиқаришган.

Толиблар ҳозирча мамлакатдаги бирор вилоятнинг маъмурий марказини қўлга киритишга эриша олмади. Шу билан бирга, БМТ маълумотларига кўра, июнь ойида улар мамлакат ҳудудининг 70 фоизгача бўлган қисмини назоратларига олишган, туманлар марказларининг 57 фоиз қисми уларнинг қўлида.

Ҳаракат вакили чоршанба куни Спин-Болдак ҳудуди эгаллаб олингач, «Толибон» Афғонистоннинг 80 фоиз ҳудудини назорат қила бошлаганини маълум қилди. Бу маълумотни расмий манбалар орқали тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид