Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2025 йилда Ўзбекистон транзит ташувлардан 600 млн доллар даромад кўриши мумкин
2025 йилга бориб, барча шарт-шароитлар муносиб келса, Ўзбекистон темир йўллари орқали 5,5 млн тонна транзит юкларини ташиш имкони пайдо бўлади. Бунинг ортидан мамлакат салкам 600 млн доллар даромад кўради.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ходимларидан ташкил топган экспертлар гуруҳи «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» конференцияси доирасида минтақа мамлакатлари темир йўл салоҳиятини таҳлил қилиб чиқди.
Бугунги кунда Европага Хитой юкларининг 93 фоизи, Ҳиндистондан етказиб бериладиган юкларнинг 96 фоизи ва аксинча денгиз йўллари орқали ташилади. Жануби-шарқий Осиёнинг икки ривожланаётган мамлакатлари: Ҳиндистон ва Покистоннинг ЕИ билан ўзаро ҳамкорлиги эса барқарор ўсиб бормоқда. Бу эса, транспорт ташувларининг муқобил йўллари: авиа, авто ва темир йўл орқали ташувларга талаб ортишини англатади. Ушбу мамлакатларнинг 2017 йилда Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлиши халқаро савдо айланмасини ривожлантиришга қаратилган ечимларни топишга ёрдам беради.
Шунга кўра, Осиёдан Европага ва аксинча юкларни етказиш борасида муқобил йўлларни қидириш долзарб вазифа ҳисобланади.
Маҳаллий экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилга бориб, Ҳиндистон ва Покистоннинг ЕИ давлатлари билан юк ташиш ҳажмининг атиги 3 фоизи амалдаги Ҳиндистон-Покистон-ЕИ денгиз йўлидан Мозори Шариф-Қобул-Пешавор темир йўли орқали ташишга йўналтирилса, 5,5 млн тоннани ташкил этади. Бу юкларнинг Ўзбекистон темир йўллари орқали транзит ташилиши натижасида республика 595 млн АҚШ доллари миқдорида даромад кўриш мумкин.
Экспертларга кўра, маҳаллий темир йўллар рақобатбардошлигини ошириш ва транзит юкларини муқобил йўллардан Ўзбекистон йўлларига йўналтириш учун Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон ва Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон йўналишлари бўйлаб Қошғардан Андижонгача, мавжуд халқаро автомобил йўли орқали ҳамда Пешавордан Ғалаба постигача темир йўли орқали юк ташишларни йўлга қўйиш орқали транзити тўловларини ундиришни тезроқ ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.