Жамият | 13:22 / 15.07.2021
42238
2 дақиқада ўқилади

«5 ёшлисини ерга қўйдик, энди 7 ёшли набирамни қидиряпмиз» — Косонсойда сел оқизган мурғаклар

13 июл куни Наманган вилоятининг Косонсой туманида ёмғир ва дўл ёғиши ортидан келган кучли сел табиат қўйнига дам олишга чиққан одамларни оқизиб кетди.

ФВВ маълумотига кўра, шу куни 8 кишининг жасади топилган, яна 6 киши табиий офатдан жабрланган. Жами 24 киши жароҳатланиб, касалхоналарга мурожаат қилган.

Вафот этганлар орасида Рустамбой Раҳмоновнинг яқинлари ҳам бор. Офат етказган талафот етмаганидек, Рустамбой аканинг 7 ёшли набираси ҳанузгача топилмаяпти.

ФВВ, ИИБ ҳамда Миллий гвардия ходимлари ҳамда кўнгиллилар болакайни қидиришмоқда.

Рустамбой аканинг дам олишга чиққан қариндош уруғидан 8 киши вафот этган. 5 ёшли набирасини тупроққа қўйибоқ, 7 ёшли набирасини қидиришга қайтган. Сой бўйига суратга тушиш учун тушган мурғакларнинг бу охирги марта ёруғ дунёни кўриб турганликлари хаёлларига ҳам келмагандир.

Сел оқимида қолиб кетган жабрланувчиларни қутқаришга шайланган Муҳаммаджон Сайидмўйдинов табиий офат қаршисида инсонлар қай ҳолга тушиб қолганини сўзлаб берди.

Унинг сўзларига кўра, сойнинг ўртасида аёллар ва қизлар анча вақт совуқ сувда қолиб кетишган. ФВВ ходимлари ҳаракатланишигача қараб ўтирмай, Муҳаммаджон сойга ўзи тушиб борган. ФВВ ходимлари билан бирга жабрланувчиларни сойдан олиб чиққан.

Шу ҳудудда мироб бўлиб ишловчи Абдулфаттоҳ Мираҳмедов бу каби селлар бир неча йилда бир кузатилиб туриши, маҳаллий аҳоли ёғингарчилик пайтида сойга яқин келмасликни яхши билишини таъкидлади.

«85-86 йилларда ҳам кучли дўл ёғган. Катта сел келган. Кечаги ҳолат эса бошқача бўлди. Очиқ ҳаво эди. Меҳмонга келганлар сел келишига беэътибор бўлиб қолишган бўлса керак», — дейди мироб.

Ҳа, табиий офат қаршисида инсон ожиз бўлиб қолади. Шунинг учун табиат қўйнига чиққанда об-ҳаво инжиқликларига беэътибор бўлмасдан, хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш керак бўлади.

Айни пайтда маҳаллий расмийлар жабрланганларга кўмакларини кўрсатишмоқда. Kun.uz яқинларини йўқотганларга таъзия изҳор қилади ва сабр тилайди.

Тоҳиржон Турсунов, Kun.uz мухбири.
Оператор ва монтаж устаси: Боймирза Халилов

Мавзуга оид